Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коррупцияга қарши иншолар: танлов қизғин паллага кирди

Коррупцияга қарши иншолар: танлов қизғин паллага кирди

Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган «Биз коррупцияга қаршимиз» мегатанлови доирасида ўтказилаётган «Коррупция — тараққиёт кушандаси» умуммиллий иншолар танлови қизғин палласига кирди.

Иншолар танлови бошқа номинациялардан фарқли равишда онлайн тарзда ўтказилмаяпти. Яъни, иштирокчилар иншоларни ўзлари қўлда ёзиб, шахсан ҳайъатга топширишлари керак.

Иншолар танловининг 20 октябрь куни якунланган 1-босқичида бутун республика бўйлаб 20 мингдан ортиқ ижодий ишлар топширилди. Улар ҳар бир туман адлия бўлимлари қошида ташкил этилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди, 30 октябргача ғолиблар эълон қилинди ва 1000 нафар иштирокчига иккинчи босқичда қатнашиш учун йўлланма берилди.

Бугун, 15 ноябрь куни ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган 2-босқич ҳам якунланади ва иншоларни баҳолаш жараёни бошланади.

Иштирокчилар маълум бинога белгиланган вақтда тўпланиб, «Коррупция ва жамият» мавзусида иншолар ёздилар.

Кузатувчилар иштирокчиларнинг мавзуни ёритишга жиддий киришганлари, тарихий ва халқаро тажрибани ҳамда замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда чуқур таҳлилий иншолар ёзишга ҳаракат қилаётганларини таъкидламоқдалар.

Албатта, иккинчи босқичда ғалаба қозониш мураккаброқ кечиши аниқ. Яна бир неча кундан сўнг кимлар республика босқичига ўтгани ва ғалаба сайин яна бир қадам яқинлашгани аён бўлади.

Эслатиб ўтамиз, иншолар танлови уч босқичда, икки йўналишда (ўқувчилар ва талабалар) бўлиб ўтади. Учинчи босқич республика даражасида ўтказилади ва унда ҳар бир вилоятдан ҳар йўналишдан 3 нафардан ғолиб иштирок этиши мумкин.

Танлов якунлари Конституция куни ҳамда Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида эълон қилинади.

Иншолар танлови ғолибларига ҳар бир йўналиш бўйича биттадан «Samsung Galaxy S9» смартфони ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар топширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг