Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган: Сергелидаги поликлиникада бирорта бемор йўқ

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган: Сергелидаги поликлиникада бирорта бемор йўқ

Фото: «Mt.uz»

«Албатта, мақола сарловҳасини ўқиган одамнинг хаёлига биринчи навбатда «касалхона бўлиб, бемор бўлмаслиги мумкин эмас, шароити яхши эмасдир ёки шифокорлар талабга жавоб бермас», — деган жавоб келади. Ёки кимлардир «касалхона узоқдадир, «йўл азоби»ни тортишга тўғри келар», — деган жавобни ҳам ўйлагандир. Эшитишимизча, касалхона шароити яхши, шифокорлари ҳам тажрибали. Муассаса эса шундоқ маҳалланинг марказида жойлашган, йўллари яқинда таъмирланган экан. Унда касаллар келмаслигининг сабаби нимада?», деб ёзади «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби Равшан Маҳмудов.

Мақолада айтилишича, муаллиф ҳам бу саволга жавоб тополмай Сергели туманидаги поликлиникага йўл олган. У поликлиника дарвозасидан кириши билан «анвойи гулларнинг ҳиди димоғига урилган». Ичкаридаги тор йўлаклардан юриб, беморларни қабул қилиш хоналарига бир-бир кўз ташласаки, ҳақиқатан ҳам хоналарда шифокорлар бекор ўтирибди — кимдир китоб мутолааси билан банд, кимнингдир қулоғида «сотка», хуллас, шифокорларнинг қиладиган иши йўқ!..

«Ҳайрон бўлманг, — деб жавоб берибди унга поликлиника бош шифокори Дилбар Тўраева. — Бош шифокор ўринбосари, халқ депутатлари Сергели туман кенгаши депутати Рустам ака Умаровнинг ғояси ва ташаббуси билан бир ойдан буён поликлиникамизга келаётган беморларнинг қадами яхши маънода узилди. Хабарингиз бор, Президентимиз деярли барча учрашувларда раҳбар ходимларни, қолаверса, халқ вакили ҳисобланган депутатларни уйма-уй юриб, одамларнинг дардини эшитишга ва оилавий шарт-шароити билан яқиндан танишиб, муаммоларини иложи борича шу ернинг ўзида ҳал қилишга даъват қилиб келмоқдалар. Яъни, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили асосида бугун ҳудудларда амалий ишлар қилинмоқда. Биз ҳам шундан келиб чиқиб, шифокорларнинг сайёр гуруҳини туздик. Поликлиникамизнинг кардиолог, гинеколог, терапевт, лаборант ва бошқа малакали мутахассисларидан иборат гуруҳ ҳамда УЗИ, ЭКГ аппаратлари билан жиҳозланган «03» машинаси билан бир ойдан буён сайёр гуруҳи уйма-уй юрибди. Сайёр қабул эрталаб соат 7-00дан 10-00гача, кечки пайт соат 18-00да 20-00 гача, яъни фуқаролар уйларида бўладиган пайтда амалга оширилади. Чунки зарурат юзасидан қайсидир қариянинг шифохонага чиқишга куч-қуввати етмайди, кимдир бунга ҳафсала қилмайди ёки вақт тополмайди. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга жиддий касали бор шахсларга бошқа касалхоналарда даволанишлари учун «ордер» берамиз, айримларга санаторийларга йўлланма олиб бериш масаласида ёрдамлашамиз».

Бош шифокор ўринбосари, депутат Рустам Умаров бу хайрли ишлар ҳақида шундай дебди: «Бемори бор хонадонга бош шифокорнинг шахсан ўзи кириб бориши, албатта, «бош шифокорнинг ўзи келибди-я» дея хаста инсоннинг руҳи кўтарилишига, бирпасга бўлса-да дардини унутишга ёрдам берди. Биз маҳалла харитасини ишлаб чиққанмиз. Харитада оғир хасталикка чалинган беморлар, фахрийлар, қариялар, болалар ва хомиладор аёллар истиқомат қилаётган хонадонлар киртилган ва шу асосида уйма-уй юрамиз. Беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бир ҳафта, ўн кунлик муолажа ёзиб берамиз. Ҳудудий ҳамшираларимиз эса ҳар кунлик муолажаларни қилиб боради. Муолажа тугаганидан сўнг эса сайёр гуруҳ яна ушбу хонадонга боради ва беморнинг кейинги ҳолатини текширди. Лозим топилса яна муолажани давом эттирамиз. Албатта, қайси хонадонга бормайлик бемор билан оиланинг бошқа аъзоларини ҳам кўрикдан ўтказамиз. Одамлар бизларни поликлиникада эмас, ўзининг уйида кутишга ўрганяпти ва албатта, белгиланган вақтда биз бирма-бир хонадонларга кириб борамиз. Натижада кўриб турганингиздек, поликлиникага келаётган беморлар сони кескин камайди».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг