Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Логотипи «Boeing»дан ўғирланган ташкилот эсингиздами? Танқидимиздан сўнг камчиликлар тузатилди!

Логотипи «Boeing»дан ўғирланган ташкилот эсингиздами? Танқидимиздан сўнг камчиликлар тузатилди!

Фото: «Xabar.uz»

Бундан қарийб бир ой муқаддам порталимизда «Сайти ишламаётган, логотипи «Boeing»дан ўғирланган ташкилотни биласизми? У Ўзбекистонда!» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг сайти ишламаётгани, сайт янгиланиш жараёнида бўлиб, бироқ унинг айнан қачон ишга тушиши ҳақида хабар берилмагани, шу билан бирга ташкилот расмий белгиси, яъни логотип дунёга машҳур «Boeing» компаниясининг рамзидан очиқчасига ўғирлангани танқид қилинган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди 10 йилдан кўпроқ вақт давомида амалда бўлган ўғирланган логотипни бекор қилиб, янгиси учун республикада фаолият олиб борувчи дизайнерлар ўртасида танлов эълон қилган ва ғолибга 3 млн. сўм миқдорида мукофот берилишини билдирган эди. Бизга маълум қилинишича, танлов ниҳоясига етган ва қуйидаги логотип ташкилот рамзи сифатида қабул қилинган:

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг янги логотипи.
Фото: «Xabar.uz»

Бундан ташқари, фонднинг анча вақтдан бери ишламаётган расмий веб-сайти ҳам ишга туширилибди. Янгиланган сайтда фонд, унинг тарихи, раҳбарият, ходимлар ҳақидаги маълумотлар, фонд фаолиятига оид хабарлар, тадбирларнинг тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Қолаверса, сайтда фонддан молиявий ёрдам олиш тартиби ва шартлари хусусида ҳам атрофлича ахборот берилган.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий сайтидан скриншот.

Шунингдек, сайтда виртуал қабулхона ташкил этилган бўлиб, бу орқали фонд директорига тўғридан-тўғридан мурожаат қилиш, ариза, шикоят ва таклифларни йўллаш мумкин. Яна сайтда «Feedback», яъни «Қайта алоқа» функцияси ҳам бўлиб, бунинг ёрдамида ташкилотга тезкорлик билан боғланиш имконияти яратилган.

Албатта, сайт айрим камчиликлардан холи эмас. Аммо биз учун муҳими ОАВда эълон қилинган танқид тўғри қабул қилиниб, тўғри хулоса чиқарилганидир. «Xabar.uz»га маълум қилишларича, бу ишларнинг ортида фондга яқинда тайинланган янги директор турибди. Танқидни тўғри қабул қила оладиган, унинг келажак меваси эканини англаб етган, ОАВ билан ҳамкорликдан қочмайдиган ана шундай раҳбарлар кўпаяверсин, деб қоламиз.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий сайтидан скриншот.

Дарвоқе, бундан буён «Xabar.uz» Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади. Порталимизда эълон қилинадиган хабар ва мақолаларимиз автоматик равишда фонднинг расмий сайтига ҳам йўналтирилади. Ҳамкорлигимиз фақатгина бу билан чегараланмайди. Олдинда биргаликда бир қанча лойиҳаларга қўл уриш арафасидамизки, улар ўқувчиларимизга манзур бўлишига ишонамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг