Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лотереядан 50 млн. сўм ютган фуқаро нега пулини ололмаётганига изоҳ берилди

Лотереядан 50 млн. сўм ютган фуқаро нега пулини ололмаётганига изоҳ берилди

Ижтимой тармоқлар ва бир қатор сайтларда жиззахлик фуқаро З.Абдуҳалилова 2019 йил июль ойида Халқ банкининг «Имкон» лаҳзали, пул ютуқли лотереясидан 50 млн. сўм ютиб олгани, лекин ҳалигача ютуқни ололмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Халқ банки томонидан ушбу ҳолат ўрганиб чиқилди. Банк ахборот хизмати ўрганиш натижаларини «Xabar»га маълум қилди:

2019 йил июль ойида фуқаро З.Абдуҳалилова харид қилган «Имкон» лаҳзали, пул ютуқли лотереяси (2-разряд) билети ютуқли эканлиги аниқланди. Бироқ, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида «Имкон» лотереясини ўтказиш Шартларида қатъий белгиланган қоидани бузган ҳолда «Очилмасин» деган ҳимоя қатламини ҳам ўчириб юборган.

Лотереялар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар талаблари билан белгиланган қоидаларга асосан, ўйин ташкилотчиси томонидан ютуқларни тўлаш жараёнида ютуқли билетларни экспертизадан ўтказиш ва билетнинг ҳақиқийлигини аниқлаш, шунингдек, билетни қалбакилаштиришнинг олдини олиш мақсадида, лотерея билетлари камида 6 та ҳимоя даражасига эга бўлиши лозим.

«Имкон» лотереясида «Очилмасин» ёзуви қайд этилган ҳимоя қатламининг ўйин билетида жойлаштирилишидан мақсад ҳам шулардан биридир. Лотереяни ўтказиш Шартларида, лотерея билетининг махсус ҳимоя қатлами ёки билет шикастланган ҳолатларда ўйин шартлари бузилган, деб баҳоланиши ва ютуқ тўланмаслиги белгиланган. Бу қоидалар эса, жаҳон амалиётида кўпгина ўйин ташкилотчилари томонидан ҳам кенг қўлланилади.

Лотерея билетининг олд томонидаги махсус ҳимоя қатлами устида «Очилмасин» сўзи ёзилиб, билетнинг орқа томонида ҳам ўйинни ўтказиш Шартларидан қисқа шарҳ келтирилган ва айнан, «Очилмасин» ҳимоя қатламига шикаст етган ютуқли лотерея билетлари тўловга яроқсиз ҳисобланиши ва ютуқлар тўланмаслиги қайд этилган.

Амалдаги тартиб бўйича ушбу ҳолатда Халқ банки томонидан лотерея билети тўловга яроқсиз деб топилган.

Лотереяни ўтказиш қоидалари юзасидан банк ходимлари томонидан фуқарога тушунтириш берилган, З.Абдуҳалилова ўз қўли билан эҳтиётсизлик қилгани ҳақида тушунтириш хати ҳам ёзиб берган.

Бироқ, бугунги кунда лотерея иштирокчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, юқорида келтирилгани каби тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Халқ банки томонидан «Имкон» лаҳзали, пул ютуқли лотереясини ўтказиш Шартларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Лотереяга оид ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилганидан сўнг, фуқаро З.Абдуҳалилованинг мурожаати қайта кўриб чиқилиши ва у ўз ютуғини олиши мумкин бўлади.

Зеро, Халқ банки ўзининг ҳар бир мижозини қадрлайди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори.

Шу ўринда, лотерея иштирокчиларидан ўйин шартларига тўлиқ амал қилишларини ҳам яна бир бор сўраб қоламиз. Шунда юқоридаги эътирозли ҳолатларга ўрин қолмайди, дейилади банк ахборот хизмати хабарида.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг