Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Тўрахўжаева

Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил (Жалолиддин Румий)

Мажбурий меҳнат тугади, ўқитувчи энди озодми?

Мажбурий меҳнат тугади, ўқитувчи энди озодми?

Фото: «Xabar.uz»

Диана Еникееванинг ўлими, Президентнинг Сайхунободдаги нутқи, Бош вазирнинг мажбурий меҳнат масаласига бағишланган селектор йиғилиши, вазирларнинг иқрорлари... Сўнгги бир ой ичида таълим тизими, хусусан, ўқитувчилар муаммолари яна долзарб масала сифатида кун тартибидан ўрин олди (замонавий атама билан айтганда, трендга чиқди).

Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор: ижобий томони – муаммолар айтиляпти, ҳал қилиняпти. Салбий томони эса ҳаммаси айтилмаяпти, демак, охиригача ҳал бўлмаяпти. Ўқитувчиларнинг малакаси, обрўси, дарс сифати, таълим даражасини ошириш каби мавзуларда сўз борар экан, ҳар нарсани ўз номи билан аташ ва борича санаш керак, бўлмаса, биз иллатнинг ўзи эмас, оқибатлари билан курашиб, вақтни бесамар ўтказаверамиз.

Бугун ўқитувчининг муаммоси фақат мажбурий меҳнат эмас. Уни йўққа чиқариб, таълим тизимини катта балодан халос этдик, энди ҳаммаси яхши бўлади, дея ўзимизни овутиб кетаверишимиз ёмон, жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Вақтида атрофлича таҳлил қилиб, ташхисларни қўйиб, комплекс чоралар кўриш, ўқитувчини дарсдан чалғитувчи, обрўсига путур етказувчи, алалоқибат, таълим тизимига зарар берувчи иллатларнинг барига қарши ёппасига курашиш даври келди.

Хўш, ўқитувчини дарсдан, болалардан нима «ўғирлаб» олиб қўйяпти? Нималар уни малакасизлантиряпти, обрўсизлантиряпти, касбидан кўнглини совитяпти?

  • Мажбурий меҳнат. Бу борада кўп нарса ойдинлашди. Демак, таълим ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бор экан, бу тан олинди ва унга қарши кураш бошланди. Самараларини кутамиз. Бироқ бир ёзу бир қишни кўрмагунча, бу масала ҳал бўлди дейишга эрта.
  • Қоғозбозлик. Сананг: синф журнали, синф раҳбари папкаси, синф раҳбари журнали, синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари, ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати, ота-она билан ишлаш дафтари, дарс конспекти, йиллик режа, педагогик соат, дарс таҳлили, фанга оид кўргазмалар, паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режаси ва дафтари... у ёғига сабрим чидамади.

Ҳайрон қоламан, биз XXI асрда яшаяпмизми ё ўрта асрларда? Ҳар томондан инновациялар инқилоби кузатилаётган бир даврда шунча қоғозни ким тўлдиради? Ўқитувчи-да, албатта, дейсиз. Ишонамиз. Аммо ким шунча қоғозни ўқиб чиқади? Ҳеч ким. Шунчаки қоғозбозлик. Электрон маълумотлар банкини яратиш, аудио ва видеотизимлар ўрнатиш каби инновацион технологияларни жорий этиш орқали шу қоғозларни 90 фоизгача қисқартириш мумкин-ку. Жуда бўлмаса, ёрдамчи ўқитувчи иш ўрнини яратиш керакмикан, агар шунча қоғозни тўлдириш чиндан ҳам жуда зарур бўлса.

Нима бўлганда ҳам, иш қилишдан кўра қилинган/қилинмаган иш ҳақида ёзишга кўпроқ вақт ва куч кетиши — бемаънилик. Буни ҳамма айтяпти, ёзяпти, аммо ислоҳ этилмаяпти, лойиҳа тайёрланмаяпти, инвестициялар қидирилмаяпти, хуллас, муаммони бартараф этиш йўлида зарур чоралар кўрилмаяпти.

  • Жамоатчилик ишлари. Уйма-уй юриб маълумотлар йиғиш, турли оммавий тадбирларда «фон бўлиб туриш», ҳар хил танловлар, семинарлар ва бошқа ҳисобот учун қилинадиган ишларда мажбуран иштирок этиш, турли қонун ва қарорлар ижросини маҳаллама-маҳалла юриб текшириб, ҳисобот тайёрлаш...

Экин, пахта мавсумларидаги ташвишларни-ку, айтмай қўяқолайлик. Буларни ўқитувчи қачон қилади? Дарсдан ва қоғозбозликдан бўшаган вақтидами? Тадбирлар қачон ўқитувчининг вақтию имкониятига қараб ташкил этилган? Албатта, бари ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва дарсга тайёрланиши учун зарур вақт ҳисобидан бўлади.

  • Ортиқча масъулият. Ижтимоий тармоқдан: «10 йилча олдин аям мактабда ишларди. Бир бола оилавий можаро сабабли ўзини осиб қўйган (дарсдан ташқари вақтда, ўз уйида). Комиссия мактабни ағдар-тўнтар қилиб раҳбариятга нима деган, биласизларми? «Ҳар бир ўқувчи қачон ўзини ўлдириши мумкинлигини бугун кўзига қараб туриб аниқлай олмасаларинг, мактабда ишлашга ҳаққингиз йўқ» деган».

Ўтган йили учинчи синфда ўқийдиган ўғлим мактабидан компьютерда ёзилган тилхат олиб келди, қўл қўйиб беришим керак экан. Мазмуни: боламни ёзги таътил вақтида очиқ сув ҳавзаларига юбормайман, масжидга чиқармайман, назоратсиз қолдирмайман, боламга ўзим жавобгарман... Бу қандай мантиқсизлик, деб ўйлайсиз аввал. Фарзандимга доим ўзим жавобгарман-ку, нега бу қоғозга қўл қўйишим керак? Бу тилхат на мен, на болам ва на таълим учун муҳим. Аммо шу бир парчагина қоғоз — ўқитувчи учун катта қалқон. Агар сатрлар остидан ўқий олсангиз, ўқитувчининг катта дардини кўрасиз.

Сурияга кетиб қолган оила, жангариларга қўшилиб кетган ёки вояга етмай туғиб қўйган коллеж ўқувчилари, оилавий келишмовчиликлар учун ўзини осган ўсмир... бари учун ўқитувчи жавобгар. Тасаввур қилинг, иш вақти тугаб, қоғозбозлик ва жамоатчилик ишларидан ҳам қутулиб, ўз фарзандларига ҳам кучи қолмай, эндигина оёғини ҳолсиз узатиб ўтирган ўқитувчига зудлик билан ички ишлар бўлимига етиб кел, дейилади: ўқувчиси ўғрилик қилибди.

Ваҳоланки, ўқувчи мактабдан чиққач, қачон, қаерга кетганини ўқитувчи била олмайди, бунинг имкони йўқ. 30 ўқувчининг туну кун қаерда эканини қандай билиши мумкин? Кейин мактаб, аввало, таълим масканими ё тарбия? Албатта, таълимни тарбиядан айириш мумкин эмас. Лекин ўқитувчи бунинг учун ҳар дарсининг камида 15 дақиқасини тарбия соатига айлантириши, хулқида муаммоси бор ўқувчи учун участка нозири ҳузурида ва ИИБда сарғайиши, тунлари юрак ҳовучлаб чиқиши керакми? Мактабда ҳамма нарса, жумладан, тарбия ҳам таълим орқали берилиши лозим эмасми?

Ўқитувчи адабиёт дарсида асарни яхши таҳлил қилиб берса, математика машғулотида болани предметга қизиқтира олса, кимё ўқитишда оламнинг таркиби, физика дарсида дунёнинг тузилиши ҳақида фикрлашга ундашни эпласа, болани тарбиялагани шу эмасми? Мактабда оқни қорадан фарқлаш ўргатилади, лекин оқними ё қорани танлашни ўргатиш оилада бўлади, бу, аввало, ота-онанинг масъулияти-ку. Ҳозир боланинг тарбиясини буздинг, унга яхши баҳо қўймай босим ўтказдинг, деб ота-она бемалол ўқитувчининг ёқасидан олиши мумкин.

Буниси ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди. Бир пайтлар муаллимлар ўзларининг обрў-эътибори, эл орасидаги ҳурмати туфайли ибрат намунаси ўлароқ тарбияга хизмат қилган бўлса, энди тарбияга бевосита масъул одамларга айланиб қолдилар. Мактаб сифатли таълим бериши керак, вассалом! Ўқитувчидан боланинг умумий руҳияти, хулқи учун масъулликни олиб ташлаш лозим (масъулият бир-бирига ирғитиладиган тўп эмас, ҳақиқий эгасининг зиммасида турадиган юкдир!). Майли, ўқитувчи тавсия берувчи, ишора қилувчи бўлсин, аммо жавобгар эмас.

  • Молиявий аҳвол. Ўқитувчининг молиявий шароити анча кўтарилди, чин дилдан ишласа, устамалар ва мукофотлар билан яхшигина пул олади. Лекин мактабларнинг моддий-техник аҳволи яхшиланмас экан, ўқитувчи фаолиятига бу ҳол бевосита таъсир қилаверади. Ўқувчиларидан ҳали обунага, ҳали мактабу синф жамғармаларига, синфларни таъмирлашдан тортиб оддий оқ қоғозгача пул сўрайверадиган ўқитувчининг обрўси қолмайди. Буни яхши англаган муаллимлар кўпинча синф учун харажатларни ўз ёнларидан қиладилар.
  • Малака етишмаслиги. Афсуски, ўқитувчиларнинг малакаси ҳам тизимнинг муаммоларидан бири. Уларни билимсиз, деб бўлмайди. Лекин қоғозбозлик, ортиқча юмушлар ва керагидан ортиқ масъулият уларга ўз устида ишлаш, малакасини ошириш учун имкон қолдирмаётгани сир эмас. Зиёли шахс кунига камида 50 бет китоб ўқиши керак, бу унинг руҳий-маънавий эҳтиёжидир. 50 бет китоб ўқиш учун 2 соат бўш вақти борми ўқитувчининг? Китоб ўқимаса, малакасини қаердан оширади? «Малака ошириш курслари» муаммонинг ечими эмас, ўқитувчи ҳар куни малакасини ошириб бориши лозим.
  • Ижтимоий сусткашлик ва бефарқлик. Устозлар куни муносабати билан телевидениеда кўрсатув суратга олинди. Асосан, ўқитувчилар ва таълим тизимидаги муаммолар кўтарилди. Мен ҳам блогер сифатида таклиф этилдим. Кўп гаплар айтилди ва айтилмади. Айтилмаганларини кейин ижтимоий тармоқда ёздик. Лекин ўша кўрсатувдан ғалати, нохуш таассурот билан қайтдим. Очиғи, ўқитувчилардан норози бўлдим. Ҳаммасидан эмас, ток-шоуга келганларидан.

Журналист-блогерлар «ўқитувчининг аҳволи ва мавқеи ачинарли», деб уларнинг муаммоларини кўтариб чиқишса, устозлар «йўқ, ҳаммаси жойида… биз ундай-бундай ишларни қилдик, дарсдан сўнг болаларнинг уйига бориш, керак бўлса, ухлаётган жойидан уйғотиб келиш бизнинг бурчимиз… фидойиликдан роҳатланамиз» мазмунидаги гаплар қилишди. Эҳ, бирортаси бирон муаммосини айтмади… ҳеч бўлмаса, ота-онадан нолиса-чи?

Ўқитувчилар, майли, сиз шундай ишлашга рози экансиз, ишлайверинг. Лекин ўйлаб кўринг, нега болалар репетиторсиз ўқишга киролмайди? Нега ўқитувчиларни ҳокимлар калтаклаяпти? Нега норасидаларга дўқ ураётган асабий ҳамкасбларингиз видеолари ижтимоий тармоқда тобора кўпайиб кетяпти? Асабларингиз... инсоний ғурурингиз… болаларимизнинг руҳий хотиржамлиги… билими… умрининг энг ўрганадиган даврини фидо қилиш эвазига кўрсатаётган фидойилигингиз кимга керак? Фидойилик профессионализмдан устун қўйилса, ёмон экан. Ўқитувчилар ҳатто минбар берилганда ҳам ўз муаммоларини айта олишмади. Қўрқишди. Биз уларни тушундик.

Аммо ўша куни студияда: «Биз ватанпарварлигимиз ва фидойилигимиз сабаб ўз хоҳишимиз билан ихтиёрий тарзда жамоатчилик юмушларини бажарамиз», деган ўқитувчилар бугун ёшгина ҳамкасбларининг ўлимидан виждонлари қийналмаяптими? Бола йиғламаса, она сут бермайди. Муаллимларнинг муаммоларини улардан яхшироқ ҳеч ким билмайди. Бугун ўқитувчиларнинг ўзлари ўзларига ёрдам беришлари керак. Бунинг учун, аввало, нотўғри ишлар ҳақида бонг уриш, касбий вазифаларига тааллуқли бўлмаган турли «оғзаки буйруқлар» ҳақида юқори ташкилотларга шикоят қилиш, жисмоний тазйиққа учраганларида, ҳеч бўлмаса, ОАВга, блогерларга чиқиш мумкинлигини билсалар, шу имкониятлардан фойдалансалар, аввало, ўзлари ва ҳамкасблари, қолаверса, бутун таълим тизими ва ватан равнақи йўлида катта иш қилган бўлар эдилар. Зеро, муаммолар ҳал бўлиши улар борлигини тан олган ва бонг урган  нуқтамиздан бошланади.


«Ma’rifat» газетасидан олинди

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг