Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Малика»да нима гап?

«Малика»да нима гап?

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳридаги маиший техника воситалари савдосига ихтисослашган «Малика» савдо мажмуасида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси  томонидан ташкил этилган назорат тадбири бўйича интернет сайтларида ва ижтимоий тармоқларда кўплаб турли талқиндаги фикрлар тарқалмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди.

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни «Малика» савдо мажмуасида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида 13 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган ва республикамизга яширин йўллар орқали олиб кирилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз маиший техника савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланган.

Ушбу фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, сифат сертификатига эга бўлмаган товарлар савдоси ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, давлат бюджети олдида мажбуриятларни бажармай, умуман солиқларни тўламаган.

Назорат тадбири давомида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати қарийб 308 млн. сўмлик 66 та маиший техника воситаси, 7,8 мингта уяли алоқа ва аксессуарлар Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси»нинг 176-моддасига асосан масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилди.

Давлат солиқ қўмитаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларнинг савдо билан шуғулланиши учун ҳеч қандай тўсқинликка йўл қўйилмаслигини маълум қилади.

Давлат солиқ қўмитаси — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори, дейилади ДСҚ расмий сайтидаги хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг