Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Малика»даги дўконларнинг 80 фоизи ёпилгани ростми? Давлат солиқ қўмитаси ойдинлик киритди

«Малика»даги дўконларнинг 80 фоизи ёпилгани ростми? Давлат солиқ қўмитаси ойдинлик киритди

Фото:«Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуасида жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган назорат тадбири тафсилотлари турлича талқин қилинмоқда.

Хусусан, «тадбиркорларнинг 80 фоиз дўконлари ёпиб қўйилди», «энди бундан буён текшир-текшир бошланди» ёки «товарлар ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан олиб қўйилди ва эртага қайтарилмайди» каби мазмундаги фикр-мулоҳазалар билдирилганди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Малика» савдо мажмуасида мавжуд жами 205 та савдо дўкондан 2018 йил 15 ноябрь куни уларнинг 80 фоиздан ортиғи, яъни барча ҳужжатларга эга, қонуний йўл билан ишлаётган савдо дўконлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттирмоқда.

Солиқ органлари эса тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган жисмоний шахсларга ўз бизнесини тўғри йўлга қўйишлари учун ёрдам бермоқда. Жорий йилнинг биргина сентябрь-октябрь ойларида 22 нафар шахснинг тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишига кўмаклашилган.

Айнан «Малика» савдо мажмуасидаги назорат тадбирида 205 та дўкондан 13 тасида тадбиркорлик гувоҳномаси бўлмаган шахслар савдо билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Уларга тегишли бўлган ҳеч қандай ҳужжат ва сифат сертификатисиз, умумий қиймати қарийб 308 млн. сўмлик маиший техника воситалари, уяли алоқа телефонлари ва аксессуарлар масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилди.

Назорат тадбири давомида ҳужжатсиз сотилаётган товарларни вақтинча олиш юзасидан барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Жумладан, товарни олиш далолатномаси (унда аниқ рўйхат келтирилган), унинг нусхаси ҳуқуқбузарга тақдим этилган.

Савдодан олинган товарлар сақлаш учун махсус дўконларга топширилиб, уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича аниқ масъул шахсларга жавобгарлик юклатилди. Ушбу ҳуқуқбузарлар камчиликларни бартараф этса, яъни 1 ойлик муддат давомида ўз фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйса, улар учун ҳеч қандай жарималар қўлланилмаган ҳолда, олиб қўйилган товарлари қайтариб берилиши суд орқали ҳал этилади. Бу борада тегишли ишлар бошлаб юборилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг