Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мантиқсиз мантиқ

Мантиқсиз мантиқ

Кунда дуч келадиган мантиқсизликларга шу қадар ўрганиб кетганмизки, асти қўяверасиз.  Келинг, баъзиларига тўхталамиз...

Ўзбек миллати қадим-қадимдан олиму фузаролари, буюк саркардалари,  меҳмондўстлиги ва одоб-ахлоқи билан ном қозонган. Юртимизга келган сайёҳлар нақшинкор дўппи-ю адрас, атласлардан олиб ясаниб олишлари бежиз эмас. Ғарбнинг тарғибот машинаси миясини заҳарлаган айрим ёшларимиз эса оммавий маданият таъсирида йиртиқ-ямоқ кийимларга, очиқ-сочиқ кийинишга ўч.  

Мана, ҳар куни уйдан ишга ёки бошқа юмушлар билан кўчага чиққанимизда мактабга, коллежга ва олий ўқув юртларига кетаётган қизларнинг бир ҳаракати мантиқсизликка мисол бўлмоқда. Бир эсланг,  кийган калта юбкасини пастга тортиб қўйишини канда қилмайдиган қизларни кўп кўрамизу тушунарсиз мантиқдан энсамиз қотиб кулиб ҳам қўямиз.

Яна бир қизиқ қарашлар ривожланиб бормоқда, яъни замонавий йигит-қизлар шундай бўлиш керак экан. Афсуски, шу фикрни билдирганлар орасида фан доктори ҳам бор. Шуни айтса керак «олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» деб...

Шу кунларда тўй маросимларини ихчамлаштириш борасида кўп ва хўп гаплар айтилмоқда. Ўзи азалдан қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилишга устамиз. Болалигида шундай тўйлар ҳақида эртак эшитмаган бола бўлмаса керак. «Эшитдингми, фалончининг тўйи бундоқ ўтди, дастурхонга етмиш хил неъмат тортилди, келган артисти мунча долларга олиб келинибди. Тўймисан тўй бўлди-да. Пистончининг тўйидан ҳам зўр бўлди. Кеча Эшмат бу тўйни кўриб, бу нима бўпти, эрта-индин бўладиган тўйимиз йиллаб одамларнинг оғзида юради ҳали деди» деган гап-сўзларни ҳар куни эшитишимиз рост. Хўп, тўй зўр бўлибди, ҳамма бўккунича еб, ўйин-кулги қилибди. Хўш, бу тўй эгаларига нима беради? Жўяли жавоб йўқ.

Ўзбекистоннинг тўй индустриясига сарфлаётган пулига нечта уй, нечта завод-фабрика, неча километр йўл қуриш мумкинлигини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.

Абдуқодир Мўминов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг