Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мардлик, бурч ва садоқат. Зубаржад қонли урушдан умр йўлдошини топиб қайтади

Мардлик, бурч ва садоқат. Зубаржад қонли урушдан умр йўлдошини топиб қайтади

Фото: «Xabar.uz»

Иккинчи жаҳон урушида аёллар ҳам эркаклар билан елкама-елка мардонавор жанг қилишган. Минглаб хотин-қизлар жангоҳларда жасорат кўрсатиб, бошқаларга ибрат бўлишган. Ана шундай мард аёллардан бири жиззахлик алоқачи Зубаржад Бектагирова бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Зубаржад опа 1922 йили дунёга келган. Унинг болалик йиллари Самарқанд шаҳрида ўтган бўлса, кейинчалик унинг оиласи Жиззахга кўчиб келади.

1941 йили мактабни тамомлаган Зубаржадни  ҳарбий алоқачи радистлар тайёрлайдиган мактабга юборишди. Бу ердаги таҳсилдан сўнг Туркманистонга қисқа тайёргарлик машғулотларига жўнатилди.

Сўнгра фронт... жангу жадал... ҳар қадамда ўлим билан юзма-юз келишдек юракни ларза солувчи, ҳар бир лаҳзаси асрларга тенг дамларни бошидан ўтказди у.

Зубаржад «Калинин» ва «2-Украина» фронтида ҳарбий алоқачи бўлиб хизмат қилди. Руминия, Чехословакия, Венгрия, Австрияни фашистлардан озод қилишда қатнашди. Ўша оғир дамларда Дмитрий Сичкаренко билан танишди. Юлдузлари-юлдузларига мос келди. Икки ёш турмуш қуришди.

Урушнинг уни учди. 1947 йили ҳарбий алоқачи Зубаржад турмуш ўртоғи Дмитрий билан Жиззахга қайтди. Аввал собиқ «Киров» хўжалигда алоқачи бўлиб ишлади. Сўнгра Жиззах шаҳар радио тармоғида турмуш ўртоғи билан биргаликда узоқ йиллар алоқачи оператор вазифасида меҳнат қилишди. Ҳалол меҳнат уларни элу юртга танитди. Улар уч нафар фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшишди.

Бугун Зубаржад она 97 ёшни қарши олмоқда. Ҳали ҳам тетик, кўзлари ўткир, сўзлари кексаларга хос мулойим. Унинг кўксини қатор ордену нишонлар безаб турибди. Онахон истиқомат қилаётган Жиззах шаҳар Ҳамид Олимжон маҳалласидаги 8-уйга уни йўқлаб узоқ-яқинлардан шогирдлари, ҳамкасблари тез-тез келишади. 

Зубаржад Бектагирова юртимиздаги оламшул ўзгаришлардан қувониб, тинчлигимизга, фаровонлигимизга кўз тегмасин, дея шукроналикда умр кечирмоқда.

Норқул Маъмур, «Xabar»нинг Жиззах вилоятидаги мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг