Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машҳурлар машҳур бўлгунча...

Машҳурлар машҳур бўлгунча...

Инсоннинг ташқи кўринишига қараб хулоса чиқариш унчалик ҳам тўғри иш эмас. Бугунги қаҳрамонларимиз буни исботлашга ҳаракат қилишади. Илм-фан соҳасидаги натижалари улар ҳақидаги шу кунгача бўлган тасаввурларингизни ўзгартириб юбориши аниқ. Улар ҳақиқатан ҳам биз ўйлагандан анча ақлли экан.

Шакил Онил

Баскетбол ўйнашни мактаб давридаёқ бошлаган Шакил коллежга келгач мазкур спорт тури билан профессионал тарзда шуғуллана бошлайди. Натижада ўқиш иккинчи даражали бўлиб қолади. Аммо у ўқишни ташлаб қўймади, ҳатто 2012 йилда «Ходимларни корпоратив ўқитиш ва бошқариш» мавзусида илмий иш қилиб, фан доктори даражасини олди.

Силвестр Сталлоне

Биз билган Силвестр Сталлоне нафақат яккакурашлар устаси ва актёр, балки режиссёр, сценарийнавис ва продюсер ҳам ҳисобланади. У одатда ўз фильмларини ипидан-игнасигача ўзи тайёрлайди.

Брайан Мэй

Британиялик рок-мусиқачи Брайан Мэй кўпроқ «Queen» гуруҳининг гитарачиси сифатида танилган ва ушбу гуруҳнинг кўпгина хит қўшиқларининг муаллифи ҳисобланади. Шу билан бирга, у астрофизик олим ҳамдир. Брайан «Queen»нинг муваффақиятларига қадар илмий даража олиш мақсадида астрономия соҳасида иккита илмий қўлланма чоп эттирган.

Дэвид Духовни

Бўлажак «агент Малдер» театр ва актёрлик билан жиддий шуғуллангунга қадар Йел университетида инглиз адабиёти магистри даражасини олган, докторлик диссертациясини ёқламоқчи бўлган.

 Роуэн Аткинсон

Албатта кулгили ва тентакнамо Мистер Бин экрандаги образдан бошқа нарса эмас. Бироқ Роуэн Аткинсоннинг кўринишига қараб, у дипломли муҳандис – электротехника магистри эканлигига ишониш қийин. У бу даражага Ньюкасл университетида эришган.

 Кен Жонг

Кўнглига келадиганини қиладиган миллионер образи билан кўпчиликка танилган америкалик актёр Кен Жонг 1995 йилда Шимолий Королина тиббиёт университетини тамомлаган. Ўқишдан кейин ҳатто терапевт сифатида бир муддат фаолият юритган.

Синди Кроуфорд

Америкалик модел, актриса ва MTV бошловчиси мактабни тамомлаб, юқори баллар билан Шимоли-ғарбий университетга ўқишга кириб, академик стипендияга сазовор бўлади. Бироқ биринчи чоракдан сўнг ўқишни ташлаб, моделликка шўнғиб кетади.

Долф Лундгрен

Унинг баҳайбат кўриниши ҳечам ақлли одамни эслатмайди. Аммо Долф Лундгрен Сидней университетида кимё машинасозлиги соҳасида магистр даражасини олган. Шунингдек, у Массачусетс технология институтининг Фулбрайт дастури бўйича стипендиати бўлган.

Натали Портман

Бўлажак актриса 1998 йили мактабдаги тадқиқотлари сабаб «Intel» компанияси ташкил этган илмий танловда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Якунда ярим финалгача етиб борган Портман имтиҳонларга тайёрланишга шунчалик берилиб кетадики, ҳатто «Юлдузлар жанги. 1-эпизод» филмининг премерасини ўтказиб юборади.

2003 йилнинг июнида Натали Ҳарвардни битириб, психология соҳасида бакалавр даражасини қўлга киритди. «Коллеждаги ўқиш менинг карьерамга таъсир қилишидан хавотирланмайман. Киноюлдуз бўлишдан маълумотли одам бўлган яхшироқ», – деган эди интервьюларидан бирида Портман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг