Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Масъулиятдан қочган мактаб директори ишчи гуруҳдан ҳам қочди

Масъулиятдан қочган мактаб директори ишчи гуруҳдан ҳам қочди

Фото: «Xabar.uz»

Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи шу кунларда Бўз туманида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Туманда аниқланган айрим ҳолатларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Жумладан, «Чорвадор» МФЙ Ёшлик кўчаси 161-уйда яшовчи Марғуба Назарова 1977 йил 16 апрелда Бўз туманида туғилган. Шаҳрихон туманида яшовчи Ботиржон Раҳмонович Назаров билан 1998 йил 23 апрелда турмуш қурган. Уларнинг никоҳи Бўз туман ФҲДЁда 29-(I-AN, №0265636) рақам билан қайд этилган. Орадан бир йил ўтиб Марғуба Назарова турмуш ўртоғи билан ажрашади. Ўртада фарзанд йўқ эди. 2001 йилда у Хайрулла Усмоновга турмушга чиқади. Бироқ оила шаръий никоҳ асосида қурилди. Ҳозир уларнинг уч фарзанди — Нурилла, Беҳрўз, Бекзод Тўхтасиновлар бор. Аммо...

Фото: «Xabar.uz»

6-ишчи гуруҳ вакиллари хонадонга бориб муаммолар билан қизиқди. Марғуба Назарова турмуш ўртоғи билан ўртасида ҳалигача никоҳ гувоҳномаси йўқлигини билдирди. Шу билан бирга 12 ёшли Беҳрўз мактабга чиқа олмаётгани, 7 ёшли Бекзод эса 1-синфга чиқа олмаганидан ёзғирди.

Аниқланишича, Беҳрўз ва Бекзод Тўхтасиновларнинг ҳалигача туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси мавжуд эмас. Онаизор бир неча марта мактаб маъмуриятига мурожаат қилган бўлса-да, уларни ўқишга қабул қилишмаган. Болаларга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг берилмаганига сабаб қилиб Марғуба Назарованинг, орадан салкам 20 йил ўтиб кетган бўлса-да, биринчи турмушидан қонунан ажрашмагани кўрсатилган.

Никоҳни қайд этиш учун эса аввал эри билан суд орқали ажрашиши керак. Ҳозир биринчи эр яшаш жойидан топилмагани сабабли қидирилмоқда.

Лоқайдликнинг жабрини эса бола кўрмоқда. Марғубанинг ҳозирги турмуш ўртоғи устачилик билан машғул бўлиб, ҳозир Тошкентда мавсумий иш билан банд.

Республикадан вакиллар келгач Беҳрўз Тўхтасиновни мактабга шошилинч жойлаштириш чоралари кўрилди. Туман халқ таълими бўлими вакили, руҳшунос, 11-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси иштирокида бола синовдан ўтказилди. Ўқиш, ёзиш, мулоқот ва сўзлаш малакаси тенгқурларидан анча ортда қолгани сабабли у 4-синфга эмас, 3-синфга қабул қилинди.

Фото: «Xabar.uz»

– Ўқишни яхши кўраман, лекин китобим йўқ, — дейди Беҳрўз Тўхтасинов атрофга жовдираб. – Ўқишни уйда онам озроқ ўргатган. Минггача санашни биламан. Болалар мактабга кетаётганини кўриб ҳавасим келарди. Катта бўлсам ҳарбий бўламан.

Шу маҳалладаги 175-уйда истиқомат қилувчи Шарифа Тошматова 1976 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманида туғилган. 1997 йилда бўзлик Улуғбек Раззоқовга турмуш чиқади. Аммо қонуний никоҳдан ўтмаган, шаръий никоҳ асосида яшаб келмоқда. Ўрталарида учта фарзанд бор. 1998 йилда туғилган Шоирахон Тўхтасинованинг, 2002 йилда туғилган Муҳаммадқодир Тўхтасиновнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бор.

– Катта фарзандларимнинг ҳужжатларини қайнонам тўғрилаб берган эди. 2003 йилда у киши қазо қилгач, мен бу ишларга қийналиб қолдим. Ишчи гуруҳи келганида 2006 йилда туғилган Муҳаммадюсуфнинг гувоҳномаси йўқлигини айтдим, — дейди Шарифа Тошматова. — Чунки 2005 йилда паспортим йўқолиб қолган эди. Қўрқиб паспорт столига бормадим. Ҳеч кимга айтмай юравердим. Негаки никоҳ қоғозимиз йўқ эди. Депорт қилишлари мумкин эди. Қирғизистонга ҳам бора олмадим. Натижада болам 7 ёшга киргач, мактабга бера олмадим. Мактаб директори Жаҳонгир Муллабоевга мурожаат қилсам, «метрка»си бўлмаса, уни мактабга қабул қила олмайман деб ҳайдаб юборди. Ишчи гуруҳ уйимизга кириб келгач, шу муаммоларни тушунтирдим. Бир кун ичида ФҲДЁ бўлими Муҳаммадюсуфимга туғилганлик гувоҳномасини берди. Ўзимнинг паспортимни олиш бўйича эса паспорт бўлими ҳужжат берди. Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига борадиган бўлдим. У ерда икки ойлик сертификат беришаркан. Қирғизистонга бориб, паспортимни тиклаб келаман. Сўнг Ўзбекистон фуқаролигига ҳужжат топширар эканман. Қизимга эса паспорт олдик. Уни турмушга узатишим керак. Шароитимиз оғир, газ плита ва газ баллонларим бор-йўқлигини ҳам сўрашди. Бу муаммони ҳам ҳал қилиб беришни ваъда қилишди...

Аслида Шарифа ота-онаси ажрашиб кетганида уч-тўрт ойлик гўдак эди. Бувиси қўлида тарбия топди. Отаси уйланиб кетган, онаси бошқа турмуш қилган. Бувиси бир неча йил муқаддам қазо қилганида ҳам таъзиясига бора олмаган эди. У турмуш ўртоғи билан узоқроқ қариндош бўлади. Ўртада муҳаббат туфайли Андижонга келин бўлиб тушган. Отаси уни унутган, онаси эса онда-сонда ҳолидан хабар олиб турган. Ўтган йили пост очилгач, икки холаси келиб аҳволидан хабар олиб кетган. Оила бошлиғи Улуғбек Раззоқов чўпонлик қилади.

Фото: «Xabar.uz»

11-мактабга борганимизда ҳар икки бола дарсга биринчи марта келиши бўлса-да, синфга анча мослашиб олганига гувоҳ бўлдик. Улардаги ўқишга иштиёқ, қизиқиш юз-кўзидан кўриниб турар эди.      

– Болаларнинг биринчи кундаги ўзлаштириши ёмон эмас, — дея ёзув дафтарини очиб кўрсатади бизга мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Муҳтарам Болтабоева. – Бир ой давомида синаймиз, агар яхши ўзлаштиришса ўз тенгдошлари гуруҳига навбатдан ташқари ўтказилади. Бироқ улар энди синфдошларига етиб олишлари учун ўз устида қаттиқ ишлашига тўғри келади. Болаларни дарсдан ташқари қўшимча соатларга ҳам жалб қиламиз. 

Минг афсуски, ўрганиш чоғида 11-мактаб директори Жаҳонгир Муллабоев жуфтакни ростлаб қолди. Ундан интервью олишнинг имкони бўлмади.

– Назаровлар оиласи маҳаллада доимий рўйхатда турмайди. Шароити яхши бўлмагани сабабли байрамларда доимий йўқлаб турамиз. Ҳужжатлар масаласида ёрдам қилайлик деб кўп айтганмиз. Аммо лоқайдлиги туфайли ҳеч натижа чиқмаган, — дейди «Чорвадор» МФЙ раиси Илҳомжон Пўлатов ўзи қилиши керак бўлган ишларни қилмаганини оқлаб. – Раззоқовлар оиласи бўйича гапирсам, бир йилдан буён маҳаллада муқим яшамоқда. Илгари Шаҳрихонда истиқомат қилишган. Қишда Улуғнорга кўчиб кетишади, ёзда Тошкент вилояти яйловларига мол боққани кетишади. Инсон ўз фарзанди тақдири учун ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак эмасми? Бола тарбияси учун аввало ота-она масъул-ку.

Мактаб директори мажбурий таълимга жалб қилиш чорасини кўрмагани етмагандай, оила-маҳалла-мактаб тамойили нега Бўзда ишламаяпти? Туман васийлик кенгаши раҳбари – ҳоким, унинг ўринбосари – халқ таълими бўлими раҳбари ва бошқа аъзолари қаерга қараган?  

Сектор раҳбари — туман ҳокими нега шу вақтгача мазкур муаммо билан бирор марта ҳам қизиқмаган? Нима учун Тошкентдан ишчи гуруҳ келиб уйма-уй юради-ю, туман мутасаддилари бу ишга вақт топа олмайди? Масъулиятсизлик қачонгача давом этади? 22 йилдан буён вилоятда яшаётган инсонлар тақдири ўйинчоқми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг