Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Матбуот котиблари ва газета муҳаррирлари учун ташкил этилган лойиҳа якунланди

Матбуот котиблари ва газета муҳаррирлари учун ташкил этилган лойиҳа якунланди

Фото: «Xabar.uz»

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган «Давлат дастурларининг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари» лойиҳаси доирасида республика анжумани, медиа-тур, семинар-тренинглар бугун ниҳоясига етди. Лойиҳада вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда ҳудудий босма ОАВ таҳририятлари бош муҳаррирлари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.

Бугун «Пойтахт» бизнес-марказининг анжуманлар залида лойиҳа доирасидаги сўнгги семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бўлим бошлиғи Лазиз Бўронов, ЎзДЖТУ доценти Наргис Қосимова ҳамда блогер-журналистлар лойиҳа иштирокчиларининг билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган муҳим маърузалар билан чиқиш қилди.

Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев лойиҳа иштирокчиларини қутлар экан, агентлик ташкилотларнинг матбуот котиблари ва ҳудудларда фаолият кўрсатаётган журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёр эканини алоҳида қайд этди.

— Агентлик оммавий ахборот воситаларини жазолайдиган эмас, балки уларга ёрдам берадиган ташкилотдир, — деди Лазиз Тангриев. — Шу боис барча масалада биз билан ҳамкорлик қилиш, кўмак сўраб мурожаат қилишингиз мумкин. Бугунги ислоҳотлар жараёнида журналистлар турли муаммоларни ёритиш орқали ҳукуматга ёрдам бериши керак.

Семинар-тренингда ижтимоий тармоқларда ишлаш ва ахборот тарқатиш этикаси, ОАВда мультимедиа инструментларидан фойдаланиш, ижтимоий тармоқлардаги ахборотларнинг жамоатчиликка таъсири каби мавзуларда кўтарилган масалалар кенг муҳокама этилди, турлича муносабат билдирилди.

Сўз лойиҳа иштирокчиларига.

Маъруф Ғозиев, «Шаҳрихон» газетаси бош муҳаррири:

Фото: «Xabar.uz»

— Лойиҳа барча иштирокчилар учун фойдали бўлди. Ҳозир ҳаммамизнинг кўнглимиздан ўтаётган гап шу: тезроқ ишхонамизга қайтсагу, семинарларда олган билимларимизни амалда қўлласак. Чунки сўнгги уч кунда фаолиятимиздаги камчиликлар ўзимизга яққол кўринди, ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп эканига амин бўлдик.

Раҳимахон Расулова, «Норин овози» газетаси бош муҳаррири:

Фото: «Xabar.uz»

— Тадбир пухта ташкил этилган. Айниқса, сенатор ва депутатлар билан учрашув кўпчилик учун фойдали бўлди. Бу каби тадбирлар бугунги давр журналистлари учун жуда зарур деб ўйлайман. Чунки барча ОАВ бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад — ватан тараққиёти учун меҳнат қилса, жамиятимизга ҳам, унинг аъзоларига ҳам ҳар томонлама маъқул бўлиши аниқ.

Чаржаў Елмуратов, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот котиби:

Фото: «Xabar.uz»

— Мазкур семинарда замонавий ахборот коммуникация ва технологияларидан самарали фойдаланиш нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини англаб етдим. Очиғи, барчамиз ҳам веб-сайт ёки ижтимоий тармоқлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатларини чуқур билмаймиз. Лойиҳа ана шу жиҳатдан фаолиятимизда янги саҳифа очади деб ўйлайман. Энг муҳими — ўрганган билимларимизни амалиётга жорий этишимиз керак.

Салоҳиддин Норқобилов, Сурхондарё вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи:

Фото: «Xabar.uz»

— Лойиҳа доирасида давлат дастурларида кўзда тутилган мақсад-вазифаларни ҳудудларда кенг тарғиб этиш, уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда назорат қилишда журналистларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлдик.

Бу борада айнан қайси жиҳатларга эътибор беришимиз кераклигини англаб етдик. Барча ҳамкасбларимиз учун ушбу лойиҳа фойдали бўлди деб ўйлайман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг