Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Микрокредитбанк»нинг Қўқон филиали мансабдорлари маккорликда шайтонга ҳам дарс беришган

«Микрокредитбанк»нинг Қўқон филиали мансабдорлари маккорликда шайтонга ҳам дарс беришган

Фото: «Centre1.com»

Фарғонада нашр қилинадиган «Адолат йўли» газетасининг 2018 йил 19 май 19-сонида «Микрокредитбанк» Қўқон филиали мансабдорларининг қилмишлари ҳақида сўз боради. Уни тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.


Ўтган йиллар мобайнида барча соҳалар қатори мамлакатимиз банк тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» тамойили асосида мижоз ва банк ўртасидаги муносабатлар, яъни хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланди. Энг асосийси, фуқароларимизнинг банкларга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.

Аммо айрим банк филиалларида мижозлар манфаати оёқости қилиниб, юқоридаги тамойилнинг акси кузатилмоқда.

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг Қўқон филиали мансабдорлари томонидан 2015 — 2016-йиллар мобайнида содир этилган жиноятлар ҳам шулар жумласидандир. Албатта, мазкур жиноий гуруҳга филиалнинг собиқ бошқарувчиси Жабборали Усмонов етакчилик қилган.

Дастлаб жиноий гуруҳ фуқаро Муқаддас Умаровани чув туширган. Гап шундаки, Муқаддас Умарова 2015 йил 23 январь куни 20,5 миллион сўм, 2015 йил 15 апрель куни 68,2 миллион сўм, 2015 йил 15 июль куни эса 3 миллион сўм, жами 91,7 миллион сўм маблағини банкнинг «Паҳлавон» омонат турига қўйган. Лекин Жабборали Усмонов, филиал бош ҳисобчисининг ўринбосари-мижозлар билан ишлаш шўъбаси мудири Шодиёр Раҳматалиев, касса мудири Наргиза Гавасқулова ҳамда филиалнинг нақд пул муомаласи ва пластик карталар билан ишлаш бўлими бошлиғи Зоҳид Содиқовлар бу маблағларни электрон дастур орқали кирим қилишмаган. Аксинча, омонатчининг 70 миллион сўм пулини 13 марта сохта чиқим ордерлари орқали олиб, жиғилдонларига уришган.

Яна бир қўқонлик ҳамюртимиз Д.Абдужалилова ҳам 2015 йил октябрь ойида омонатга пул қўяётганда яхшигина даромад олишни мўлжаллаганди. Ўшанда Наргиза Гавасқулова Жабборалининг топшириғига асосан Д.Абдужалилованинг 17 миллион сўм пулини омонатга қабул қилиб олганди. Бироқ у ушбу маблағни тегишли тартибда қайд этмаган. Ўз навбатида Шодиёр Раҳматалиев аёлнинг номига омонат ҳисоб рақами очгану, бироқ юқоридаги пулни ўша ҳисоб рақамга ўтказмаган. Оқибатда иштаҳаси очилиб кетган банкирлар ана шу пулни ўртада тақсимлаб, ҳазм қилиб юборишган. Орадан 4 ой ўтиб – 2016 йил февраль ойида омонатчи пулларини талаб қилганда эса унга бор-йўғи 3 миллион сўм пул беришган холос. Қолаверса, ўз қилмишларини хаспўшлаш мақсадида Д.Абдужалиловага «Нуроний» омонат турига 17 миллион сўм маблағ топширганини тасдиқловчи омонат дафтарчасини расмийлаштириб беришган. Аммо Д.Абдужалилова кейинчалик яна омонат фоизларини олиш учун мурожаат этганда турли баҳоналарни рўкач қилиб, қолган 14 миллион сўмни қайтаришмаган.

Шундан сўнг жиноий гуруҳ янада каттароқ бойлик орттиришга киришган. Яъни улар Жабборали Усмоновнинг кўрсатмаси ва топшириғига биноан фуқаро А.Қодировнинг 446 миллион сўм, Ш.Йўлчиевнинг 116 миллион сўм, И.Имомалиевнинг 100 миллион сўм, М.Абдуллаевнинг 92 миллион сўм, С.Абдуллаеванинг 75 миллион сўм, М.Эргашеванинг 61 миллион сўм, жами 53 нафар фуқаронинг 1 миллиард 736 миллион 356 минг сўм миқдоридаги омонат пулларини электрон дастур ва кассага кирим қилмай, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш йўли билан ҳамда ўзаро тақсимлаб талон-торож қилишган.

Қўқон шаҳридаги «Temur tekstil servis» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асқаржон Собиров ҳам Жабборали Усмоновнинг ўзбошимчалигидан азият чеккан тадбиркорлардан биридир. Аниқланишича, Жабборали Усмонов 2015 йил 19 июнда акаси Х.Усмонов номида бўлган «Дадабоев Усмонали кўрки» фермер хўжалигига «Кобальт» русумли автомашина сотиб олиш учун 47 360 000 сўм миқдорида кредит ажратиш ҳақида шартнома расмийлаштиради. Яъни, шартномага ҳам акасининг номидан ўзи имзо чекиб, кредит ажратилишига эришади. Сўнг ана шу маблағни фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятига ўтказиб берган. Орадан бир йил ўтгач – 2016 йил 4 августда эса юқоридаги кредитни қоплаш мақсадида «Temur tekstil servis» МЧЖнинг 12 000 000 сўм пулини А.Собировнинг хабардорлиги ва розилигисиз, сохта тўлов топшириқномасини расмийлаштириб, «Дадабоев Усмонали кўрки» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига молиявий ёрдам тариқасида ўтказиб юборади. Шунингдек, Жабборали 2016 йил 3 август куни «Prof Furniture Group» МЧЖ ҳисоб рақамидан 6 000 000 сўм, «Uniset star» МЧЖдан эса 13 000 000 сўм маблағни ҳам акасининг кредитдан бўлган қарзини қоплаш учун ўтказиб, талон-тарож қилган экан. Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 783-моддасида «Банк ҳисобварақдан пул маблағларини мижознинг топшириғи асосида ўчиради. Мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек ушбу кодексда ёки бошқа қонунда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади» дея қайд этилган.

Бундан ташқари, филиал бошқарувчиси 2016 йилнинг август ойида банк кассасидан ҳеч қандай чиқим ҳужжатларисиз 13400 АҚШ долларини олиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. 2016 йил 27 сентябрь куни эса қайд этиш дафтарларига хорижий валютанинг кассада сақланаётганлиги ҳақида сохта ёзувлар киритиб, жиноятини яширган.

Буни қарангки, жиноий гуруҳ аъзоларининг нафси ҳакалак отиб борса борардики, аммо тийилай демасди. Натижада улар аҳолидан қабул қилинган коммунал тўловларга ҳам кўз олайтиришди. Аниқроғи, Зоҳид Содиқов ва Шодиёр Раҳматалиевлар 2016 йил 1 январдан 30 октябрга қадар электр энергияси учун қабул қилинган 148,7 миллион сўмни «Мунис» тўлов дастури орқали шаҳар электр тармоқлари корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиш ўрнига Жабборали Усмоновнинг топшириғига мувофиқ ўзаро тақсимлаб, бир қисмини илгари ўзлаштирилган омонатчилар маблағларини қоплаш учун йўналтиришган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон адлия вазирлигида 2007 йил 14 апрелда рўйхатга олинган «Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра ҳар йили фермер хўжаликларига имтиёзли кредит ажратилади. Буни яхши билган Жабборали Усмонов Шодиёр Раҳматалиев ва банк филиалининг кредит бўлими бошлиғи Муҳсинжон Аҳмедов билан бирга 2014 — 2015-йилларда фаолияти тугатилиб, ерлари туманлар захирасига олинган «Омад негизи», «Оятилло Тўлабой юлдузи», «Давронбек замини», «Элдорбек Мўминов», «Водий файзли тонги», «Азизбек агроинвест», «Абдужалил Хидиров баракаси», «Озодбек чаманзори», «Беҳзоджон кўрки» фермер хўжаликларига оид ҳужжатларни сохталаштиради. Пировардида мазкур хўжаликларга Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳисоб-китоб жамғармасидан 159 738 000 сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, айни маблағ эвазига хўжаликларнинг аввалги кредит қарзлари ва фоизларини қоплашади. Қолаверса, тайёрлов корхоналари томонидан 41 та фермер хўжалигига пахта ва ғалла учун тўлаб берилган 102,1 миллион сўм маблағни бошқа мақсадларга йўналтириб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказади.

Халқимизда «Қовун қовундан ранг олади» деган пурҳикмат ибора бор. Шу маънода айтганда, филиал бошқарувчиси билан бирга шунча маблағни туя қилган Шодиёр Раҳматалиев кейинчалик ўзи мустақил «иш»га киришди. Яъни у фуқаро Муқаддас Умарованинг омонат дафтарчасини янги омонат дафтарчаси очиб беришини айтиб, алдаб олади. Сўнгра омонат дафтарчасидаги ёзувларни сохталаштириб, Муқаддас Умарова томонидан 2016 йил август-сентябрь ойларида омонатга қўйилган 25 миллион сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ҳолда ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Лекин...

Лекин қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади деганларидек кўп ўтмай жиноий гуруҳнинг қилмишлари фош этилди. Оқибатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса судланувчиларнинг ҳар бирини қонуний жазога маҳкум этди. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчилардан банк филиали етказилган моддий зарарларни солидар тартибда ҳамда Ш.Раҳматалиевдан жабрланувчи М.Умарова фойдасига 25 миллион сўм ундириш ҳам белгиланди.

Шу ўринда «Микрокредитбанк» мутасаддиларининг эътиборини бир нарсага қаратмоқчимиз. Аслида мижозни юқоридаги «усул»да талаш биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Бундай қинғирлик, яъни мижознинг ҳисоб рақамидаги маблағни талон-торож қилиш ҳолати банкнинг вилоят филиали ҳамда айрим туман, шаҳар филиаллари ва минибанкларида аввал ҳам юз бериб, оқибатда айбдор масъул ходимлар жиноий жавобгарликка тортилганидан хабардормиз. Бироқ ҳанузгача бу иллатга барҳам берилмаяпти. Аниқроғи, мутасаддилар томонидан қатъий чора-тадбирларнинг белгиланмагани яна аввалгидек жиноят содир этилишига сабаб бўлган. Умид қиламизки, тилга олинган жиноят иши банкнинг бошқа ходимларига ҳам сабоқ бўлиб, келгусида бундай қонунбузилиш такрорланмайди. Энг муҳими, нафс майли ҳеч қачон инсонга наф келтирмаслигини унутмаслик зарур.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг