Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллий гвардияни хусусий компаниялар озиқ-овқат билан таъминлайди

Миллий гвардияни хусусий компаниялар озиқ-овқат билан таъминлайди

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 366-сон қарорида назарда тутилган, деб хабар бермоқда «Норма».

Нашрнинг қайд этишича, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш жараёни бошланган, бунда ушбу мақсадлар учун умумий овқатланиш корхоналари (аутсорсерлар) шартномавий асосда жалб этилади. Биринчи навбатда, мазкур тизим СЧР батальонлари, ҳарбий таълим ва даволаш муассасаларида жорий этилади.

Энди жамоатчилик тартиби ва мамлакатимиз хавфсизлиги муҳофазаси учун масъул бўлган Миллий гвардия бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланишини ташкил этиш учун ҳам хусусий компаниялар хизматларидан фойдаланилади. Мазкур механизм босқичма-босқич, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. 

Аутсорсер хизматларига ҳақ тўлаш Миллий гвардия томонидан белгиланади. Бунда 20 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинган ҳолда шартнома тузилиши санасида озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича 1 овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиқилади. Шартнома бўйича нархлар, қоидага кўра, кўпи билан бир ойда 1 мартда қайта кўриб чиқилади.

Миллий гвардия бўлинмаларининг сўрови бўйича озиқ-овқатларга амалдаги ўртача бозор нархлари тўғрисидаги маълумотларни вилоят ҳокимликлари мунтазам тақдим этадилар. Аутсорсернинг ижара, коммунал тўловлар бўйича харажатларини қоплаш, шартномалар тузишга талабгорларни танлаб олиш тартиби Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини ташкил этиш тартиби каби амалга оширилади. 

Овқат тайёрлаш ва маҳсулотлар сифатини мунтазам равишда назорат қилиш зарурат бўлганда вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда Миллий гвардиянинг тегишли бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 21 майдан кучга кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг