Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Миллий тикланиш» партияси журналист эътирозларига раддия берди

«Миллий тикланиш» партияси журналист эътирозларига раддия берди

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида «Миллий тикланиш» партияси сайловолди ваъдасини қачон бажаради?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Бугун таҳририятга ана шу материалда кўтарилган фикрларга нисбатан «Миллий тикланиш» демократик партиясидан муносабат келди. Қуйида матннинг аслиятини сақлаган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида журналист Воҳид Луқмон «Миллий тикланиш» партияси сайловолди ваъдасини қачон бажаради?» сарлавҳали мақоласида лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича шахсий фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳаракат қилган.

Муаллифнинг фикрича, она тилимиз билан боғлиқ мазкур жараёнда сиёсий партиялар, хусусан, ўз сайловолди Платформасида давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга кўмаклашиш вазифасини белгилаб олган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси гўё «жим» турган эмиш. Тўғри, партия сайловолди Платформасида давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилишини олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб бориш мақсади илгари сурилган. Бундан асло кўз юммаймиз. Лекин муаллиф ўз мақоласида партиянинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари, амалий ишларидан хабари йўқлигини билдириб қўйган. Қолаверса, она тилимиз софлигини сақлаш, уни бойитиш, лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси бўйича бир тўхтамга келиш бир партиянинг саъй-ҳаракати ва иштироки билан ҳал бўладиган масала эмаслигини, нахотки билмаса. Аммо шундай бўлса-да, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг бу борадаги дастурий вазифалари асосида амалга ошираётган ишларидан мақола муаллифини бохабар қилишни ўз вазифамиз, деб билдик.

Партия она тилимиз билан боғлиқ вазифаларни бажаришдаги ишларни уч йўналишда ташкил этиб келмоқда. Биринчидан, тил ҳақида қабул қилинган қонунлар устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ишлари тобора қатъийлик касб этмоқда. Иккинчидан, ўзбек тилини асраб-авайлаш ва уни кенг тарғиб этиш борасида тарғибот, ташвиқот ишлари амалий ҳаракатларга кўчмоқда. Учинчидан, соҳада мавжуд муаммоларни тадқиқ этиш борасидаги ишларда илмий муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Туғри, муаллиф мақолада камтарлик билан «бугун депутатларимиз фаолиятида бир оз жонланиш сезилаётган»ини тан олади. Лекин бугунги ва икки-уч йил олдинги депутатлар фаолиятини таққосласак, бу борада қатор амалий натижаларга эришилаётгани, бу ўзгаришларни халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезаётганини айтмаслик, инсофдан эмас.

Хусусан, партиядан сайланган барча даражадаги депутатлар партия сайловолди Платформаси ижросини таъминлашга, электоратни қизиқтираётган масалаларни ҳал этишга интилмоқда. Жумладан, тил масаласи партия фракцияси ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг доимий диққат марказида. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутатлар жамоат жойлари, оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши ҳолати, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Давлат тили тўғрисида»ги қонунларининг ижроси, бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш юзасидан депутатлик назорати ўрнатган. Ўрганиш натижаларига кўра, республикамизнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритувчи бир қатор корхона, муассаса ва ташкилотлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи савдо дўконлари ва бошқа ташкилотларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг қўпол тарзда бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Биргина 2016-2017 йилларда халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси гуруҳлари 44 Кенгаш сессияларига «Оммавий жамоат жойлари, ОАВда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниш ҳолати тўғрисида»ги масала киритган. Аниқланган камчиликлар юзасидан бир қатор мансабдор шахсларнинг эшитуви ташкил этилган. Сессияда кўтарилган масалалар юзасидан Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, ташкилот, муассасалар, меҳнат жамоалари раҳбарларининг масъулияти оширилган. Айни кунда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ўз сайлов округларида сессияларда тил масаласига оид қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиб келмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар сессияларида ушбу йўналишда қабул қилинган қарорлар ижроси Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракциясида ҳам қизғин муҳокама этилмоқда. Фракциямиз ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўзбек тили қоида ва меъёрларини бузилишини олдини олиш бўйича бир неча бор йиғилишлар ўтказилди.

Мақолада муаллиф «Facebook» ижтимоий тармоғида «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи ташкил этилгани ва бу гуруҳ тил масалаларини қизғин муҳокама қилаётганини қайд этиб, бу масалалар, «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи аъзоларидан ташқари, кимнидир қизиқтиряптими?», деб савол қўяди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси бу масалага нафақат қизиқиб, балки доимий равишда эътибор қаратиб келади. Шу мақсадда соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 2017 йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида «Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини юксалтиришнинг долзарб масалалари» мавзуида очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқотда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олиш ва маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида «Миллий тикланиш» демократик партияси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Меморандумда тил ҳақидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан самарали жамоатчилик ва парламент назоратини ўрнатиш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, бу борадаги ҳуқуқий тарғибот ишларини замон талаблари асосида ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар ижросини таъминлашга қаратилган амалий мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда, мутахассисларнинг таклифлари ўрганилмоқда. Масалан, партия Марказий кенгаши ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ўтказилган «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусидаги республика конференцияси шулар жумласидандир.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгашида партия фаоллари, фракция аъзолари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари иштирокида «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг амалдаги ижроси ҳолати, Қонунни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Тил, ёзув билан боғлиқ муаммолар, уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида мазкур масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, чора-тадбирлар белгиланди.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг лотин алифбоси юзасидан дастлабки хулосалари интернетда эълон қилинди. Бу бўйича ишчи гуруҳга кўплаб мулоҳазалар билдирилмоқда. Олий таълим муассасаларининг кўп сонли профессор-ўқитувчилари ва талабалари сўровига кўра, Республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида «Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили)» ва «Ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ва мутахассислар иштирокида «Замонавий ўзбек ёзувининг долзарб муаммолари» мавзусида видеодарс ташкил этилди.

Видеодарс давомида Республикамизнинг шаҳар ва кўчаларидаги турли тилларда ёзилган ёзувлар, СМС ёзишмалари, улардаги хатоликлар, алифбога ўзгартиришлар киритиш ёки киритмаслик, ўзбек тилининг машинавий тилини яратиш билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди ва қизғин муҳокама қилинди.

Маълум бўлганидек, ўзбек тилига муносабат, адабий тил меъёрларига амал қилиш масаласи «Миллий тикланиш» демократик партиясининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Бу борада партия давлат ва жамоат ташкилотлари, олий ўқув юртлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўрганиш натижалари, таҳлил ва хулосалар якунига етгач, албатта, алифбони такомиллаштириш борасидаги таклифлар партия томонидан мутасадди масъулларга тақдим этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, партия ўз нашри ва расмий сайтида сўнгги икки йилда тил масаласига оид юздан ортиқ таҳлилий мақолалар чоп этди. Кўзга кўринган тилшунос олимлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилиб, «Тил — миллат кўзгуси» тарғибот фильми яратилди. Ўзбек тили тарихини ўрганиш, унинг жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мутолаасиз тасаввур этиб бўлмаслигини ҳисобга олиб, Халқ таълими вазирлиги тизимида ўзбек мумтоз адабиёти, ўзбек миллий маънавиятининг ривожланишида Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантиришга қаратилган «Навоий ворислари» танлови жорий этилди. Танлов натижасида Алишер Навоийнинг «Хамса» асари достонларини яхлит ёд биладиган мактаб ўқувчилари кашф этилди.

Шу билан бирга, партия ва ҳамкор ташкилотлар республикамиз миқёсида адабий тил меъёр ҳамда қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган янги «Соф ўзбек тилида» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра 2017 йилнинг октябрь ойидан бошлаб ҳар ойнинг учинчи ҳафтаси «Тил ҳафталиги» этиб белгилаб олинди. Ушбу лойиҳада ҳар бир ҳудуддан депутатлик гуруҳи вакиллари, тилшунос олимлар, журналистлар, зиёлилар, қисқа қилиб айтганда, ўзбек тилининг ҳақиқий фидоийларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилган. Улар йил давомида барча соҳада тил меъёрлари бузилишининг олдини олишга қаратилган амалий ишлар билан банд.

Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, давлат тилини бойитиш, янада такомиллаштириш, тил маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш фақат бир партиянинг эмас, балки миллат эртасини ўйлайдиган ҳар бир зиёлининг зиммасидаги масъулият, виждон амри эканини унутмаслигимиз керак.

Баҳодир Холматов,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони ходими»

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг