Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Молия вазирлиги боғчаларга етказиладиган озиқ-овқатлар ўзлаштирилаётганини аниқлади

Молия вазирлиги боғчаларга етказиладиган озиқ-овқатлар ўзлаштирилаётганини аниқлади

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган махсус комиссияга мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини ўрганиш ҳамда сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар етказиб беришнинг шаффоф ҳамда соддалаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси белгиланган.

Шу вақтгача бюджет муассасаларини етарли даражада озиқ-овқат билан таъминлашга маблағ ажратилишида кўплаб муаммолар бўлган. Шунингдек, ажратилган маблағлар эвазига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини тарбияланувчиларга ёки беморларга тўлиқ етказиб берилишига, маҳсулотларнинг сифатига ҳеч ким кафолат бермаган. Молия органлари ҳамда бюджет маблағлари тақсимловчилари ушбу муаммоларга етарлича эътибор қаратмаган.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан бюджет муассасаларини молиялаштиришдаги муаммоларни аниқлаш юзасидан жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра бюджет муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, муассасаларни белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат билан таъминлаш учун бюджетдан етарлича маблағ ажратилмагани, даволанувчилар ва тарбияланувчилар учун овқат тайёрланишининг сифати ва витаминли озуқалар (мева, сабзавот ва бошқа маҳсулотлар) билан таъминлаш даражаси талабларга жавоб бермаслиги кузатилди.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш, жойларга етказиш, овқатлар тайёрлаш тизимида шаффоф механизмлар ўрнатилмагани оқибатида турли камомад ва ўзлаштиришларга йўл қўйилаётгани, қиш-баҳор мавсуми учун бюджет муассасалари озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаш ва уларни сақлаш масалалари маълум бир мезон ва меъёрлар билан тартибга солинмагани аниқланди.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий соҳа муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлашнинг шаффоф механизмларини жорий этиш, шунингдек озиқ-овқат билан таъминлаш тадбирларини молиялаштиришни яхшилаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хабар берди, деб ёзади ЎзА.

Жумладан, овқатланиш харажатларига бюджет маблағларини ажратишда молия органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан 2018 йилда ҳар бир тарбияланувчи (бемор) учун ягона ёндашув асосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун маблағ ажратиш тизими жорий этилмоқда.

Бунда бюджет муассасасининг тури, контингенти; мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг муассасада бўлиш вақти; озиқ-овқат билан таъминлашнинг санитария меъёрлари ва бошқалар каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб мактабгача таълим муассасаларига болалар қамровини ошириш мақсадида (ота-оналарнинг талабларига асосан) 9 соатлик гуруҳларга қатнайдиган болалар учун ота-оналар тўлови сезиларли равишда камайтирилди. Масалан, қишлоқ жойлардаги боғчаларда 90 минг сўм ўрнига 60 минг сўм, туман марказларида эса 85 минг сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда (Бекобод, Ангрен, Марғилон ва бошқалар) жойлашган боғчаларда ҳам вилоят марказларига нисбатан қарийб 10 фоиз пасайтирилган миқдорлар белгиланди.

Бюджет муассасаларида ўтказилган ўрганиш натижалари ва санитария меъёрлари асосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун маблағлар ажратилиши юзасидан яқин кунларда оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча маълумотлар берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг