Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Муаллақ турувчи дарвеш билан суҳбат (фото)

Муаллақ турувчи дарвеш билан суҳбат (фото)

Бухородаги муаллақ турувчи дарвеш

Фото: «Xabar.uz»

Бухоронинг эски шаҳар қисмида муаллақ турувчи дарвеш қисқа фурсатда машҳур бўлди. Кўплаб сайёҳлару меҳмонлар бунга катта қизиқиш билдирдилар, унинг ёнида расмга тушдилар. Фотосуратлар ОАВда, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Қуйида ушбу дарвеш қиёфасидаги актёр билан уюштирган суҳбатимизни ҳавола этамиз.

— Бахтиёр Ашуровман. 1990 йили Бухоро вилояти Жондор туманида туғилганман. 2008 йили Бухоро санъат коллежини тугатдим. Ўша йилнинг сентябрь ойида вилоят театрига ишга қабул қилиндим. Айни кунда режиссёр ассистенти ва актёр бўлиб фаолият кўрсатяпман.

Фото: «Xabar.uz»

— Дарвеш қиёфаси сизга қандай насиб этди? Кимдир тавсия қилдими ёки танлов асосида қабул қилиндингизми?

— Биласизми, менинг ишга бир-икки соат олдин келадиган одатим бор. Эртароқ келаман-у китоб ўқиб ўтираман. Ўша куни, яъни муаллақ турувчи дарвеш синовдан ўтказилиши керак бўлган пайтда ҳам ишхонада ўзим эдим. Шунинг учун бу роль менинг чекимга тушди. Вилоят маданият бошқармасидан қўнғироқ қилишгач, шошиб қолдим. Гримдан хабарим бор, тезда дарвеш қиёфасига кириб, либосларни эгнимга кийиб, ўша ёққа ошиқдим.

Фото: «Xabar.uz»

— «Жойингиз»ни эгаллашингиз қийинчилик туғдирмадими? Қанча вақт «муаллақ» ўтира оласиз?

— Икки-уч соат ўтираман. Қийинчилик туғдирмайди. Ўзимни ноқулай сезмайман. Икки-уч соатдан ошиб кетса, оёқларим увишиб қолади. Шу пайтгача уч марта шу тарзда ўтирдим. Синов арафасида мени усталар билан таништиришди, биз биргаликда дарвеш «ускуна»сини яхшилаб синовдан ўтказдик.

— Сайёҳлар билан учрашув қандай бўлди?

— Дастлаб ҳаяжонландим. Индамай ўтиравердим. Саволлар беришди. Нега бунақа ўтирибсиз, қандай қилиб муаллақ ҳолда чордона қуриб олгансиз, дейишди. Бир-иккита саволларига жавоб бердим, кейин ўртоғим уларга юзланди. Чет элдан келган меҳмонлар ҳам қизиқиб қолишди. Суратга туширишди. «Муаллақ» ўтирганимни Президентимиз ҳам Бухорога келганда кўрди, мен билан суҳбатлашди.

Фото: «President.uz»

— Аммо бугун сизнинг «ҳудудингиз» бўш? Кўпчиликни дарвешнинг майдондан ғойиб бўлиш сабаблари ҳайрон қолдирмоқда.

— Мен ишли одамман. Ишимни ташлаб кетолмайман. Бу ҳақда аввалбошдан мутасаддиларга айтдим. Аммо муҳим аҳамиятга молик тадбирлар, сайёҳларни юртимизга жалб этиш юзасидан ёрдамим керак бўлса, бунга ҳамиша тайёрман. Мен бу ишни пул учун қилмайман, асло! Касбим сифатида яхши кўрганим учун ҳам ижро этяпман ва тобора ўзимга ёқяпти. Дарвеш баҳонасида қаландарлар тарихи билан қизиқиб қолдим, манбаларни топиб ўқиб чиқдим. Уларнинг ҳаёти менда чуқур таассурот қолдирди.

— Бухорода ижара уйда турар экансиз.

— Ҳа, ижара уйда оила аъзоларим билан яшайман. Худога шукр, уч нафар қизим бор, хотиним — уй бекаси. Ота-онам қишлоқда истиқомат қилишади. Улар нафақахўр. Бухоро ва Жондор тумани ораси 45 километрлик йўл. Тез-тез бориб тураман. Ота-онамнинг дуоларини оламан.


Мавзуга доир:

Тасанно! «Муаллақ турувчи дарвеш» сирини очдик!

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг