Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари халқаро мусобақа рекордини ўрнатди

Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари халқаро мусобақа рекордини ўрнатди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

26 – 29 июнь кунлари МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида ҳарбий-амалий спортнинг «Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси» тури бўйича Беларусь Республикаси пойтахти Минскда бўлиб ўтган халқаро мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари мезбонлардан кейин иккинчи ўринни эгаллашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Нуфузли мусобақада Беларусь Республикаси (иккита жамоа), Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби МДҲга аъзо давлатлардан олтита жамоа иштирок этиб, 100 ва 3000 метрга югуриш, узоқликка граната улоқтириш, турникда тортиниш, тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан биргаликда ўтиш каби ҳарбий комплекс машқларни якка ва жамоа таркибида бажарди.

Мусобақада подполковниклар Мансур Мамадаминов ва Баҳодир Тўхтаназаров бошчилигидаги Мудофаа вазирлиги жамоаси юқори жисмоний тайёргарликларини намойиш қилди.

Кичик сержант Исоқжон Рустамов ягона тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан ўтишда 2 дақиқаю 13 сония натижа қайд этиб, нуфузли мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди ва ҳарбий кийимда мусобоқа рекордини ўрнатди (илгари мусобақа иштирокчилари спорт кийимида қатнашган эди).

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу мусобақада 4 нафар ҳарбий хизматчи лейтенантлар Шохруҳ Низомов, Фахриддин Мамаризаев, кичик сержант Исоқжон Рустамов ҳамда Умид Аҳмаджонов «Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт устаси» ва Аббос Исхақов «Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт усталигига номзод» талабларини бажарди.

Учинчи ўрин Қозоғистон вакилларига насиб этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, медаль ва дипломлар билан тақдирланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мамлакатимиз ҳарбийлари ушбу халқаро мусобақаларда биринчи маротаба иштирок этмоқда. Жумладан, шу йилнинг 16-20 апрель кунлари Россия Федерациясида бўлиб ўтган ҳарбий-амалий спорт турининг «Командирлик стартлари» йўналиши бўйича мамлакатимиз ҳарбийлари муносиб иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг