Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Наманганча марафон» ёхуд беморнинг югургани қаергача?

«Наманганча марафон» ёхуд беморнинг югургани қаергача?

Фото: «Xabar.uz»

Бемор нима учун шифохонага боради, албатта, дардига даво истаб. Норин туманининг Хўжаобод маҳалласи Обиҳаёт кўчаси 16-уйда яшовчи Гўзалхон Азизова қишлоқ врачлик пунктига отланганида бошида бу ерга бўзчининг мокисидек қатнаш азоби борлигини билмаган эди. Яхшиямки Республика ишчи гуруҳи шу кунларда Норинга бориб қолди, акс ҳолда...

Юрак хасталиги ва камқонликдан азият чекаётган Гўзалхон Азизова «Хўжаобод» МФЙ ҳудудидаги ҚВП мудири Турғуной Тўйчиевага ётиб даволаниш учун мурожаат қилади. Мудир эса мужмал жавоб бериб, касаллик варақасини ҳам топиб бера олмайди. Вазият таранг бўлганидан кейингина янги анкета очиб, аёлни тўппа-тўғри туман тиббиёт бирлашмасига жўнатиб юборади. Тумандагилар эса яшаш жойингиздаги ҚВПдан касаллик тарихи ва шифокор хулосаси ёзилган бир парча қоғозни олиб келмасангиз бўлмайди деб Г.Азизовани ортига қайтариб юборишади.

ҚВП мудирининг навбатдаги қилиғи ҳаммасидан ошиб тушди: у беморга «ошқозонини даволатиш керак» деган ташхисни осмондан олиб маълумот ёзиб беради... Буни қандай тушуниш керак: ўз касбига хиёнатми ё инсон қадри шунчалик паст бўлдими? 

Энг ачинарлиси, Г.Азизова ҚВП мудирининг фол очган каби ёзиб берган йўлланмасини туман марказидаги кўп тармоқли шифохона шифокорлари билан учрашганда кўрсатаётиб, асл касаллигини бот-бот такрорлашига қарамай, унинг қўлига Наманган вилоят марказий шифохонасининг гастроэнтерология бўлимига йўлланмани тутқазишади. У ерда эса нотўғри ташхис билан борган бечора аёлни ортига қайтариб юборишади. Қизиқ, қишлоқ врачининг ташхиси етарли бўлса, тумандагилар нима қилиб ўтиришибди? Йўлланманинг тагига имзо қўйишда Норин туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи вазифасини бажарувчи К.Турсуновнинг хаёли қаерда бўлган экан? Инсон, аёл саломатлиги, тақдирига бу даражада эътиборсизликни нима деб аташ мумкин? Таърифга тил ожиз.

Не ажабки, «Наманганча марафон» ишчи гуруҳ борганидан кейин ҳам давом этди. Шу куннинг ўзида зудлик билан тез ёрдам машинасини чақириш ва Гўзалхон Азизовага керакли ёрдам кўрсатиш топширилган ҚВП мудири Турғуной Тўйчиева аёлнинг дардига ҳам, ишчи гуруҳига ҳам беписандлигини билдириб қўйди: на тез ёрдам машинаси, на шифокор келди. Балки шуниси маъқулдир...

Ҳа, кам таъминланган бўлсанг, касал бўлма экан-да деган Гўзалхон шу ерда ҳақ бўлиб чиқди...

Албатта, ишчи гуруҳи Гўзалхон Азизованинг даволаниши учун керак бўлган йўлланма ва бошқа муаммоларини ҳал қилиб берди. Умид қиламизки, у тезроқ соғайиб оиласи бағрига қайтади.

Ўз вазифасига совуққонлик билан қараганларга чоралар кўрилди: туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори лавозимидан олинди, Турғуной Тўйчиева эса масала ўрганилган куни ишдан бўшатилганди.

Абдуқодир Мўминов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг