Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманганда «Кореяга ишга жўнатаман» деб кўпларнинг пулини олган «Остап Бендер» устидан суд бўлиб ўтди

Наманганда «Кореяга ишга жўнатаман» деб кўпларнинг пулини олган «Остап Бендер» устидан суд бўлиб ўтди

Бу ишнинг якуни «қора курси» бўлишини ўйламаган кўринади.

Фото: «vodiymedia.uz»

Машҳур «12 стул» ва «Олтин бузоқча» асарларининг қаҳрамони Остап Бендернинг найранг ва фирибларини яхши эслаймиз. Унинг шундай бир ибораси ҳам бор: «Пуллар кўчада ётганди. Мен уларни йиғиб олдим, холос»...

Наманган вилояти миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида қўлга олинган Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи 39 ёшли Баннаев Ҳусанбой Тошмаматович Остап Бендернинг изидан боришга қарор қилганда, бу ишнинг якуни «қора курси» бўлишини ўйламаган кўринади. Бўлмаса, ҳеч қўрқмасдан ўнлаб фуқаролардан Кореяга ишга жўнатаман деб 2000-4000 доллар орасида пул йиғадими? Фуқароларга ҳам ҳайронсан, Кореяга ишга юбориш, ҳатто Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғининг ҳам қўлида эмаслигини билишмайди ёки бу фирибгарлар ўта ишончга кириб олади.

Чортоқлик бу «учар йигит» 2016 йилнинг январь ойидан бошлаб, Наманган шаҳрида, Наманган давлат университети ёнидаги Адвокатлик бюроси ва интернет кафеси ичида «Тошводийинвест» номли МЧЖ ташкил этиб, вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи кўплаб фуқаролардан, Жанубий Кореяга ишга жўнатиб юборишни ваъда қилиб, алдов йўли билан пул олиб келган.

2016 йилнинг август ойида Норин туманида яшовчи фуқарога Жанубий Кореяга бориш учун корейс тилидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, икки минг АҚШ доллари миқдорида пул олган. 2017 йилнинг мартига қадар ҳам «Кореядан иш таклифи» келавермагач, жабрдийданинг ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаати билан Ҳ.Баннаевга нисбатан ИИБ идоралари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди ва 28.211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд жараёни бошланган.

Шу билан ақли кирса ҳам майли эди-я, бироқ унда «Остап Бендернинг руҳи шод бўлмай қолади» деб ўйлаган шекилли, айни шу даврда Сирдарё вилояти яшовчи аёлдан Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, 750 АҚШ доллари сўраган. Бироқ у ерда ҳам Ҳусанбой Баннаев аёлдан 500 АҚШ доллари миқдорида пул олаётганда қўлга тушган. Унга нисбатан Сирдарё вилояти СВОЖДЛҚҚ Департаменти томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ана ундан кейин очилган сирлар Баннаевнинг фирибгарликни касб қилиб олганини ўртага чиқарди. Сирдарёлик ўн нафар фуқаро, Кореядаги ишлаш орзулари амалга ошишига ишониб, 2000-4000 доллар орасида миқдорларда пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беришгани маълум бўлди.

Остап Бендер деб бежизга айтмадик. Ҳам Наманганда, ҳам Сирдарёда жиноий иши кўриб чиқилаётган бир пайтда, бу «азамат» яна ўша ишни давом эттириб, Наманганлик бошқа бир фуқародан ҳам 700 доллар пул олмоқчи бўлган...

2018 йил 5 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан унга нисбатан суд жараёнлари якунланди. Баннаев Хусанбой Тошмаматович, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-модда 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилди.

Шу билан бирга, барча жабрланганларга етказилган 129 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни тўлиқ қоплаганлигини эътиборга олиб, суд унга нисбатан 1 йил 11 ой 22 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Кореяга ишлашга бориш фақатгина корейс иш берувчиси томонидан, Корейс тилидан ўтказиладиган тестдан ўтган фуқаролар орасидан айнан танлаб олинган номзод учун унга мехнат шартномасини расмийлаштириш орқали ташкил этилишини эслатиб ўтамиз.

Ким билади, яна қанча «Остап Бендер»лар кимларнидир «Кореяга ишга мана мен жўнатаман» деб ишонтириб юргандир...

Манба: «Vodiymedia.uz»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг