Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманган шаҳридаги уйидан ташландиқ жойга қувилган халқ ноласи (фото)

Наманган шаҳридаги уйидан ташландиқ жойга қувилган халқ ноласи (фото)

Фото: «Namnews»

Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасининг икки тарафи бузилиб, кўп қаватли турар-жой бунёд этилди. Улар битмасидан олдиноқ сотиб олинди ҳам. Кўплаб савдо маиший хизмат шохобчалари даромадга кирди. Ана шу жойларда туғилиб, киндик қони тўкилган туб аҳоли эса шаҳарнинг бир чеккасига кўчирилди.

Фото: «Namnews»

— Уйларимиз бузилиб, ўрнига янги бинолар тушишини айтишганда на қувонишимизни, на хафа бўлишимизни билганмиз. Сабаби биз барча шароитларга эга уйимизни ташлаб, ҳокимият томонидан ажратиб берилган мана шу жойларга кўчиб чиқдик, бу ерда яшаш учун умуман шароит йўқ, лекин уйларимиз бузилишидан олдин бизга бошқача ваъдалар берилган эди, — дейди Мавлуда опа Каримова.

Ҳисоб-китобларга кўра, 6500 аҳоли кўчиб чиқиши лозим эди. Айни пайтда ҳеч бир маҳалла таркибига киритилмаган, на раиси, на посбони бўлган қайсидир мутасаддилар томонидан оғзаки равишда «Баркамол авлод» деб номланмиш бу масканда тахминий ҳисобга кўра 1200-1500 атрофида аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу ҳақда «Namnews» нашри хабар берди.

Уларнинг бир қатор муаммолар қийнаб келмоқда.

Биринчи муаммо

Фото: «Namnews»

Авваллари ташландиқ ҳудуд ҳисобланган бу ерларни тарбияси оғир, жиноятга мойил инсонлар ўзига пакка қилган. Айни пайтда аҳоли кўпайган бўлса-да, ҳамон эски жойини қўмсаганлар бу масканни тарк этмаган. Қабристон ва оқар сув атрофи тунда умуман ёритилмайди. Кечқурун йўлтасарлар ўтган кетганни тунаш, аёл-қизларга тегажоқлик қилиш ҳоллари кузатилмоқда. 2017 йилнинг 31 декабрь куни ташландиқ тегирмонга безорилар бир йигитни уриб, ташлаб кетишгани маҳалладошлар томонидан таъкидланди.

Ечим

Ушбу масканни шаҳар ИИБ ва кенг жамоатчилик иштирокида Жиноятчиликдан холи ҳудуд деб эълон қилиш лозим.

Иккинчи муаммо

Фото: «Namnews»

Ичимлик суви ва йўл-кўприк тизими умуман талабга жавоб бермайди. Яқинда 85 ёшли отахон кечқурун туманда зовурга тушиб, эрталабгача қолиб кетган ва ҳаёт билан видолашган.

Бу ҳудуддаги ариқ ва зовурларда иккита теракни кесиб, барпо этилган «қилкўприк»лар мавжуд. Ичимлик суви сойдан оқиб келувчи ариқлардан, ариқларнинг юқори қисмида истиқомат қилувчи терифурушлар — кўнчилар ҳовлисидан ўтиб келади ва аҳоли томонидан истеъмол қилинади.

Ечим

Фото: «Namnews»

Ҳар бир хонадонга ичимлик суви тармоғини тортиш лозим. Бунинг учун вазият ўта даражада муаммоли эмас, сув тармоғи яқин. Аҳоли эҳтиёжларини ўрганиб чиқиб, кичик кўприклар қуриш лозим. Йўллар асфальтланиши, хавфли бурилиш қисмлари кенгайтирилиши керак.

Учинчи муаммо

Фото: «Namnews»

Маҳалла фуқаролар йиғини йўқлиги боис, маҳаллий аҳоли уч-тўрт йилдан бери бузилиб кетган уйларининг пропискасида. Ногиронлар, кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар сансалорликка маҳкумдирлар.

Ечим

МФЙ тузиш лозим! Аҳоли муаммоларини ечиш ўта зарур!


Илова: мана шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли ўтган давр мобайнида жуда кўплаб мутасаддиларга ва турли ташкилот, идораларга мурожаат қилишган, лекин айни пайтгача раҳбарлар бу масалаларга панжа ортида қараб келишмоқда. Улар бизга мурожаат қилиш орқали муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишни мақсад қилишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг