Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Намунали ҳарбийлар оиласи аниқланди (видео)

Намунали ҳарбийлар оиласи аниқланди (видео)

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оила маданияти ва одобини шакллантириш, оилаларнинг ибратли жиҳатларини юзага чиқариш, ушбу даргоҳда камол топаётган фарзандлар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, санъатга ва маданий ишларга ҳавас уйғотиш мақсадида ҳар йили Мудофаа вазирлиги қўшинларида анъанавий равишда «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида мазкур кўрик-танловнинг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. Унда  кўрик-танловнинг ҳарбий округ ва унга тенг бўлган бирлашмалар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари миқёсида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.

Танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқишини Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси эксперт маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолади.

Кўрик-танлов уч босқичдан иборат бўлиб, ҳарбий оилалар «Мустаҳкам оила – жамият таянчи» номли биринчи шарт қоидаларига асосан миллий рақс, шеър, қўшиқ ва ижрочилик санъати орқали ўзларини таништирди.

Кейинги шартда ҳарбий хизматчилар оилалари «Инсонга наф келтириш – олий бахт» мавзусидаги саҳна кўриниши орқали бугунги жамиятда учраб турган ичкиликбозлик, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, «оммавий маданият»нинг оила ва фарзандлар тарбиясига таъсири ҳамда келиб чиқиши ва аянчли оқибатларини кўрсатишга интилишди. Сўнгги шартда эса оила соҳибларининг ижодкорлик санъати намойиш этилди. Улар томонидан ясалган бир-биридан чиройли гулдасталар шеърий тарзда оила бекаларига тақдим қилинди. Танловда жами етти нафар ҳарбий хизматчилар оиласи иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, сержант Фарҳоджон Ҳудойқуловнинг оиласи (Тошкент ҳарбий округидан) мутлақ ғолиб дея эътироф этилди. Иккинчи ўринни кичик сержант Бобомурод Нуратовнинг оиласи (Шарқий ҳарбий округидан) эгаллади. Учинчи ўринга капитан Ҳамиджон Очилдиев бошчилигидаги оилага (Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртидан) насиб этди. Ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, тадбирда фаол қатнашган ҳарбийлар оилалари «Мухлислар меҳрини қозонган ҳарбий оила», «Актёрлик маҳорати ривожланган ҳарбий оила», «Энг аҳил ҳарбий оила», «Энг қувноқ ва зукко фарзандлар оиласи» ҳамда «Энг маърифатпарвар оила» каби номинациялар бўйича тақдирланди.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ижодий жамоаси томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Шунингдек, шу кунларда Қуролли Кучлар давлат музейида Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларнинг ўқув-услубий йиғини бўлиб ўтмоқда.

Унда вазирлик қўшинларидаги мутахассислар билан замонавий ўзбек оиласи, унинг ўзига хос ҳусусиятлари, оилалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни каби долзарб мавзуларда семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Йиғин дастуридан, шунингдек, иштирокчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун Ўзбек Миллий академик драма театрига ташриф уюштириши ўрин олган.

Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг