Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 3 мингдан зиёд қонунбузарлик аниқланди

Навоийда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 3 мингдан зиёд қонунбузарлик аниқланди

Ўтган йили Навоий вилояти давлат хизматлари маркази томонидан 189 155 та хизмат кўрсатилган. Хизматларнинг 1149 таси интернет орқали амалга оширилган. 9795 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 7351 таси якка тартибдаги тадбиркорлар бўлиб, уларнинг 458 тасига сайёр тартибда хизмат кўрсатилган.

Бошқарманинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида Навоий вилоятида жами 3378 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Бу 3378  нафар фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларига панжа орасидан қараш деган гап.

Бошқарма томонидан қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга жами 62 та тақдимнома ва 64 та огоҳномалар киритилди. Натижада ваколатли идораларнинг 33 нафар ходимига нисбатан интизомий чоралар қўлланилиб, бошқарма томонидан тўғридан-тўғри 50 та масъул ходимларга маъмурий жаримага тортиш бўйича қарорлар чиқарилди.

Ўтган 2018 йил Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси, унинг шаҳар ва туман марказлари учун аҳамиятли бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввалом бор, соҳа фаолияти учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларига хизмат автомашиналари ажратилди. Олис манзилдаги аҳолига сайёр хизмат кўрсатишга мосланган, бира тўла ФҲДЁ, нотариус, банк ва бошқа хизматлар кўрсата оладиган  2 та автобуснинг фойдаланиш учун топширилгани  ходимлар ишини анча енгил ва қулай қилди.

Энг асосийси, Навоий шаҳар ҳамда Конимех туманларининг Давлат хизматлари марказлари янги биноси ишга тушди. Баҳорнинг илк куни ва Наврўз айёми кириб келиши билан Учқудуқ ва Нурота туманларида марказларимиз янги бинода иш бошлайди. Бундан кейин Қизилтепа ва Хатирчи туманларида  марказ бинолари очилиш навбатини кутмоқда. Йил якунигача қолган туманларда ҳам марказлар ўз маъмурий биноларига эга бўладилар.

Энг олис ҳудудларда марказларнинг шахобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Конимехда «Учтепа», «Боймурод» шахобчалари, Томди туманида «Кериз», «Шиели» шахобчалари, Карманада эса Маликробот шахобчаси ҳафтада икки кун аҳоли учун хизмат кўрсатади. Мазкур шахобчалар марказдан 200-250 километр олисдаги овул фуқаролари йиғинларида ташкил этилди. Вилоят, туман марказларидан юзлаб километр олисда яшовчи бу фуқаролар ҳам барча қатори давлат хизматларига эҳтиёж сезишлари бор гап. Бироқ, шундай ҳудудлар борки, бу манзилларда аҳолига автомашиналарда сайёр хизмат кўрсатиш усули энг қулай ҳисобланади.

 Баҳодир ТОШЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг