Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега шундай деймиз: «Мулла (домла)нинг айтгани қилу, қилганини қилма»

Нега шундай деймиз: «Мулла (домла)нинг айтгани қилу, қилганини қилма»

Фото: «Nasihat.uz»

Доно халқимиз бошидан ўтказиб, тажрибада синаб кўриб айтган иборалар борки, улар йиллар давомида янгидан-янги маъно касб этиб, сайқалланиб бораверади.

Лекин шундай иборалар ҳам борки, улар вақт ўтиши билан жамиятдаги ўзгаришлардан «насибаси»ни олиб, ўзининг асл маъносидан узоқлашаверар экан. Шулардан бири «Мулла(домла)нинг айтганини қилу, қилганини қилма» ибораси.

Хўш, аҳён-аҳёнда қулоғимизга чалинадиган бу ибора нимани англатади? Нима сабабдан бу ибора дин пешволарига кесатиқ тарзида қўлланадиган бўлиб қолди?

Гапни узоқроқдан, яъни пайғамбаримиз давридан бошласак, мазкур иборани тушуниш осон бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг!» (Исро сураси, 79-оят) оятига биноан Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзига кечаси ўқиладиган таҳажжуд намозини одат қилиб олган. Баъзи ривоятларда фарз қилиб олган дейилади.

Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) уммати қийналиб қолмаслиги учун уларга тунги намозни ихтиёрий (нафл) қилди.

Яна бир ҳадисда пайғамбаримиз: «Агар умматимга машаққат бўлмаганида, уларга ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишини буюрган бўлар эдим», — деган. Аммо ўзи мунтазам равишда мисвок ишлатиб юрган.

Худди шундай уламолар, дин пешволари ҳам нафл ибодатларни мунтазам равишда адо этиб келган. Лекин буни оммага ошкор қилмаган ва мўминларга бу ишларни буюрмаган ҳам. Ваъз-насиҳатларда, амри маъруфларда мусулмонларни фақат фарз ва суннат амалларга риоя қилишга чақирган.

Афсуски, кейинчалик айрим чала муллалар ҳою-ҳавасга эргашиб, нафсига қул бўлиб ислом дини ман этган ишларни ҳам бемалол қилаверишди. Бунинг оқибатида улар муқаддас динимизни ҳаммага ёмон кўрсатиб қўйишди. Ҳозирги кунда ҳам бундай ҳолат давом этаётгани ташвишланарлидир.

Атоқли адибимиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бу иллатни «Майсарасининг иши» пьесасида жуда чиройли таърифлаб, ўша пайтдаги қозиларнинг аҳволини: «Сизлар нима иш қилсаларингиз шариатга тўғри келаверади-я», — дея Мулла Дўст тилидан очиб ташлаган.   

«Мулла(домла)нинг айтганини қилу, қилганини қилма» иборасини устозлар қуйидагича изоҳлашади: «Домланинг айтганини қилиш билан кифояланаверинг. Барибир уларнинг қилганини қила олмайсиз. Чунки домла мусулмонларни фарз намозларини ўқишга чақиради. Ўзи эса нафл намозларини ҳам канда қилмайди. Рамазон ойида рўза тутиш фарзлигини айтади. Ўзи эса нафл рўзалар тутади ва ҳоказо. Шу боис домланинг айтганини қилиб қўя қолинг, у бажараётган амаллар сизга оғир қилади».

Ижобий маънода қўлланган иборани асл ҳолатига қайтариш вақти келмадими?!

Толибжон Низомов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг