Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Нега «Тозалаш-Антитеррор» тадбирида кўпроқ фоҳишалар ва пропискасизлар ушланади?

Нега «Тозалаш-Антитеррор» тадбирида кўпроқ фоҳишалар ва пропискасизлар ушланади?

Фото: «Guvd.uz»

Ички ишлар тизимининг очиқлашуви ортидан оммавий ахборот воситаларида уларнинг фаолиятига оид кўплаб маълумотлар ёритилмоқда. Айниқса, ҳар ҳафта уюштирилаётган брифинглар айни муддао бўлди.

Бир савол туғилади — деярли ҳар ой уюштирилаётган тадбирлар нега «Тозалаш-Aнтитеррор» тадбири деб номланади?

Ўша тадбирлар натижаларига кўра эълон қилинган расмий маълумотларга бир эътибор берайлик: «Яшнобод туманида «Тозалаш-Антитеррор» тадбири ўтказилди. Тадбир давомида 1976 йилда туғилган М.Абдураҳмоннинг уйи текширилди ва унинг уйида оғирлиги 5,96 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди...», Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан «Тозалаш-Антитеррор» тадбири ўтказилиб, унда Мирзо Улуғбек тумани, .... 28-хонадон текширилди.

Тадбир давомида фуқаро Т. Игор ўзига тегишли бўлган хонадонни фуқаролар ...ларга фоҳишалик билан шуғулланишлари учун ижарага бергани ҳамда бунинг эвазига улардан 250.000 сўм миқдоридаги пулларни олгани аниқланди» ёки «Тозалаш-Антитеррор» тадбири давомида «жами 363 нафар республикамизнинг турли вилоятларидан келиб, муайян иш жойига эга бўлмаган, вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан ҳамда хонадон эгаси билан ижара шартномаси расмийлаштирмай яшаб келаётган шахслар аниқланиб, туман ИИБ томонидан текширилгани тўғрисида маълум қилинди».

Албатта, терроризм жиддий муаммо. Бу нафақат биз, балки бутун дунё ҳамжамияти курашиши шарт бўлган бало. Аммо наҳотки Ватанимиз шу даражада бундай ном остида мунтазам тадбир ўтказилиши шарт ҳудуд бўлса? Натижаларга кўра бу тадбирлар нима учун «Тозалаш-Антинаркотик», «Тозалаш-Антифоҳиша» ёки «Тозалаш-Антипрописка» деб номланмайди?

Ҳолбуки, уларда асосан шу тоифа қонунбузарликлар аниқланмоқда-ку. Қолаверса, айнан террорчилар билан кураш бу даражада очиқчасига эълон қилиб олиб борилмайди, яна айнан ички ишлар ходимлари кўчаларда юриб, террорчига қарши бевосита курашмайдилар, зимдан иш олиб борувчи экстремизмга қарши курашувчилар эса мутлақо бошқа ташкилот (улар одатда брифинглар уюштиришмайди).

Албатта, муҳими натижа. Ички ишлар ходимларининг мунтазам меҳнати ўлароқ фарзандларимиз кўчаларда хотиржам юришади, уйимизда тинч ухлаймиз. Бироқ мунтазам таҳдид кайфиятини алмаштириш вақти келмадими?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг