Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нимани қисган бой бўлади?

Нимани қисган бой бўлади?

Иллюстратив фото

Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис, деган мақол бор. Бунинг замирида ҳамсояга нисбатан ҳурмат ётади. Яъниким, сўқир қўшни олдида кўзларинг мошдек очиқ эканини писанда қилаверма, унинг дили оғриши мумкин. Илло, бу – қўшни ўғри бўлса, қилмишига кўзингни юм, дегани эмас. Энг даҳшатлиси – ўша қўшни муҳофазасига ўзинг масъул бўлган ресурсни ўмараётган бўлса-чи?

Данғарада номи жимжимадор тадбиркорлик субъекти бор: «Обод маҳалла кўмакчиси» МЧЖ! Мазкур корхона мутасаддилари маҳалла ободлиги учун қандай каромат кўрсатгани номаълум, аммо барбодлигига «муносиб ҳисса» қўшганининг эҳтимоли катта.

Қандай қилиб?

Хуллас, Данғара туманидаги «Санам» маҳалла фуқаролар йиғини, Кўнчибой қишлоғида фаолият юритаётган мазкур тадбиркорлик субъекти раҳбари А Юлдашевга тегишли оҳак цехи бор. Мазкур цех «Данғара-2» саноат коллекторидан Бувайда туманига тортилган юқори босимли газ қувурига ўзбошимчалик билан уланиб, гижабанг ишлайверган. Бу ҳол Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Данғара тумани ходимлари ўтказган тезкор тадбирда очилиб қолсами?!

Ҳолатга ойдинлик киритилганида «Обод маҳалла кўмакчиси» МЧЖ ва «Ҳудудгаз Фарғона» МЧЖ ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмагани, газ етказиб бериш бўйича мурожаат ҳам қилинмаганлиги, оҳак ишлаб чиқариш билан шуғулланиш учун ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатлари-да мавжуд эмаслиги ва газ ҳисоблаш ускунаси ҳам йўқлиги аниқланди!

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳеч қандай ҳужжатсиз ишлатиб келинган мазкур цехнинг девор қўшниси ким экан денг?!

«Ҳудудгаз Фарғона» МЧЖ «Данғаратумангаз» филиали раҳбари Х.Рустамов!

«Райгаз» раҳбари шундоқ биқида табиий газ аёвсиз ўмариб келинаётганини билмасмиди?

Бу саволга тергов жараёнида аниқлик киритилади, насиб... Негаки, ҳолат юзасидан аллақачон жиноят иши қўзғатилган. Нега жиноят иши қўзғатилмасин, ахир оҳак ишлаб чиқариш цехи давлатга нақд 1 млрд. 131 млн. 133 минг сўмлик моддий зарар етказиб улгурган эканда?!

Айни ҳолатга нисбатан юқоридаги мақолни татбиқ этиб бўладими? Албатта, йўқ. Бироқ айрим мансабдорлар ўғриликни кўриб, бошқа мақолга амал қилганмикан-а: кўзни қисган бой бўлади!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг