Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Норвегия 3 йил давомида 20 мингдан ортиқ суриялик қочқинни қабул қилди

Норвегия 3 йил давомида 20 мингдан ортиқ суриялик қочқинни қабул қилди

Фото: РИА Новости

Норвегия қироллиги Статистика марказий бюросининг 24 февраль куни эълон қилган маълумотларига кўра сўнгги 3 йилда мамлакат 22 минг нафар суриялик қочқин ва уларнинг оила аъзоларини қабул қилган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. Қиролликка келаётган мигрантлар сони бўйича улар поляклар, шведлар ва литваликлардан кейин 4-ўринни эгаллаб турибди.

Бу ерда гап фақат расмий равишда қочқин мақомини олганлар ҳақида кетмоқда.

2013 йилда Норвегия аҳолиси 5,3 миллионга яқинлашгани ҳолда у ерда яшаган сурияликлар сони 3,5 минг кишини ташкил қилган. 2014 йилга келиб ушбу кўрсаткич икки баравар ортган. Кейинги йили эса 2,5 баравар ошиб, 19 минга яқинлашган.

Шу билан бирга Европадаги миграция инқирозининг оғир даври ниҳоясига етгач, Шенген зонаси давлатлари ўртасидаги чегара назорати ўрнатилганидан ва Норвегия қонунчилиги талаблари оғирлаштирилганидан сўнг вазият ўзгарди. Натижада 2016 йилда фақатгина 3 минг суриялик Норвегияга келиб жойлашди, 2017 йилда уларга яна 4 минг киши қўшилди.

Сўнгги икки йил ичида муҳожирлар сони асосан оилавий иммиграция ва БМТнинг Суриядан қочоқларни кўчириш дастури ҳисобига ошмоқда. Норвегия 2016 — 2019-йилларда 8 минг сурияликни қабул қилишга ваъда берган.

2015 йилда Норвегияга 31 мингдан ортиқ қочқин келганидан сўнг мамлакат ҳукумати иммиграцияни камайтиришга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширди. Натижада Иммиграция бошқармаси маълумотларига кўра 2016 йилда Норвегиядан бошпана олиш учун атиги 3460 та, 2017 йилда эса 3550 та ариза келиб тушган. Миграция инқирозидан аввал эса бу кўрсаткич йиллар давомида йилига 10 мингтадан кам бўлмаган.

2016 — 2017-йиллар кўрсаткичи қироллик учун 1997 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир, чунки ўша йили собиқ Югославия давлатларидан минглаб қочқинларнинг Норвегияга ёпирилиши ҳам ҳукуматни иммиграция қонунчилиги талабларини сезиларли даражада кучайтиришга мажбур қилган эди.

Сурия, Сомали, Эритрея, Ироқ ва Афғонистондан келган муҳожирлар Норвегияда қочқин сифатида рўйхатдан ўтганларнинг энг катта гуруҳини ташкил қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг