Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Одил судловнинг шаффофлиги: бизда суд қарорлари қачон оммага эълон қилинади?

Одил судловнинг шаффофлиги: бизда суд қарорлари қачон оммага эълон қилинади?

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда эълон қилинган бир халқаро ҳисоботда юртимизга берилган ўрин ва баҳо Ўзбекистоннинг ҳар қандай фуқаросининг юрагини ғашлантирса ажаб эмас. Жаҳон адолат лойиҳаси (World Justice Project) ташкилоти ўзининг 2017–2018-йиллардаги Ҳуқуқ устуворлиги индексининг (WJP Rule of Law Index) Давлат идоралари шаффофлиги (Open Government) йўналиши бўйича 113 мамлакат ичида давлатимизга 108-ўринни берган.

Юртингда оламшумул ўзгаришлар бўлиб турган бир пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга мана шундай баҳо берса, очиғи одамга алам қиларкан. Кейинги пайтда давлат идораларининг шаффофлиги сезиларли даражада яхшилангани ҳеч кимга сир эмас: кўп давлат идоралари ўзларини сайтларига эга бўлишди ва у орқали халқни ўзининг фаолияти билан таништиришни бошлашди. Унда нега Жаҳон адолат лойиҳаси мамлакатимизга шундай паст ўрин берган? Келинг, буни бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Ҳисоботда Давлат идоралари шаффофлиги мезонига қуйидагича таъриф берилган:

«Асосий қонунлар ва уларга оид маълумотларнинг оммага очиқлиги, тушунарли тилда ёзилганлиги ва ўша миллат сўзлашадиган барча тилларда чоп этилганлиги. Шунингдек, ҳукумат томонидан босма ёки онлайн тарзда чоп этиладиган маълумотларнинг сифати ва уларни олишнинг осонлиги; маъмурий қоидалар, қонунлар лойиҳаси ва юқори суд қарорларининг оммага кечикмасдан эълон қилиниши».

Тан олишимиз керак, мамлакатимизда айнан шу охирги жумла бўйича муаммо мавжуд. Ҳисобот мамлакатда омманинг суд қарорлари билан танишиб чиқиш учун имкониятлари чекланганига, мамлакат суд органлари фаолиятида шаффофлик етарли даражада эмаслигига шаъма қилмоқда. Давлатимизнинг Жаҳон адолат лойиҳаси ҳисоботида 108-ўринга тушиб кетишининг асосий сабаби шу бўлиши мумкин. Хўш, муаммо аслида нимада?

Кўз тегмасин, охирги 2 йил ичида суд-ҳуқуқ соҳасида кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Судьялар лавозимга биринчи бор 5 йил, иккинчи марта 10 йил, учинчи бор пенсияга чиққунча бўлган муддатга тайинланадиган бўлди. Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судларнинг моддий-техник базаси анча яхшиланди, уларнинг ойлиги оширилмоқда… ва ҳоказо. Электрон-суд тизими ишга туширилмоқда, яъни энди фуқаролар узоқ жойлардан туриб ҳам судга ўз аризаларини топширишлари мумкин.

Буларнинг барчаси ҳукумат ва халқнинг суд ҳокимиятига бўлган эътибори натижаси бўлиб, эндиликда масаланинг бошқа томони ҳақида ҳам бош қотириш пайти келган бўлса ажаб эмас. У ҳам бўлса республикамиз судларида чиқариладиган буйруқ ва қарорларни зудлик билан онлайн чоп этиш орқали суд ҳокимияти фаолиятининг максимал шаффофлигини таминлашдир. Чунки, суд қарорларининг ҳамон эълон қилинмасдан келинаётганлиги, шубҳасиз, суд ҳокимиятининг халқимиз ишончини тўлиқ қозониши йўлида бугунги кундаги энг катта тўсиқлардан биридир!

Нега энди суд қарорлари омма эътиборига ҳавола қилиниши керак? Суд қарори қабул қилингандан сўнг уни омма этиборига ҳавола этиш учун бир талай оддий ва мантиқий асослар мавжуд.

Биринчидан, судьялар қандай ишламоқда, уларнинг қарорлари адолат ва ҳолислик мезонларига тўгри келаяптими, судьялар ўз қарорларини етарлича асослаб бера олишаяптими каби саволлар ҳамон очиқ қолмоқда. Агар суд қарорлари ва буйруқлари эълон қилинса, судлар устидан жамоатчилик мониторинги шаклланади. Суд қарорлари шаффофлигига эришилмас экан, судьялар холислиги, суд соҳасида коррупциянинг олдини олиш ҳақида гапиришимиз бефойда бўлиб қолаверади. Аслида суд қарорлари шаффофлигини таъминлаш каби оддий бир талаб соҳадаги жуда кўп муаммоларнинг, айниқса коррупциянинг олдини олишнинг энг кам харажатли, жаҳон тажрибасида исботланган, самарали усулларидан биридир. Мазкур тартиб судьяларни ўз устида тинимсиз ишлашга, ўз фаолиятини сифатли йўлга қўйишга, асосли ва адолатли қарорлар чиқаришга ундайдиган воситадир.

Иккинчидан, суд қарорларининг шаффофлигини жорий этиш учун етарли ҳуқуқий асослар мавжуд. Бу тартиб аслида Конституция талабидир. Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 30-моддасида шундай дейилади:

«Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бош­қа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим».

Қолаверса, муаммо юзасидан юртимизнинг энг йирик сиёсий партияси бўлган Ўзлидепнинг сайловолди дастурида «суд қарорларини уларнинг расмий веб-сайтларида электрон шаклда эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш» деган банд мавжуд. Юртимиздаги йирик ҳуқуқшунос олимлар ҳам ўзларининг турли мақолаларида бу масалани шу пайтгача бот-бот тилга олишган.

Учинчидан, хориж тажрибаси ҳам суд қарорларининг шаффофлигини таъминлаш мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш борасидаги энг тўғри усуллардан бири эканлигини исботлайди.

Келинг, дунё давлатлари тажрибасига эътиборимизни қаратайлик. Европа ва Америка қитъасидаги барча саноатлашган давлатлар суд қарорларини доимо очиқ сақлашади. Ушбу тажрибага кўра суд қарори судья муайян иш бўйича қарор қабул қилган кундан кўп вақт ўтмасдан, суд сайтидаги қарорлар рўйхатига қўшилади ва ҳар қандай фуқаро ушбу қарор матни билан бевосита танишиб чиқиш имкониятига эга.

Суд сайтида қарорлар базаси шакллантирилган бўлиб, фуқаро мавзу ва кун асосида суд қарорини топиб, ўрганиб чиқиш имкониятига эга. Ушбу ҳолат айниқса ҳуқуқ соҳасидаги талабаларга, оммавий ахборот воситалари ходимларига, журналистларга қулайлик яратади.

Осиё йўлбарслари ва Япония суд ишини ташкил қилиш амалиёти ҳам ушбу тажрибанинг тўғри эканлигини тасдиқлайди. Унда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги(МДҲ)га кирувчи давлатларда аҳвол қандай? МДҲ давлатларининг кўпчилигида, хусусан, Россия, ҳатто девор-дармиён қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам суд қарорлари Олий суд порталида эълон қилинади. Масалан, Қозоғистонда судлар 2009 йилдан буён барча турдаги қарорларини ўз сайтларида оммага тақдим қилиб келишмоқда. Қирғизистонда эса бундай амалиёт 5 йил аввал бошланган. Этиборингиз учун қуйида Қирғизистон давлатининг суд қарорлари тўплами веб-сайтидан олинган лавҳани келтирамиз:

Тўртинчидан, суд қарорларини оммага тақдим қилишнинг юридик таълимда ўрни жуда катта. Суд қарорлари шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқшунослик университетлари ва факультетларида таҳсил олаётган талабаларни тайёрлаш жараёнига ижобий таъсир ўтказади. Биз кўпинча «Нега ҳуқуқ бўйича ўқув даргоҳлари сифатсиз кадрлар етиштираяпти? Нега юртимиз манфаатини маҳаллий ва халқаро арбитраж судларида етарлича ҳимоя қила оладиган кадрлар чиқмаяпти?» деган асосли фикрларни эшитамиз.

Амалдаги ҳуқуқий таълимнинг энг оғриқли томони шундаки, ҳуқуқшунослик соҳасидаги юртимизнинг энг илғор таълим масканлари ҳисобланган Тошкент давлат юридик универистети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети талабалари ҳозир ўзлари ўрганаётган қонунлар ва назарий кўникмалар амалиётда қандай татбиқ этилаётганлиги ҳақида етарлича тушунчага эга эмас. Улар қонунлар амалиётини ўзлари ишлаб чиққан хаёлий мисоллар орқали ўрганишда давом этишмоқда. Бу эса ҳуқуқий таълим сифатига таъсир қилмоқда. Ҳуқуқ соҳасида хорижда ўқиб келган талабаларнинг билим даражаси юқори эканлигининг яна бир сабаби ҳам айнан шунда бўлса ажаб эмас. Хорижда ҳуқуқшунослик факультети талабалари нафақат қонунлар ва уларнинг назарий асосларини, балки мазкур қонунлар амалиётда қандай қўлланаётгани, суд низолари қандай ҳал қилинаётганини ўрганиб, ўқув юртини мустаҳкам билим билан тамомлашларига имконият яратилади.

Бешинчидан, суд қарорларининг шаффофлигини таъминлаш юртимиз инвестиция муҳитининг халқаро рейтинглардаги ўрни юксалишига ҳам хизмат қилади. Юртимизга сармоя киритаётган хорижлик инвестор ва унга хизмат қилувчи адвокатлар амалиётдаги муаммоларга судьяларимиз қандай жавоб бераётганини шу пайтгача ҳал қилинган суд қарорлари орқали билишга ва улардан ўз бизнес режаларини тузишда фойдаланишга интилишади. Бу ҳолат ҳуқуқий барқарорлик(legal stability)ка олиб келади.

Ҳаммага маълумки, бир давлатнинг инвестиция иқлими жозибадорлигининг кўрсаткичларидан бир ҳам нафақат яхши қонунлар борлиги, балки ўз ишини яхши биладиган, қобилиятли, мустақил судьялардан иборат судлов тизимининг ҳам мавжудлигидир. Бунга фақат улар қабул қилган ва қилаётган қарорларнинг сифатига қараб амин бўлиш мумкин. Улар суд қарорлари шаффофлиги таминланмаган давлатга сармоя киритишга иккиланишлари табиий ҳол.

Юқорида кўриб ўтганимиздек, суд қарорларининг тезкор равишда эълон қилиниши юртимиз ва халқимиз равнақи учун зарур экан, нега бу масала ҳамон ҳал этилмаган? Бу муаммони ечими бўйича мамлакатимизда нима қилинмоқда?

Аслида фуқаролик ишлари бўйича юртимиз судларида АКТни жорий этиш ва ундан кенг фойдаланиш мақсадида 2013 йили Ўзбекистон Олий суди ва БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида э-суд электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилган. Шу билан бирга, Миллий электрон судлов ахборот тизими ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозир Олий суд расмий сайтида унинг алоҳида саҳифаси мавжуд. Ўша саҳифада «Суд қарорлари банки» мавжуд бўлиб, ўша тугмачани боссангиз, фуқаролик ишлари бўйича судлар чиқарган ва кучга кирган суд қарорлари билан фуқаролар бемалол таниша олиш имконига эга бўлишлари керак эди.

Бироқ 2013 йилдан бери мана беш йил ўтаяптики, ҳалигача «Суд қарорлари банки» фойдаланишга яроқли ҳолатга келмаган. Олий суд ахборотномаси ва унинг сайтида бир неча суд қарорига шарҳлар ва пленум қарорларигина эълон қилинган холос. Баъзан Олий суд сайтига кириб уларни ўқишнинг иложи йўқ. Сайтга қўйилган файлларнинг кўпчилиги ҳатто очилмайди ёки «error» (хато) чиқаради. Қонун ҳужжатлари республика миллий базасида ҳам «Суд амалиёти» номли чиройли рукн мавжуд, бироқ унга ҳам жуда оз қарорлар қўйилган ва у ҳам деярли ишламайди.

Шу ҳолат бўйича ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, чет элда яшаб қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича тадқиқот ўтказиш пайтида япониялик профессорлар биздан ўз юртимиздаги сўнгги суд амалиёти ва уларга оид академик баҳс-мунозаралар ҳақида фикр сўрашади. Шунда ҳолатни қандай тушунтиришни билмай қоламиз. Чунки бизда ҳамон ҳуқуқнинг турли соҳаларида юз бераётган низолар бўйича чиқарилган суд қарорлари ва уларнинг статистикасига оид маълумотларни олиш имконияти мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқий тадқиқот олиб бориш ва ҳуқуқ назариясининг ривожланиши учун жуда жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Республикамиз Олий судининг э-суд тизимида 5 йилдан буён давом этаётган ҳолат мисолида:

Шу ерда зийрак ўқувчимизда 2 та муҳим савол туғилиши табиий. Биринчиси, шунча суд қарорларини қандай қилиб электронлаштиришимиз, бу вақт олмайдими? Авваламбор электронлаштириш масаласида катта хавотирларга ўрин йўқ. Судларимизда аллақачон бундай ички электрон тизим мавжуд ва улар чиқарилган ҳар қандай қарорни тезлик билан ўша тизимга қўшиб қўйишади. Муаммо шундаки, ўша ички электрон тизимдаги қарорларни халқимиз ўқий олмайди. Агар вилоятдаги судлар томонидан кўрилган низолар тизимлаштирилмаган бўлса ҳам, улар судья ва суд котиби компютерида сақланади. Бундан ташқари, Адлия вазирлигидаги Миллий қонунчилик базаси (Lex.uz) мана 10 йилга яқин жуда муваффақиятли тарзда ҳар бир янги қонун ҳужжатини халқимиз эътиборига ҳавола қилиб келмоқда. Биз «Lex.uz» тажрибасини суд амалиёти шаффофлигига эришиш учун ҳам татбиқ этишимиз мумкин.

Тушуниш керак, олдинги ишларни эълон қилишда ёки уларни электронлаштиришда турли-туман муаммолар бўлиши мумкин. Ундай бўлса, ҳеч бўлмаганда, бундан кейин чиқадиган суд қарорлари ва буйруқлари эълон қилиниши ва омма эътиборига ҳавола этилиши зарур.

Иккинчи савол эса шундай: баъзи бир нозик ишлардаги суд қарорларининг махфийлиги таъминланиши керак эмасми? Албатта таъминланиши лозим. Халқаро амалиётга қарайдиган бўлсак, давлат хавфсизлиги, вояга етмаган ва жинсий тажовузга учраш каби якка шахс ёки бир оила шаънини омма олдида ҳимоя қилиш учун авваламбор бундай суд ишларининг ёпиқ ҳолда ўтказилиши кўп учрайди.

Юртимизнинг қонунчилигида ҳам бундай нозик ҳолатларга нисбатан истиснолар мавжуд. Агар ушбу ишларнинг босма ҳолатда ёки судларнинг интернет базаларида онлайн тарзда чоп этилиши давлат сирининг фош бўлишига, шу орқали оммавий тартибга дахл қилса ёки вояга етмаган шахс ёхуд жинсий тажовузга учраган инсоннинг обрўсига путур этказса, бундай суд қарорларини эълон қилмасликда муаммо кўрмаймиз.

Ривожланган давлатларда бундай суд ишлари бўйича чиқарилган қарорлар баъзан омма этиборига ҳавола этилмаса-да, кўпинча ўша суд қарорларининг баъзи қисмлари қисқартирилади ёки у ердаги шахсларнинг номи умуман кўрсатилмайди. Бундай амалиёт айниқса халқаро тижорат ва инвестиция арбитражи фаолиятида яққол намоён бўлади. Бундай ўрта йўл тутиш орқали ривожланган давлатлар ҳам якка шахслар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, оммани ҳам суд амалиёти билан таништириб кетишнинг уддасидан чиқишади. Юқоридаги ҳолатни ижобий ҳал қила олиш имконияти бўйича, ўйлаймизки, бизнинг ҳам улардан ҳеч қандай қолишадиган жойимиз йўқ.

Умид қиламизки, тегишли давлат органлари, хусусан Олий суд ва Адлия вазирлиги юқоридаги долзарб масала бўйича амалий қадамлар ташлаган ҳолда, суд қарорларининг шаффофлигини таъминлашади ва юртимизнинг Жаҳон адолат лойиҳаси индексидаги мавқеи юксалади. Шундай кунларни кўриш барчамизга насиб қилсин.

Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (Япония)
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, PhD,
«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг