Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғирликни одат қилган аёл маҳаллага маслаҳатчи бўлди

Ўғирликни одат қилган аёл маҳаллага маслаҳатчи бўлди

Фото: «Hayinfo»

Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи Алтинай Сағинбаева (исм-шарифи ўзгартирилган) бир неча марта ўғирлик қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган бўлса ҳам, бундан тегишли хулоса чиқармади.

Сўнгги марта қишлоқдошларининг қимматбаҳо нарсаларини ўғирлаётганида қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу иш жиноят ишлари бўйича Элликқалъа тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, Алтинай Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси билан айбдор, деб топилди, дейилади «ЎзА»да эълон қилинган мақолада.

Энг қизиғи, у Элликқалъа тумани хотин-қизлар кўмитаси кафолат хати билан суд залидан озод этилиб, келажакда ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик, феъл-атворини яхшилаш мақсадида ўзи яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси у билан бевосита шуғулланишга кафолат берди.

– Бундай ғамхўрлиги учун туман хотин-қизлар кўмитаси раисига миннатдорлик билдираман, – дейди Алтинай Сағинбаева. – Келажакда бундан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш хотин-қизлар қўмиталарининг асосий фаолият йўналишидан бири қилиб белгиланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг