Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Огоҳлик қўнғироғи: «Россияга кетяпман... »

Огоҳлик қўнғироғи: «Россияга кетяпман... »

Фото:«Российская газета»

«Россияга кетяпман..!» Кунлар илиб улгурмай, қулоққа бот-бот чалинмоқда ушбу сўз. Юртимизда онда-сонда қиш изғиринлари бўлиб турган вақтда, шимолий ўлкаларда қандай ҳарорат эканини ўйлашга ҳам қўрқасан киши.

Авваллари, ўн-ўн беш йиллар нари-берисида вазият ўзгачароқ эди. Наврўз ўтиб, борлиқ кўкка буркангач, дала ишлари тугагач, одамлар сафархалтани елкага илиб, Россия томон йўлга тушишарди.

Бугун замон тезлашди.

Қишлоқ кўчалари кезсангиз деворлар орасидан ушбу мазмундаги саслар ёриб чиқади:

«Фалончи чет элга кетяпти экан. Ғунажинини пуллабди. Уйида туролмасмиш... »

«Қўшним қарз сўраб чиқди. Россияга бориб, биринчи маошимдан узаман дейди. Топиши яхши эди аввал, ҳозир ойлаб топганини дарров еб қўйяпти эмиш... »

«Ўғлим вокзалдан телефон қилди. Айтишича, билет кам, одам гавжум. Йўл ҳақининг қимматлашганини кўриб, ота, энди қишлоққа келишим ҳам камаяди, чоғи дейди қурмағур... »

Қишлоқдан сал марказроққа чиқсангиз янада совуқроқ гаплар қулоққа чалинади:

«Тўрт йил университет тупроғини яладим. Расмий идорага ишга кириб ҳам рўшнолик кўрмадим, ярим кечагача иш, мажлис. Хорижга кетсам, менам уй қурардим, машина олардим, балки».

Бир дўстнинг ҳикояси: «Жанубий Кореядан таътилдан қайтиб, бир таълим даргоҳига учрашувга бордим. Ёшлар чет элда ўқишимни билиб, қизиқиб киришди мажлисга. Илм ҳақида янграши керак бўлган маъруза, хорижга қандай кетиш, тил ўрганиш, пул топишга эврилиб кетди. Айримлар ягона мақсади шу эканини яшириб ҳам ўтирмаяпти. Ваҳоланки, улар ўқийдиган китобларда юртимизда ёшларга кенг имкониятлар берилаётгани, янгиланишлар даврида ҳаммаси ўзгаргани бот-бот такрорланади. Телевизорни ёқсанг ҳам шу. Сўз билан амалнинг тўғри келмаслиги катта муаммо».

Қариндошимнинг ҳикояси: «Умримнинг охирги ўн йили эгизакларга ўхшайди — бир-бирига ўхшаш. Уй, чамадон, вокзал, Россия, яна вокзал, уй... Катта боламнинг қандай мактабга чиққани, уйда дарс қилаётганини илк бор интернет орқали кўрганман. Мени болалигим бошқачароқ эди: дадам ишдан келиб, бизга уй вазифаларида ёрдам берарди. Демак, менинг боламнинг болалиги... Ўйламасликка ҳаракат қилсамда, оддий нарсалар ҳам буни ёдимга солади. Қишлоқдошларни бу ерда кўрсам, иложи борича юрт ҳақида гапиришга ҳаракат қиламан. Қишлоққа қайтгандек бўламан, ичимга иссиқлик киради... »

Муаллимнинг ҳикояси: «Ўзлаштириши яхши бўлган ўқувчиларимдан бири тўсатдан айниди. Табиийки, бундан ташвишга тушдим. Тергашларни ҳам писанд қилмади. Оддийроқ услубни ишга солдим: хўш, битириб нима қиласан, бу ўқиш билан? Ўқувчи киприк қоқмай жавоб қайтарди: «отам ва икки акам хорижда ишлаб ёмон топмаяпти. Менам уларга қўшиламан».

Билдим: мақсадлар, дунёқараш ўзгарган. Муҳит ва гап-сўзлар бола руҳиятига қаттиқ таъсир қилган. Отасининг хориждаги муваффақияти ва атрофидаги реаллик унинг қарорини қатъийлаштирган. Ваҳоланки, дунё ва давр ўзгарувчанлигини у ҳисобга олмаяпти... »

Мигрантлар ҳақида бот-бот ёзилди, ёзилмоқда, яна ёзилади. Бир вақтлар бизга «ўгай» бўлган бу масала кейинги пайтларда очиқликка юз тутди. Бу ҳақда кўпроқ бонг уришимиз, гапиришимиз керак.

«Россияга кетяпман..!».

Ушбу сўз биз учун ҳар доим огоҳлик қўнғироғи бўлиб қолади. Бу иложсизлик, қашшоқлик ва бошқа муаммолар ортидан туғилаётган сўздир.

Тўғри муаммони айтиб, бирдан ҳал этиб бўлмайди. Ҳамкасблардан бири «Нега танқид қиласан фақат, таклиф ҳам берсангчи?!» иддаога мазмунли жавоб қайтарибди: «Бирон нарсани танқид қилишнинг ўзиёқ, унга ечим излашга уринишдир».

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг