Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олимнинг ўлими исломдаги бўшлиқ, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди...

Олимнинг ўлими исломдаги бўшлиқ, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди...

Фото: «Fitrat.uz»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этдилар. У зотни устозлар устози деб аташади. Бугунги кунда мамлакатимиздаги мусулмонларнинг пешқадамларидан бўлганларнинг кўпчилиги Шайхнинг мураббийлиги остида диний таълим олган эдилар.

Бу зот машҳур олим, даврнинг имоми, собиқ шўро ҳудудидаги мусулмон умматининг виждони эдилар. У киши собиқ иттифоқ ва ундан кейинги даврни боғлаб турувчи ҳалқа эдилар. Ўрта Осиё ва Россияда исломий таълим ва тарбиянинг ҳаётий анъаналари асосан у зот туфайлигина узилиб қолмади. Большевиклар инқилобидан ҳам аввал яшаган устозларидан таълим олиб, бу билимларни мустаҳкамлаб, зиёдаси билан кейинги авлодга қолдирдилар.

У зот собиқ иттифоқ ҳудудида жаҳонга танилган ягона мусулмон олими эди ва шундай ҳам бўлиб қолади. Агар МДҲ мусулмонларининг раҳбари бўлишга лойиқ бўлган киши ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда, авваламбор, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг исмини эсламасликнинг иложи йўқ. Унинг сўзларини президентлар, қироллар, вазирлар ҳамда Ер шарининг турли жойларидаги миллионлаб оддий инсонлар тинглашар эди.

Фото: «Islom.uz»

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Бутундунё уламолари кенгаши уюшмаси, «Бутундунё ислом робитаси»нинг таъсис мажлиси, Бутундунё тасаввуф уюшмаси, Бутундунё мусулмон халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутундунё даъват уюшмаси ва яна бошқа бир неча ташкилотларнинг аъзоси эдилар. У зот Саудия Арабистони, Иордания ва Покистондаги бир нечта университетларнинг фахрий профессори эдилар.

У зотнинг номлари илк бор ХХ асрнинг 80-йилларида тилга олина бошланган эди. Собиқ иттифоқдаги қайта қуриш даврида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси ва собиқ совет Олий кенгашига депутат этиб сайландилар.

Гувоҳларнинг хабар беришича, собиқ иттифоқда исломга нисбатан давлат даражасидаги даҳрийлик сиёсатининг енгиллаштирилиши ва кейинчалик буткул бекор қилинишида айнан у зотнинг хизматлари катта эди. 1989 йили Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўша пайтдаги президент Михаил Горбачёвга мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённомани тақдим этдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди.

Фото: «Uz24.uz»

Шундан сўнг давлатнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгаришлар сезила бошланди. Кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, диний адабиётлар чоп қилина бошланди, аввал ман қилинган нарсалар пайдо бўла бошлади.

Шайхнинг депутатлик сўровномасига кўра, Михаил Горбачёв собиқ иттифоқдан мусулмонларнинг ҳаж сафарига боришни ташкиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди, бу эса коммунистик давлат учун улкан воқеа эди. Етмиш йил давомида мусулмонлар Исломнинг беш арконларидан бирини адо қилиш имконидан маҳрум эдилар. Биринчи уч йилликда собиқ иттифоқдан ҳаж зиёратига борган зиёратчилар Саудия Арабистони қироли Фаҳд ибн Абдулазизнинг шахсан меҳмони бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шунингдек, тинчликпарварлик соҳасида кўп саъй-ҳаракат қилдилар. Совет иттифоқининг Олий кенгаши делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар, жумладан, афғоний жиҳод қўмондонлари билан совет ҳарбий асирларининг озод қилиниши борасида музокаралар олиб бордилар.

Шайх ҳазратлари XX аср охири — XXI аср бошларида Ислом оламида юз берган кўпгина таназзулий воқеаларни кўриш ва уларни ичидан ўрганиш имкониятига эга бўлди. 1993 йили Ўзбекистон муфтийси лавозимидан кетганидан сўнг, у зот узоқ вақт турли мусулмон ўлкаларида яшаб, меҳнат қилди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юзлаб китоб ва маърузалар муаллифидир. У зот тарафидан ёзилган Қуръони каримнинг тафсири 22 жилд, ҳадислар шарҳи эса 39 томдан иборатдир (!!!). У зотнинг радио орқали қилган ҳафталик маърузалари кўп кишилар учун ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб қолган эди. У зот миллионлаб кишиларнинг хонадонига маънан ташриф буюриб, уларнинг доимий ва азиз меҳмони, ҳатто оила азосига айланиб улгурган эдилар.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ислом шиори остида ҳаракат қилувчи ҳар қандай радикал ҳаракатларга жиддий ва доимий равишда қарши чиқиб, бу масалаларда доим маҳкам турди. Содиқлиги ва теран илми — мана шунинг учун у зот севилди ва ардоқланди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий замонавий мусулмон кишининг гўзал намунаси эдилар. У зотнинг шариат аҳкомлари ва ижтимоий фанларни чуқур эгаллаганлиги ҳамда улкан ҳаётий тажрибаси турли ҳолатларда исломий ҳукмларни тўғри қўллаш учун имкон берар эди. Шайх ҳозирги ўзгарувчан ва мураккаб замонамизда мусулмон бўлиб қолиш санъатини — ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай идорада, ҳар қандай шахс олдида Аллоҳнинг кўрсатмалари ва ҳукмига тобеъ бўлган ҳолда зоҳир бўлиш санъатини моҳирлик билан эгаллаган эди.

«Ҳар бир мусулмон, унинг ҳаёт тарзи, унинг хатти-ҳаракатлари ва нутқи — исломнинг нима эканлигини кўрсатувчи энг таъсирли қўлланмадир. Энг-энг катта даъват — мусулмоннинг мақтовга сазовор ва гўзал амалидир», — деган эдилар.

Фото: «Islom.uz»

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий олим эдилар. У зот фақат билимларни эгаллабгина қолмай, уларга амал қилар эдилар. У зот ўзи ишонган даъват қилган шаклда яшар, ўзи яшаган шаклда даъват қилар эди. Шу боис у зотнинг сўзлари қалблардан дарров ўрин олар эди.

Шайх ҳазратларининг асосий орзулари нафақат ислом умматининг уйғониши, балки бу уммат яна Аллоҳ таоло мусулмонларни Қуръони каримда: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», деб васф қилганидек бўлиб қолиши эди. У зот бу орзу билан яшади, ҳаракат қилди. Ўз даргоҳига Ислом оламининг келажаги ҳақида сўраб келганларни мана шунга ўргатди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг охирги маърузаларидан бирида афсус билан шундай деган эдилар: «Ғайримусулмон дунёси мусулмон оламига қараб: мусулмонларнинг ўзлари аввал ўзаро муроса қилиб, ораларидаги муаммоларини тинч йўл билан ҳал қила оладими? Ноисломий усулларни қўллаётганларни бартараф қила оладиларми, деб жуда тўғри савол бермоқда. Биз экстремизм, терроризм ва радикализмни ўз қалбларимиздан тубдан олиб ташлаш учун ҳақиқатан ҳам кўп куч, аҳамият ва воситаларни сарфлашимиз керак бўлади. Тинчликсиз умматнинг ривожи ва ўсиши мумкин эмас».

Ислом дини инсонларга уларнинг масъулияти, яъни инсониятнинг Аллоҳ олдидаги, Расулуллоҳ (с.а.в.) олдидаги, Қуръон олдидаги, халқ олдидаги масъулиятини билдириш учун келган. Мусулмонга улкан масъулият юклатилган. У ҳақиқий мўмин бўла олиши учун, бу дунё ва у дунёда раҳматга сазовор бўлиши учун бу масъулиятни бажармоғи лозим. Бу масъулиятни биз англаб етмоғимиз даркор. Ҳар бир мусулмон ўз динида қандай яшаш, Аллоҳга қандай ибодат қилиш, ўзининг мусулмон биродарига ва ғайримусулмонга қандай муносабатда бўлиш кераклини ўрганиши, бошқа турли саволларга жавобни билиши лозим».

«Жануби-шарқий Осиё халқларининг қандай қилиб Ислом динини қабул қилганлигини эсланг. Одамлар тарозидан урмайдиган ва ҳисобда алдамайдиган ва барча харидорлар билан бирдай хушмуомала бўлган тожирларни кўрган эди. Бу тожирлар ўзаро ёрдамлашиб, бир-бирлари билан ноҳақ рақобатлашмас эдилар. Сизнинг бундай бўлишингизга нима сабаб, деб сўралганларида бунга динимизни сабаб, деб кўрсатишдилар. Ҳақиқий мусулмон ҳар қандай ўринда ҳам ўринли муомала қилади. Мана шу энг таъсирли даъватдир». Мана шу сўзлар ҳам у зотнинг сўнгги маърузаларидан эди.

Биз Аллоҳ таолодан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини пешқадамлар билан Жаннат боғларида бирга қилишини, у зотни мағфират қилиб, ўзи муҳаббат қилиб, доим ўрнак олиб келган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар бўлишини насиб этишини сўраб қоламиз.

Абдулла Ринат Муҳамедов
Абу Муслим таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг