Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оққўрғондаги мактаб-интернат мансабдор шахслари устидан жиноят иши қўзғатилди

Оққўрғондаги мактаб-интернат мансабдор шахслари устидан жиноят иши қўзғатилди

Фото: Тошкент вилояти прокуратураси

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ўрганилиб, текширилганда ўта қўпол қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси сайтида хабар берилди.

Текширишда аниқланишича, мактаб-интернат мансабдор шахслари узоқ йиллар давомида кўзбўямачиликка йўл қўйиб, юқори турувчи инстансияларга таълим-тарбия муассасасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида нотўғри маълумот бериб келишган.

Хусусан, текшириш вақтида мактаб-интернатда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.

Масалан, мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил этилмаган, ётоқхонада яшовчи болаларга ювиниш учун шароитлар яратилмаган, ҳаттоки таълим муассасасининг 33 нафар ходимлари тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келишган.

Ачинарлиси, кўп йиллардан буён мактаб-интернат ётоқхонасида мавжуд ҳожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келаётганлиги ҳамда зарарсизлантирувчи эритмалар таъминоти йўқлиги натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинган.

Таълим муассасасининг мансабдор шахслари томонидан ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва болалар касалланишининг олдини олиш чоралари кўрилмасдан, аксинча, нотўғри даволаш ишлари ўтказилиб, тиббий меъёрларга мос бўлмаган муолажалар олиб борилган.

Бундан ташқари, муассасада таълим-тарбия ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида номаълум шахслар томонидан таълим муассасасининг 16 ёшга тўлмаган тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилинган.

Шунингдек, муассаса раҳбариятининг бепарволиги оқибатида таълим муассасасининг 16 ёшли бошқа бир тарбияланувчиси И.Соколовнинг бир ярим ойдан буён дарс машғулотларига қатнашмасдан бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берилмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг