Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Оқтепа лаваш»даги суварак можароси: аслида нима бўлган эди? (видео)

«Оқтепа лаваш»даги суварак можароси: аслида нима бўлган эди? (видео)

«Битта лаваш беринг, қайтими керакмас».

Фото: «Суварак» мультфильмидан лавҳа

Маълумки, «Оқтепа лаваш» фаст-фуд тармоғи пойтахтда кенг тарқалиш билан бирга вилоятларда ҳам ўз шохобчаларини очган. Ҳамиша гавжум бўладиган «Оқтепа лаваш» йиллар давомида ўз мижозлари сонини мунтазам ошириб келди. Аммо...

Интернетни яшин тезлигида «айланиб чиққан» сувараклар лавҳаси ҳар қандай мижозни ўйга толдириши табиий. Айниқса, нафақат деворларда, балки бевосита егуликларнинг устида юрган сувараклар кўпчиликнинг бу маҳсулотларга бўлган шубҳасини янада кучайтирди. Ижтимоий тармоқларда ҳар доимгидек ғужғон ўйнаётган фикрлар хилма-хил ва мутлақ кўпчилик бу ҳолатни қоралаган.

Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Оқтепа лаваш»нинг очиқ манбалардаги боғланиш рақами бўлган 273-20-44 телефон рақамига қўнғироқ қилдик. Раҳбарлардан кимнидир чақириб беришларини сўраганимизда бир йигит ўзини иш бошқарувчи деб таништирди ва ҳарчанд илтимос қилмайлик, исм-шарифини очиқламади. Начора, суҳбатлашавердик.

— Бу ҳолат қайси шохобчада юз берган?

— Оқтепа майдонидаги шохобчамизда.

— Ўзи умуман республика бўйича нечта шохобчангиз бор?

— Бу саволингизга жавоб бера олмайман.

— Суваракларнинг бу қадар кўпайиб кетишига нима сабаб деб ўйлайсиз?

— Бир неча сабаблар бор. Аввало биз тагида фаолият юритаётган уй анча эски, сувараклар бўлиши табиий. Об-ҳавонинг совиб кетиши натижасида ҳашаротлар ҳам ўзларига иссиқ жой излаган. Энг асосий сабаб юқоридаги қўшнилардан бири уйини дезинфекция қилдиргани натижасида ҳамма сувараклар қочиб пастга тушишган.

— Бу ҳолатни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилди?

— Ўзи 15 январь куни шохобча тўла дезинфекция қилинганди. Бу ҳолатдан кейин қўшнилар билан келишиб, бутун уй қайта дезинфекцияланди.

— Ижтимоий тармоқларда тарқалган биринчи видеолавҳадан кейин иккинчиси ҳам эълон қилинди. Унда барча ходимлар шохобча ёнида саф тортиб туришибди.

— Ҳа, шундай бўлди. Бунга икки сабаб бор: аввало мижозларимиздан шу тарзда узр сўраяпмиз, иккинчидан, ҳамма ходимлар билан бундай ҳолат қайта юз бермаслиги учун қаттиқ тушунтириш ишлари олиб борилди.

«Оқтепа лаваш»даги ҳолат ҳар қандай фаст-фуд тармоғида юз бериши мумкин. Демак, Давлат санитария-эпидемиология назорати бу масалага жиддий қараши шарт. Биз мавзуни ўрганишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг