Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оқтепа маҳалласидаги Баҳор берк кўчаси масъуллар назаридан четда қолмоқда (видео + фото)

Оқтепа маҳалласидаги Баҳор берк кўчаси масъуллар назаридан четда қолмоқда (видео + фото)

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» таҳририятига ўқувчилардан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Электрон манзилимизга келган хатлардан бирини Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро жўнатибди. Фотосуратлари ҳам илова қилинган мактубда пойтахтнинг Юнусобод тумани Оқтепа маҳалласи Баҳор берк кўчасидаги муаммолар тилга олинган.

«Юнусобод тумани Оқтепа маҳалласига қарашли Баҳор берк кўчаси 1992 йилдан бери асфальт қилинмаган. Атрофдаги бошқа кўчалар ҳар 4-5 йилда асфальтланса-да, негадир бу кўча кўздан панада қолиб кетаяпти. Камига сув қувурларимиз эскириб кетганди.

Яқинда шу кўчада яшовчи ҳар бир хонадондан 1,8 миллион сўмдан йиғиб сув қувурларини алмаштирдик, ҳали маҳалламизга етиб келмаган канализация учун қувур ўтказдик. Канализацияга қачон уланишимиз ҳам номаълум, атрофдаги маҳаллалар эса уланган.

Ёмғир, қор ёққанида кўчада юриш пиёдалар тугул машиналар учун ҳам оғир. Айниқса, мактаб, боғчага борувчи болаларга қийин. Охири бир амаллаб шағал ётқиздик.

Энди кўчани асфальт қилиш керак. Ҳисоблаб кўрсак, ҳар бир хонадондан 2 миллион сўмдан йиғишимиз керак экан. Кўчадаги хонадонларда боқувчисиз, қария ва пенсионерлар ҳам яшайди, улар бунча пулни қаердан олади?

Юнусобод туман ҳокимлигига бу борада қилган мурожаатимизга эса маблағ йўқ деган жавоб олдик. Илтимос, мурожаатимизни «Xabar.uz»да ёритсангиз, зора мутасаддилар ўқиб, муаммомизга ечим топиб беришса», — дейилади мактубда.

Кўчанинг олдинги ҳолати.
Кўчага шағал тўкилгандан кейинги ҳолат.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг