Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқувчилар пешонасига икки қўйган мактаб раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилди

Ўқувчилар пешонасига икки қўйган мактаб раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилди

Тошкент вилояти Бекобод шаҳар прокуратураси Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган нохуш воқеа юзасидан тергов олди текширув ишларини ўтказди.


Мавзуга доир: Фотофакт! Пешонага ёзилган «2»лар... Қаерда ва қачон?


Маълум бўлишича, 2018 йил 3 май куни Тошкет вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси М.Ҳ. шу даргоҳда тахсил олаётган 1-«ж» синфининг тўрт нафар ўқувчисини уй вазифасини тайёрлаб келмаганликда айблаб, жазо сифатида синфдаги барча ўқувчиларнинг кўз ўнгида «икки» баҳони ручкада уларнинг пешонасига ёзиб қўйган.

Ушбу воқеадан хабар топган мазкур мактабнинг яна бир ўқитувчиси С.Р. касбдоши М.Ҳ.га нисбатан бўлган эски адовати сабабли эртаси куни ўша ўқувчиларни ўз хузурига чақириб, ғаразли ниятда уларнинг пешоналарига «икки» рақамини қайтадан ёзиб, шу кўринишларида уларни уяли телефон ёрдамида суратга олган. Олинган суратни эса интернетдаги тармоқларга касбдоши М.Ҳ. номидан жойлаштирган.

Интернет саҳифаларида шов-шувга сабаб бўлган бу сурат кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Текширув натижасида ўқувчиларини хўрлаб, ҳуқуқини поймол қилган икки нафар ўқитувчи С.Р. ва М.Ҳ. таълим ходими, деган номга нолойиқ деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигидаги тегишли моддаларга мувофиқ ишдан бўшатилдилар.


Мавзуга доир: Пешонага қўйилган «2»лар: мактабдаги бир қатор мансабдорлар ишдан олинди


Таълим ходимларининг шундай қабиҳ ишларни қилишларига замин яратиб берган мактаб директори Д.Б. ҳамда беш нафар директор ўринбосарлари ҳам ўз лавозимларидан озод этилдилар.

Таълим-тарбия ишларидаги йўл қўйилган камчиликлари учун Бекобод шаҳар халқ таълими мудири М.Қўзибоевга эса интизомий жазо чораси сифатида «Ҳайфсан» эълон қилинди.

Ўтказилган текширув ишлари натижасида шунингдек, мактаб учун давлат томонидан ажратилган 21 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи мазкур таълим масканининг раҳбарлари томонидан талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатди, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг