Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ортганини нима қилай ёки сумалакни ростдан ҳам шунчалик яхши кўрамизми?

Ортганини нима қилай ёки сумалакни ростдан ҳам шунчалик яхши кўрамизми?

Бир қозон сумалак бутун маҳаллага етади-ку ахир.

Фото: «gastronom.ru»

Наврўз эшик қоқмоқда. Табиат ўйғонди. Ҳамманинг кўнглида ажойиб ҳислар...

Кўп қаватли уйда яшаймиз. Қўшнилар билан маслаҳатлашиб, анъанага кўра бу йил ҳам сумалак қиладиган бўлдик (аниқроғи, аёллар шу қарорга келишди, эркаклар сўзсиз маъқуллашди). Пуллар йиғилди, хизматлар бўлинди.

Буғдой етилган куни эркаклар йиғилиб, ёнимиздаги чойхонанинг қозонини олиб келдик. Қўшни опа бош чайқади: «кичкина!». Маҳалланинг дошқозонини келтирдик. Кичик қозонга ош дамланди, каттасида сумалак қайнади. Болалар ўйнаб-кулишди, эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида бўлиб дастурхон тузадик. Қизиғи, қўшни уйларда ҳам қозон-қозон сумалак қайнар, ҳамма бир-бирларининг сумалагини ковлаб кетарди. Бу жараён албатта жуда мароқли эди.

Эртасига ишга жўнадим. Қайтганимда болаларим катта-кичик идишларда бир пақир атрофида сумалак олиб киришганини кўрдим. Шукрона қилиб тотиндим. Ярим пиёлача едим ҳам...

Таниш-билишларга тарқатдик. Шунда ҳам ярим пақирчаси ортиб қолди. Бир ҳафтача музлаткичнинг асосий қисмини эгаллаб ётган сумалакни деярли ҳеч ким емади. Бу орада биз сумалак бериб юборган идишлар худди шу баҳорий таом билан қайтиб келди. Хуллас, ҳаммаёқда сумалак!

Бу кундалик ейиладиган таом эмаски, ўртага олиб товоқлаб тановул қилсак ва тугатиб юборсак ёки ортганини эртасига иситиб есак...

Бир дўстим «Уйимизда лимон етиштириладиган иссиқхона бор, хоҳлаганимча ейман» деб мақтанганида бошқа бир ўртоғим сўраганди: «Хўш, қанча ейсан? Умуман инсон бирданига неча дона лимон ейиши мумкин?».

Сумалак ҳам худди шундай. Очиғи, бу таомни энг яхши кўрадиган одамнинг ҳам сархилини бир косадан ортиқ истеъмол қилганини кўрган эмасман. Бир-икки кун ўтганини-ку қўяверинг...

Албатта, бу сўзларим билан қадриятларимизга шубҳа билан қарамоқчи, баҳорий гўзал байрамимизнинг қадрли таомини камситмоқчи эмасман. Лекин ҳар бир ҳолатда ҳам меъёр бўлиши керак. Ишхонада сумалак, «дом»нинг тагида сумалак, қариндош-уруғлар йиғилиб пиширган сумалак... Шартми шу? Бир қозон сумалак бутун маҳаллага етади-ку ахир.

Менимча, айни пайтда сумалак рамзий таомга айланиб улгурган. Чунки қадимда кўпчиликнинг қўли калта бўлган, қишдан чиқиб баҳорга етиш, кўплашиб буғдой ундириш ва сумалак тайёрлаб ейиш тўқликка етишни англатган. Бу таом ночорларга тарқатилган. Ҳозир эса, кўз тегмасин, қишин-ёзин дастурхонимиз тўкин, кундалик таом ғамини унутганмиз. Шу боис ҳеч кимда сумалак еб тўйиш ва очликдан қутулиш нияти йўқ. Анъаналаримизга содиқ қолиб, озгина тотинсак кифоя. Яъни бу таом рамзий холос, тонналаб тайёрлашга умуман ҳожат йўқ.

Рамзий деганимни бошқа бир мисолда тушунтиришга ҳаракат қиламан. Маълумки, кўпчилик масжидларнинг олдида баланд мезана(ичи зинали минора)лар қурилган. Қадимда муаззинлар уларга чиқиб азон айтганлар ва чақириқ овози узоқларгача етиб борган. Овоз кучайтиргич карнайлар яратилиши ва масжидларда ҳам улардан фойдаланилиши мезаналарнинг аҳамиятини йўққа чиқарди. Лекин рамзий тарзда ҳали ҳам айрим масжидлар ёнида мезаналар қурилади. Мисол учун, пойтахтдаги Ҳазрати имом мажмуасида жуда баланд икки минора қад ростлаб турибди. Лекин уларнинг вазифаси эндиликда мажмуага кўрк бериш, руҳ бағишлашдир.

Худди шундай, сумалак ҳам дастурхонимизга байрамона руҳ бериш воситаси, янги кун нишонаси холос, қорин тўйғазувчи маҳсулот эмас. Шундай экан, рамзий маънода оз миқдорда тайёрлаш кифоя. Исрофга асло ўрин йўқ!

Энг қизиғи, шўрванинг ортганини кучукка, ошнинг қолдиғини товуққа бериш мумкин. Сумалакнинг ортганини нима қилиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аминманки, ҳозир ҳамманинг уйида мумга айланаёзган қолдиқлар бор. Айниқса кўп қаватли уйда яшовчилар уни чиқиндига ташлашлари жуда ғалати, лекин бошқа на илож?

P.S. Ҳалиги идишдаги сумалак ҳануз сақланмоқда. Нима қилишга ҳайронман.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг