Ота-она фарёди: «Навоийда адолат йўқ. Судга босим бўлаяпти! Чемпион ўғлимнинг умри хазон бўлмоқда!»

Ота-она фарёди: «Навоийда адолат йўқ. Судга босим бўлаяпти! Чемпион ўғлимнинг умри хазон бўлмоқда!»

Судланувчилар Меҳриддин Аллаёров ҳамда Суҳробмирзо Мирўктамовларнинг яқинлари.

Фото: «Xabar.uz»

«Асосий вазифа ва бурчи оқни оққа, қорани қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Адолат излаб қаерга боради...», — деган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасида.

2017 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига мурожаатномасини ўқиб эшиттирар экан: «Суднинг остонасидан қадам қўйган халқимиз давлатга дўст бўлиб чиқиши керак. Қабул қилинган ҳукмнинг адолатли эканига ишониши керак» — дея таъқидлаганди.

Юртдошларимиз давлат раҳбарининг ушбу нутқларини жон қулоғи билан тинглаган, йиллар давомида тизимда тўпланиб қолган муаммолар ҳал этилишига, суд том маънода адолатни тиклайдиган, қоғозда эмас, амалда мустақил ҳокимиятга айланишига ишонишга бўлса не ажаб?! Албатта, давлат миқёсида мазкур йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар бошлангани аниқ, бироқ жойларда ушбу ўзгаришлар аҳамиятини англаб етмаётган, ҳануз эскича қолипда ишлаётган адолат посбонларидан одамлар норози бўлмоқда, азият чекмоқда. Ана шундай одамлардан бир гуруҳи таҳририятимизга бош уриб келишди.

Ўттизга ҳам кирмаган икки йигит айни пайтда қамоқда. Бири уч ярим йил, иккинчиси икки ярим йилга «кесилган». Биринчи инстанция суди судланувчиларни олти ва беш йилга озодликдан маҳрум қилганди. Апелляция суди бу муддатни ҳар бир судланувчига икки йилга қисқартирган, бироқ судланувчилар яқинларининг айтишича, биринчи инстанция судида йўл қўйилган камчиликларга шунчаки кўз юмиб қўя қолган.

Хўш, апелляция инстанциясигача нималар рўй берган эди? Бу икки йигит нима қилган эдики, ўн гулидан бир гули очилмай панжара ортига равона бўлишди?

Судланувчи Меҳриддин Аллаёровнинг ота-онаси Музаффар ва Дилором Аллаёровлар фарзандларининг ноҳақ қамалганини айтади. Уларнинг айтишича, жиноят иши «ясалган», бу ишларнинг ортида МХХ Навоий вилояти бошқармаси мулозимининг шахсий адовати турибди. Музаффар Аллаёров айнан ўша мулозимнинг босими остида ўғли 2016 йилги универсиадага олиб кетилмаганини таъкидлайди. «Бу даъвоингизни тасдиқловчи далилларингиз борми?» деб сўрадик улардан. Айтишларича, таъқиб ва тазйиқ бир неча йиллардан буён давом этиб келаётгани боис Меҳриддин ва унинг ота-онаси телефон сўзлашувларни ёзиб олиб келар экан. «Фақатгина шу эмас, бундан бошқа далилларимиз ҳам бор», — дейишди.

«Бу ҳақда, оиламизга бўлаётган тазйиқлар ҳақида юқори турувчи идораларга ёзган аризаларимда ҳам ёзганман, тергов ва судга ҳам тақдим этганман. Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановнинг қабулига кирганимда бошимдан ўтганларини сўзлаб бердим, ўша пайтда ўғлим ва унинг дўсти Суҳробмирзо қамоқда эди. Тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида улар қийноққа солингани, айблов қуруқ туҳматдан асослангани, фарзандим ва унинг дўсти аввал қўлга олиниб, кейин жиноят иши «тахлангани», болаларимнинг айбини тасдиқловчи далил йўқлигини айтганимдан сўнг у киши мени ўша пайтдаги республика Бош прокурори, яқинда МХХ раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевнинг ҳузурига юбордилар. Ушбу ишни Ихтиёр Абдуллаевнинг шахсан назоратга олганидан сўнг ўғлимни гаров эвазига озодликка чиқаришди. Суд адолатли бўлиши, ҳамма кўргуликларимиз тез орада тугашига ишонгандик, аммо бундай бўлиб чиқмади», — деб ёзғиради Дилором Аллаёрова.

Меҳриддин Аллаёров (суратда қизил кийимда) мусобақа пайтида.
Фото: Аллаёровларнинг оилавий архивидан.

Шу ўринда ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун айрим маълумотларни келтириб ўтсак. Меҳриддин 1991 йилда Навоий вилояти Навбаҳор туманида таваллуд топган. Навоий давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ва маданият факультети 4-курс талабаси. Спорт устаси. Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро мусобақалар совриндори. Жанговар самбодан олдин эркин кураш билан шуғулланган, ўзбекистон ва халқаро даражадаги кўплаб турнирларда ғолиб ва совриндор бўлган.

Биринчи инстанция судида Меҳриддин яшайдиган маҳалла, ўқийдиган олий таълим муассасаси, шуғулланадиган спорт секциясидагилар унга ижобий тавсифнома беришган.

Суратда: 1995—2000-йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган Ўктам Рўзиқулов (ўнгдан биринчи). У судланувчи Суҳробмирзо Мирўктамовнинг отаси. 2004 йили вафот этган.
Фото: Мирўктамовларнинг оилавий архивидан.

Суҳробмирзога келадиган бўлсак, у ҳамма қатори оддий бир йигит. 1992 йилда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган. Оиладаги беш ўғилнинг кенжаси. Меҳриддин Аллаёров билан болаликдан яқин дўст бўлишган. Жиноятда айбланиб қўлга олинганида ҳам бирга бўлишган.

У Навоий педагогика институтини 2016 йили тамомлаган эди. Акаси Беҳзодмирзо Мирўктамовнинг айтишича, институтни битириб, ўзига муносиб иш қидириб юрган, келажакдан умидлари, режалари кўп бўлган.

Судланувчилар Меҳриддин Аллаёров ҳамда Суҳробмирзо Мирўктамовларнинг адвокати Ўктам Тоштемировнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, у жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди апелляция инстанцияси гувоҳларнинг кўрсатмалари, тергов-суриштирув жараёнида йўл қўйилган қўпол қонунбузилиш ҳолатлари, суд иши материалларидаги камчиликлар, хусусан, айбловнинг асосий далили ҳисобланган минг АҚШ доллари ишда йўқлиги ҳақидаги эътирозларига эътибор қаратмаган.

Бундан ташқари, суд адвокатнинг Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ жиноий ишларни ошкора кўриб чиқилиши учун суд жараёнида видеокузатувдан фойдаланиш ҳақидаги илтимоси рад этади.

Адвокат таъкидлашича, апеляция инстанцияси судида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Навоий вилояти кенгаши раиси ҳам қатнашган. У Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ёшлар иттифоқи ўртасида тузилган меморандумга асосан ўттиз ёшга тўлмаган, кўпчилик томонидан ижобий тавсифланган ҳар икки судланувчи Ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олингани ҳақидаги кафолат хатини судга тақдим этади ва судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум этишдан бошқа жазо чорасини қўллашни илтимос қилади. Энг қизиғи, суд ҳужжатларида, хусусан, ажримда Ёшлар иттифоқи вакилининг суддаги иштироки ва кафолат хати қайси асосларга кўра рад этилгани ҳақида лом-мим дейилмайди.

Айбланувчиларнинг яқинлари ва адвокати тақдим этган суд иши материаллари билан танишар эканмиз, бу ишда чиндан ҳам баҳсли ва шубҳали ҳолатлар кўплига амин бўлдик. Аммо биз бу ҳолатга баҳо беришдан йироқмиз ва бу ишни мутасадди идораларга ҳавола қиламиз. 

Адолат истаб, таҳририятимизга бош уриб келган ушбу инсонларнинг мурожаатлари беэътибор қолиб кетмаслигига ва видеоинтервьюларда улар айтиб ўтган ҳолатлар холисона ўрганилиб, масалага қонуний ечим топилишига умид қилиб қоламиз.

«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг