Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Отажон, онажон, биз ёняпмиз»

«Отажон, онажон, биз ёняпмиз»

Фото: «Антикор»

Жорий йилнинг 25 март куни Россия Федерациясининг Кемерово шаҳрида юз берган фожеа хусусида «Инсон ва қонун» газетасида таҳлилий мақола эълон қилинди. Мақолада мазкур ҳолат мамлакатимизда юз бермаслиги учун қандай чоралар кўрилаётганига бағишланган. Қуйида мақолани эълон қиламиз.

«Зимняя вишня» кўнгилочар савдо марказида кучли ёнғин содир бўлди. Натижада 64 нафар одам ҳалок бўлди. Энг ёмони, ҳалок бўлганларнинг 41 нафарини ёш болалар, мактаб ўқувчилари ташкил этади. Ҳаётининг сўнгги лаҳзаларида болаларнинг ота-оналарига: «Отажон, онажон, биз ёнаяпмиз, биз ўляпмиз», деб қилган қўнғироқлари ва ёзган SMSларини ойнаи жаҳон орқали кўзимизда ёш билан кўрдик.


Мавзуга доир:

Кемероводаги фожиа Ўзбекистонда қайтарилмаслигига кафолат борми?


Жабрдийдаларга қалбан ҳамдард бўлиб, «боланинг бегонаси бўлмайди», деган нақлнинг нақадар тўғри эканига яна бир карра амин бўлдик. Айниқса, ота-она, уч фарзанди ва синглиси каби бутун бошли оилаларнинг ҳалок бўлишини, биз ўзбеклар ҳатто душманимизга ҳам раво кўрмаймиз. Россия оммавий ахборот воситалари томонидан дастлабки берилган маълумотларга қараганда, ёнғин содир бўлган вақтда савдо марказидаги ёнғинни автоматик равишда сезиш ва овозли хабар бериш қурилмалари ишламагани, қаватлар қисқа вақтда тутунга тўлиб, оқибатда, фуқароларнинг аксарияти хоналарда қамалиб қолгани, шунингдек, савдо маркази ходимлари томонидан фуқароларни эвакуация қилиш ишларини тўғри ташкил қила олмагани маълум бўлди. Болалар ўйин-аттракцион майдончалари, кинотеатрлар бинонинг учинчи-тўртинчи қаватларида жойлашгани, ўзи очилиб-ёпиладиган магнит эшикларнинг электр энергиясида носозликлар келиб чиққан пайтида очилмаслик ҳолатлари, ёнғин хавфсизлиги сигнализацияларининг ишламаслиги, фавқулодда ҳодисаларга мажмуа томонидан тайёр эмаслиги рўй-рост айтиб ўтилди.

Фожиа тафсилотлари билан танишар эканмиз, пойтахтимиздаги фарзандларимизнинг севимли масканларига айланиб улгурган «Мегапланет», «Парус», «Самарқанд дарвоза» каби мажмуалар кўз олдимизда намоён бўлди. Биз пойтахтимиздаги савдо-кўнгилочар мажмуалардаги ҳолатни билиш учун мутасадди муассасалар билан боғландик.

Муслима Раҳимова,

Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ ЁН ва ПБ катта муҳандиси, майор:

— Кемерово шаҳридаги ёнғин сабабли кўплаб фуқароларнинг ҳалок бўлиши қалбимизни ларзага солди. Айни дамларда Тошкент шаҳар ИИББ ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг барча диққат-эътибори пойтахтимизда жойлашган йирик савдо кўнгилочар мажмуаларга қаратилган. Юқоридаги нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2018 йилнинг 29 мартидан то шу кунгача пойтахтимизда жойлашган «Мегапланет», «Next», «Жуманжи», «Парус», «Шарқона ягона савдо», «Макро», «Самарқанд дарвоза» каби йирик савдо марказларида ёнғин ўчириш амалий тактик машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар давомида марказ ходимлари ва унга ташриф буюрган фуқаролар билан ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилиб, машғулотлар давомида марказларнинг захира чиқиш йўлларининг ҳолати, ёнғинни автоматик равишда сезиш ва овозли хабар бериш қурилмаларининг созлиги, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан қай даражада таъминланганлиги ҳамда ёнғин вақтида ходимлар ўз вазифаларини билишлари ўрганиб чиқилди. Машғулотлар якунида қатнашувчилар билан ёнғин хавфсизлиги борасида суҳбат ўтказилди. Масалан, пойтахтимиздаги энг йирик мажмуа 3000 кишигача одам бўлиши мумкин бўлган «Самарқанд дарвоза» савдо марказида ҳам ўқув-машғулоти ташкил этилди. 50 дан зиёд фуқаролар кинозалда фильм томоша қилаётган пайтда эвакуация ҳақида чақириқ овози эълон қилинди. Фуқаролар йўриқномалар асосида хотиржам бинони тарк эта бошлашди. Лекин айрим фуқаролар ўзларини йўқотиб, юқори қаватларга кўтарилиб кетишди. ЁХБ ходимлари махсус «автозиналар» ёрдамида уларни «қутқаришди». Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги бу каби тадбирлар келгусида давом эттирилиши режалаштирилган.

Бобур Ёқубов,

«Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси директори:

— «Самарқанд дарвоза» номидаги савдо кўнгилочар мажмуаси 2013 йил қурилган бўлиб, бинонинг ёнғинга чидамлилиги 2-даражали, умумий майдони 19600 кв.м.ни ташкил қилади. Бино деворлари пишиқ ғиштдан, қаватлараро ёпилмалар монолит бетондан қурилган. Поллари бетон, мармар, керомагарнет, алюминий панем, «Аристрон» алюмин панеллар катта тош ойналар фасадлари замонавий катта ҳажмдаги ойналар билан қоп­ланган. Ташқи деворлар метал каркаска 3 рангдаги керамик плиталар билан ишланган. Оралиқ алюмин витраж профил билан ишланган 1-қават каркасдаги 10-12 мм қалинликдаги витраж ойналари билан ишланган. Ташқи тўсиқлар антаалюминий ва металдан бажарилган. Томининг ёпилмаси бетон қурилма, устидан руберойт қопламаси билан қопланган. 2-қаватдан 5-қаватгача чўққи гумбазли ёруғ бўшлиқ мавжуд. Мажмуада 6 та юк пассажир лифти, эскалатор, траболатор ва 5 та эвакуацион зиналар мавжуд.

Бинонинг олд томонида 3 та, шунингдек, орқа ва ён томонларида 5 та захира чиқиш эшиклари мавжуд. Бино ёнғинга қарши замонавий қурилмалар билан жиҳозланган. Тутундан огоҳлантирувчи датчик, сув пурковчи сплинкер мосламалари туну кун ишлаб турибди. Ҳар қаватда эвакуация учун захира йўлаклари мавжуд бўлиб, улар орқали автотураргоҳга чиқиб кетиш мумкин. Бинонинг ҳар бир қаватида 120 дан ортиқ ёнғин хавфсизлиги қутилари ўрнатилган. Бинога 400 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилган бўлиб, қатъий назорат остидадир. Бинодаги 200 дан ортиқ ишчи ходимлар ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва йўриқномаларига амал қилган ҳолда иш олиб борадилар. Бир сўз билан айтганда, мажмуамиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳамиша амал қилиб келади ва бу борадаги ҳаракатларимизни асло сусайтирмаймиз.

С.Ҳикматуллаев,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати бошлиғи:

— Кўнгилсиз ходисаларнинг содир бўлмаслиги учун уларнинг олдини олиш, экстремал вазиятларда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш инсонлар ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишнинг асосий услубларидан биридир. Зотан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир бўлганда тўғри ҳаракатни амалга ­ошириш борасида тайёргарликдан ўтган инсон ярим қутқарилган инсондир.

Кўнгилочар савдо марказларида ўтказиладиган муҳофаза тадбирларига алоҳида тўхталадиган бўлсак, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 2016 йилда «Мегапланет», «Next», «Самарқанд дарвоза» кўнгилочар-савдо марказлари ҳамда вилоятлар марказларидаги одамлар оммавий тўпланадиган жойларда раҳбарият ва ишчи хизматчиларнинг тайёргарлигини ошириш мақсадида 40 га яқин махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган.

Жорий йил 28 мартдан 10 апрелга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 60 дан ортиқ кўнгилочар йирик савдо марказларида ўқув-машғулотлари ўтказилди. Ҳозирда бу каби тадбирлар давом эттирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги савдо фаолияти билан шуғулланувчи йирик корхоналар (ҳар хил турдаги очиқ ва ёпиқ бозорлар)да ҳам ўқув машқлари ўтказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш – мувофиқлаштирувчи органлар томонидан рухсат берилгандан сўнг амалга оширилишини инобатга олиб, текширишлар ўрнига хавфсизликни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилганлигини ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, амалий ўқув машқларини ўтказиш тадбирлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ўқув-машқлари давомида асосий эътибор — фавқулодда вазиятлар содир бўлганда шаҳар (туман) ФВДТ хизматларининг куч-воситалари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш бўйича объект раҳбарияти ва ишчи хизматчиларнинг кўникмаларини оширишга қаратилган бўлиб, унда ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш, савдо мажмуаларидан одамларни эвакуация қилиш ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилади.

Ўқув машғулоти давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва кўрсатмалар берилади.

Мутахассис тавсияси:

Замонавий йирик савдо мажмуалари — фуқароларнинг кундалик харид қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун энг қулай ва оммабоп масканларига айланган.

Ушбу мажмуаларда хавф-хатар юзага келиши ҳақида фикр туғилиши қийин бўлса-да, уни эътибордан чиқариш мумкин эмаслигини англашимиз керак.

Жумладан, энг кўп учрайдиган хатар — ёнғиндан сақланиш учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишимиз зарур:

  • савдо марказларига кирганингизда ўзингиз юрган йўлингиз (маршрут)ни эслаб қолишга ҳаракат қилинг, чунки кутилмаганда уни дарҳол тарк этишингиз керак бўлиб қолиши мумкин;
  • асосийси фавқулодда эвакуация йўлаклари жойлашувига эътибор беринг, одатда улар махсус ёзувлар ёки алоҳида белгилар билан кўрсатилади (масалан: кўр­саткич, югураётган одам ва ҳ.к белгилари);
  • савдо марказларида тутунни кўришингиз ёки тутун ҳидини сезишингиз билан саросимага тушманг, ўзингизни қўлга олинг ва дадил ҳаракатланинг, аввало, хавфнинг ҳақиқий кўламини баҳолашга ҳаракат қилинг, агар ушбу савдо маркази сизга таниш бўлса, уни энг хавфсиз йўналишда тарк этишга ҳаракат қилинг, хавфсиз жойга чиқиб бўлиб, ёнғин хавфсизлиги ходимларига қўнғироқ қилинг;
  • кўп миқдорда тутун билан қопланган жойга имкон қадар яқинлашманг;
  • юқори қаватларга чиқманг, четларда жойлашган хоналарга яширинишга уринманг;
  • ёнғин пайтида лифтдан фойдаланманг, уни исталган вақтда тўхтатиб қўйишлари мумкин;
  • ёнғин пайтида энг муҳими — нафас олиш йўлларини заҳарли тутундан ҳимоя қилишдир, бунинг энг осон йўли — намланган дастрўмол ёки бошқа мато билан нафас олиш йўлларингизни беркитинг (агар матони намлашнинг иложи бўлмаса, у ҳолда қуруқ мато ҳам бўлади);
  • иложи борича пастроқда жойлашинг, чунки тутун концентрацияси қуйида камроқ бўлиб, юқорида кўпроқ тўпланади;
  • оёқ остида қолиб кетмаслик учун керакли жойга ўртача тезлик билан чиқишга ҳаракат қилинг;
  • тутун ичида кўриш ёмонлашганда, деворлар ёки тутқичларга суяниб, ҳаракатланинг;
  • агар йўлингизда ҳарорат кўтарилиб кетаётганини ҳис қилсангиз, ортга қайтинг;
  • оломон орасида қолиб кетсангиз, қўлларингизни мушт қилиб, тирсакларингизни эгинг ва уларни икки ён томонингизга босинг, оёқларингизни олдинга тираб, танангизни орқага ташланг, ортингиздаги босимни ушлаб туришга ва олдиндан жой бўшатиб ҳаракатланинг;
  • агар кийимингиз ёнаётган бўлса, ҳар қандай ҳолатда ҳам югуриш мумкин эмас, чунки югуриш алангани кучайтиради. Оловни ўчириш учун ерга ётиб думалаш ёки ёнаётган кийимни ечиб ташлашга ҳаракат қилинг. Кислороднинг олов билан киришишини чеклаш учун ўзингизни қаттиқ мато ёки кийим билан ўрашингиз мумкин. Терига олов таъсирида ёпишиб қолган матоларни кўчириб олишга ҳаракат қилманг — буни шифокор қилгани маъқул;
  • имкон қадар ёнғинни ўчиришда савдо марказининг ходимларига ёрдам беришингиз мумкин, аммо уларга халақит бермаслик янада муҳимроқ эканлигини унутманг;
  • савдо марказларининг ходимлари ёнғин хавфсизлиги бўйича тайёргарликдан ўтишлари ва шу каби ҳолатларда ҳаракат режасини ишлаб чиқишлари керак.

Кичик ёнғинлар содир бўлганда, яъни ўт ўчирувчиларнинг ёрдамисиз ёнғинни ўчириш имконияти мавжуд бўлса, дарҳол ўчириш чораларини кўринг.

Ёнингизда ёрдамга муҳтож ва ҳаёти хавф остида қолганларни кўрсангиз, албатта ёрдам қўлини узатинг, аммо ўз хавфсизлигингизни ҳам унутманг.

Хулоса қилиб айтганда, бу фожиа барчамизни огоҳликка чақирди. Ва албатта, хавфсизлигимиз ўз қўлимизда эканлигини англашимизга туртки бўлди.

Шуҳрат Суяров,

«Инсон ва қонун» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг