Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Озодлик» таҳририятига «Bahotestcenter» директоридан очиқ хат

«Озодлик» таҳририятига «Bahotestcenter» директоридан очиқ хат
«Озодлик»ка очиқ хат
 
Ҳурматли «Озодлик» радиоси таҳририяти!
 
Менинг исмим Леонид Сон. Мен «BAHOTESTCENTER» МЧЖ нинг таъсисчиси ва директориман. Яъни мен, сизнинг сайтингизда 28.11.2018 куни эълон қилинган  «Миграция агентлигида қамашлар давом этмоқда. Кореяга кетишни кутаётган 3000 киши куйиб қолиши мумкин» мақоласида тилга олганингиз «Корея иши» деб номланган жиноий иш марказида турган «Баҳор тест»нинг раҳбари ва «Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари иккинчи хотинининг акаси» ва ҳозирги кунда, сизнинг тахминингизча, мамлакатдан қочиб кетган одамман... . Мен сизга афсус билан маълум қиламанки, мени синглим йўқ ва мен Тошкентдаман, ҳеч кимдан қочиб юрганим ҳам йўқ. Ва, айтганча, менинг танишларим орасида Бош вазир ўринбосарларидан ҳеч ким йўқ... қайтараман афсуски...
 
Демак, ҳаммасини бир бошидан айтиб бераман...
Умуман, ўзбекистонликларни Кореяга жўнатиш тизими қандай ишлайди?
Менинг фирмамнинг мақсади ва иш фаолияти ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз учун, авваламбор Ўзбекистон фуқароларининг Корея Республикасига жўнатиш тизими қандай бунёд этилганини тушунтириб беришни лозим топдим (Сиз сайт эгаси сифатида сайтда берилаётган мақолалар учун жавобгарлигингизни инобатга олиб, мақолаларни эълон қилишдан олдин булар ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз керак деб ҳисоблайман).
Жанубий Корея ишчи кучларга бўлган талабини қондириш мақсадида узоқ йиллардан буён «Emploiment Permission System (EPS) - Бандликка рухсат берувчи тизим» дастури асосида чет эл фуқароларини жалб этиш амалиётини қўллаб келади. Бир нарсани унутмаслик керакки, бу дастур бўйича Жанубий Корея нафақат Ўзбекистон фуқароларини, балки дунёнинг 15дан зиёд мамлакатлари фуқароларини иш билан таъминлайди.
Ўзбекистон ва Кореянинг ўзаро ҳамкорлиги «Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида Жанубий Кореяга EPS асосида ишчиларни жўнатиш меморандуми»га (2006 йил қабул қилинган) асосланади. Меморандумда ўзбекистонликларнинг Кореяга жўнатилиши тартиби, қоидалари ва шароитлари кўрсатиб ўтилган, шунингдек меморандум томонларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олган. Ушбу ҳужжатга асосан, Ўзбекистон фуқароларини Кореяга жўнатиш билан шуғулланишда Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграциялари Агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик) ваколатли орган этиб белгиланган, Корея томондан HRD-KOREA давлат корпорацияси қабул қилувчи ва синовчи орган қилиб белгиланган. Меморандумга кўра, Агентлик бирламчи танловни ташкил этишга, Корея томонидан жўнатиладиган тестларга кирувчиларнинг рўйхатини шакллантиришга ва «EPS-TOPIK» тестлари ўтказиладиган жойни аниқлашга масъул. HRD-KOREA SKILL-TEST ва «EPS-TOPIK» - корейс тили бўйича билимларни текшириш тестларини ўтиш жараёнини назорат қилишга масъул ҳамда тестдан муваффақият билан ўтганларга 2 йил муддатга мўлжалланган сертификат тақдим этади, шунингдек, Агентлик тақдим этган маълумотлар асосида Кореяга кетувчилар рўйхатини тузиб чиқади.
Оддий ўзбекистонлик (шартли равишда уни Абдулла деб номласак) Кореяга ишлашга кетиши учун турли босқичлардан ўтиши ва ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода  етарлича «омадли» бўлиши керак... нимага? Кейинроқ тушунтириб бераман ...  демак ... Абдулла нималардан ўтиши зарур?
Энг аввало, Агентликка мурожаат қилиши, ариза топшириши ва 18-39 ёш орасидаги соғлом, судланмаган инсон бўлиши шарт. Буни Агентлик текширади.
Агентлик «сараловидан» ўтиш ва тестларга рухсат берилганлар рўйхатига тушиш учун етарлича «омадли» бўлиши керак. Нима учун тест ечиш учун «омадли» бўлиш зарур? Чунки тестдан ўтмоқчи бўлганлар сони Корея томонининг тест ўтказиш имкониятлари чегарасидан бир неча баробар ортиб кетади. Расман белгиланган 30 АҚШ долларини тўлаб, тестни ижобий топшириши керак.
Агентлик Абдуллани «Реестролди» рўйхатга киритиши ва рўйхатни «Кореяда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган шахслар» якуний Реестр квотларига (кейинчалик бу Реестр асосида кореялик иш берувчилар ходимларни ёллайди) киритилиши учун «омадли» бўлиши зарур. Яна шуни эътиборга олиш керакки, бизнинг Абдулла ва бошқа ўн минглаб ўзбекистонликлар жой олган реестрдан ташқари, юқорида айтганим, бошқа 15 давлат, қайсики ўз фуқароларини иш билан таъминлаш учун ўзаро фаол рақобат қилиб келаётган давлатларнинг ҳам худди шундай реестрлари бор. Энди кореялик иш берувчи минглаб номзодлар орасидан бизнинг Абдуллани танлашини ва Агентлик орқали меҳнат шартномасини жўнатишини кутиш ва омадли бўлиш қолди. Абдулламизга омад қай даражада керак эканлигини тушуниб олишингиз учун мен бу босқич фактларини келтираман:
А) Корея томонининг регламентига кўра,  ҳар бир давлатнинг умумий Реестрига киритилган номзодлар Корея таклиф этаётган иш ўринлари сонини ўртача 1,5 бараварини ташкил қилади. Бошқача сўзлар билан, Реестрдаги одамлар сони иш ўринлари сонидан, йил ҳисобидан, бир ярим баравар кўпроқни ташкил қилади;
Б) статистикага кўра, Ўзбекистон учун ажратиладиган йиллик, тахминий 3000-4000 квота мавжудлигига қарамай, бир йил давомида ўртача 1600-2000 нафар фуқарони иш билан таъминлаш имкони бўлмоқда, яъни мавжуд иш ўринларининг ярмича ёки ундан сал кўпроғини.
Сабаби? Кейинроқ тушунтираман...
Демак, ҳисоб-китобларга кўра, Абдулла якуний Реестрга киргани билан, унинг иш топиш имконияти 36 фоиздан юқори эмас. Абдулланинг тарихини ўқиш асносида, балки 2- босқичга аҳамият бергандирсиз. Агар берган бўлсангиз тўғри қилгансиз, чунки биз сўзлаётган тарих айнан шу ердан бошланади, аниқроғи 2017 йилнинг 27 мартидан. Мен Агентлик қай йўл билан саралагани ва йиллар давомида тестга кирувчилар рўйхатини қандай шакллантирганини билмайман, лекин жаноб Улуғбек Назаров раҳбарлигида Агентлик илк бор «он-лайн» тест ўтказишга қарор қилди. Бунинг натижаси қандай бўлгани ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эмасман, сабаби воқеалар ОАВда кенг ёритилди. Фақат, ўша воқеадан кейин Назаров ишдан олинганини ва янги раҳбарият олдида синовни қай йўл билан ўтказишдек мушкул вазифа пайдо бўлганди... Бундан ташқари, Корея томонининг тақвимга тўлиқ амал қилиш ҳақидаги талаби ҳам Агентлик ишини бирмунча қийинлаштирди.
 
Янги давр шамоллари
 
Мамлакатда сўнгги икки йил ичида кўп жабҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилди, менимча, буни сиз ҳам кузатяпсиз. Ва давлат сиёсатидаги кўплаб ўзгаришлар ичида энг ажралиб турадигани Давлат - Хусусий шерикчиликнинг  (ДХШ) улкан имкониятларидан фойдаланиш заруратини англаганидир. Мен ушбу сиёсатнинг барча устунликларини санаб ўтмайман, фақат Агентлик ҳам айнан шу йўлдан бориб,  ДХШ шаклидаги Тест Марказини тузганлигини, ва бу тўғри қарор эканлигини таъкидлаб ўтаман... Нимага?
Биринчидан, бу энг юқори тезликда ва самарадорликда тест ўтказиш тизимини ишга тушириш имконини берди: Агентлик, исталган давлатдаги бошқа давлат ташкилотлари сингари кўплаб таъқиқловчи қоидалар билан сиқиб қўйилган, шунингдек маъмурий аппаратуралар тезлиги бўйича хусусий бизнесдан анча ортда қолади.
Иккинчидан, бу бюджет маблағларини тежаш имконини берди.
Учинчидан, ва энг муҳими, Агентлик тезкор бошқарувни ДХШга бериши натижасида ички корпоратив тизимлараро коррупция масалаларини ҳал қилди. Яъни, икки томонлама назоратнинг классик усули вужудга келди: биринчи ташкилот синовни ўтказади (тест маркази), иккинчи ташкилот рўйхатга қўшиш билан шуғулланади (Агентлик). Шу билан бир қаторда, Агентлик ҳам таъсисчи сифатида, ҳам принципиал шерик сифатида ДХШ фаолиятини текшириш ва назорат қилиш ҳуқуқини ўзида қолдиради.
Демак ... Агентлик ДХШ ташкил этиш йўлида ОАВ орқали ДХШ шерик топиш учун конкурс эълон қилди ва бу конурсда менинг фирмам ғолибликни қўлга киритди.
Шу тариқа Агентлик билан ҳамкорликдаги «Комплекс Тест Маркази» ОАЖ (КТМ) ташкил этилди. Агентлик КТМнинг барча қонунлар билан ҳимояланган, мониторинг ўтказиш ва девидент олувчи таъсисчиси ҳисобланади.
 
КТМ қандай тузилган?
 
Вазифасига кўра КТМ ёпиқ локал тармоқли кучли сервер билан ишлайдиган 80 та ишчи компьтер билан жиҳозланган зални тақдим этиши шарт. АТ архитектураси шундай тузилганки, тест жараёнлари ўтказилишида КТМ вакилларининг иштироки минималлаштирган: синовдан ўтувчи қайси компьютерга ўтириши, мавжуд 1250 саволдан қайсилари тушишини, уларни баҳолашни серверга ўрнатилган сертификатланган дастур белгилайди. Шу билан бир қаторда сервернинг физик портлари Агентлик томонидан муҳрланган ва дастурий таъминот шундай ўрнатилганки, сервер маълумот омборидан ташқарида бўлган ҳар қандай аралашувлар парол билан ҳимояланган ва дастур томонидан бошқарилади. Аниқроғи, ҳар қанча хоҳламасин КТМ ходими хеч қанақасига тест ўтиши жараёнларига таъсир кўрсата олмайди, агар мабодо таъсир кўрсатса ҳам, буни маҳфий, сездирмасдан амалга ошира олмайди. Айтганча, КТМнинг барча хоналарига кузатув камералари ўрнатилган ва улар орқали жараёнларни тўлиқ кузатиш мумкин.
КТМда ишлатиладиган тестлар (Расмий номланиши ТМММА  - КОРЕЯ) Тошкент давлат шарқшунослик институтининг корейс тили кафедраси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат педагогика университетида тузиб чиқилган. Тест жараёнлари шаффофлигини таъминлашни мақсадида, ҳар бир синовдан ўтувчи тест синовлари якунлангани ҳамоноқ ўз тўплаган балларини кўриши мумкин, агар у ўз тўплаган баллидан норози бўлса, корейс тилини мукаммал билувчи ходимимиз қандай ва нима учун компьютер бундай натижани берганини батафсил тушунтириб беради.
Ҳаммаси қандай бошланган эди ва кейин нималар бўлди...
Аввалбошда Агентликнинг янги раҳбарияти КТМдан нафақат корейс тили билимларини синовини эмас балки кўпроғини хоҳлаган эди.
... ёдингиздами, юқорида мен 3000-4000 лик квота мавжудигига қарамай, уларнинг ярми ишчилар билан банд этилаётгани ҳақида ёзган ва сабабларини кейинроқ тушунтириб беришга ваъда берган эдим (5-бандга қаранг)? Демак, бунинг сабаби оддий: корейс тилини яхши билмаслик, «нелегал» қочоқларнинг кўпчиликни ташкил этиши ва ҳоказолар сабабли ўзбекистонлик ишчилар корейс иш берувчиларига талабгир эмаслар. Аниқроғи, «ўзбекистонлик  ишчи» имиджи  EPS дастури ишга тушганидан буён корейс иш берувчилари олдида булғаниб келинмоқда. Реестр «менюсида» кенг танлов имкониятларига эга бўлган иш берувчилар кўпроқ лао, веътнамлик, бангладешликларни маъқул кўрадилар. Нимага? Чунки Агентлик томонидан яратилган танлов тизими ишчан ва қобилиятли юртдошларимизни Реестрга кириш имконидан маҳрум қилиб келган. Мен исботсиз ҳеч кимни айблашни хоҳламайман, аммо сизнинг мақолаларингизга ишонадиган бўлсак, «тўла ва уч» қоидаси амалда бўлган. Энди айтингчи, Абдулла Кореяга бориши учун корейс тили ёрдам бермас экан, бу қийин тилни қунт билан ўрганишидан нима наф?
Агентликнинг янги раҳбарияти бу муаммони чуқур англагач, номзодларнинг «сифати» устида иш олиб боришга қарор қилди ва реал вақт тизимида бўлиб ўтган жами КТМ тестларининг ўзгарувчан динамикали ҳозирги рейтингини шакллантириш устида иш олиб борди. Яъни ҳар  номзод ўз тўплаган баллидан ташқари, рейтингда қайси ўринда турганини билиши мумкин. Бундан ташқари, Агентлик саралашнинг кейинги босқичи учун аниқ тамойилларини белгилади: рейтингда Корея томонидан ўрнатилган лимит атрофидаги ўринларни эгаллаган номзодлар кейинги босқичга йўл олишади. Аниқроғи, «саралар сараланадилар» тамойили ишга тушди. Энди Абдулла, қачондир КТМ тестини қониқарсиз топширган бўлса ва яхшилар гуруҳига кириш учун етарли балл тўплай олмаган бўлса, унда яна қайта тайёрланиб йилнинг исталган кунида келиб тест топшириши ва юқори балл тўплаб рейтингда тепароққа чиқиш имкони бўлади. Яъни Агентлик ушбу тизимини жорий этар экан, одамларга қарата: «корейс тилини ўрганишда рақобатлашинг, яхшилар гуруҳига қўшилинг ва сизларда Кореяга кетиш имкони бўлади!», демоқда. Ишчанлик ва қобилият текширувичи, деб сўрайсиз сиз... минглаб рақиблар ичида юқори ўринни эгаллаш учун инсон энг аввало ишчан ва талабчан бўлмоғи зарур...
Янгиликлар ўз самарасини узоқ куттирмади... EPS-TOPIK нинг биринчи босқичидаёқ, Корея томони тест топширувчиларнинг корейс тилини билиш даражаси ортганини эътироф этди. Ҳаттоки Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси томонидан қизиқиш билдирилиб, 2018 йилнинг 3 мартида  КТМга ташрифи элчихона матбуот релизида айтилди.
Аммо буларнинг барига Агентлик раҳбариятининг кутилмаганда 2017 йил декабр ойида ўзгартирилиб, Назаровнинг қандайдир йўллар билан раис ўринбосари лавозимига тайинланиши якун ясади. Мен бу нега ва қандай содир бўлганини билмайман, лекин «эски-янги» раҳбарият келиши билан КТМ ва Агентлик ўртасидаги ҳамкорлик барҳам топди: биз томондан КТМ таъсисчиларининг ўзаро мажлисига чақиришга бўлган кўплаб уринишларимизга реакция билдирилмади. Ҳуддики, биз Агентлик учун мавжуд бўлмагандек гўё. Аммо энг ёмони, Агентлик аввалги раҳбариятнинг «саралар сараланадилар» тамойилини йўқ қилиб, ўз сайтида КТМ тестидан ким 0 дан юқори балл олган бўлса кейинги босқичга ўтишини эълон қилиши бўлди!
Бошқача қилиб айтганда, улар барини яна эски ҳолига қайтардилар. Хулосаларни ўзингиз чиқаринг. Сўз қуш кабидир - учиб кетгач тута олмайсиз!
Ана энди мақолангиздаги тезисларга тўғридан-тўғри шарҳ беришимга ижозат берсангиз.
Муҳим эслатма: мақолани 29.11.18 куни кўришим ҳамоноқ «Озодлик» радиоси таҳририяти, аниқ айтадиган бўлсам Алишер Сиддиқ билан алоқага чиқдим. У мени «Замира» исмли ходимга йўналтирди. Замира билан суҳбатлар чоғида мен уларнинг мақолаларидаги ноаниқ ва ёлғон ахборотлар берилган жойларини кўрсатиб бердим ва уларни раддия беришга чақирдим. Аммо менга берилган жавоблар ва қарши саволлардан англадимки, уларда моҳиятни очишга бўлган қизиқиш йўқ. Ва бу менга ушбу очиқ хатни ёзишга туртки берди. Шунингдек, ўқувчилардан, Замира билан суҳбатимиздан кейин, Озодлик радиостанцияси эълон қилган мақола матнини шошма-шошарлик билан ўзгартирганини, ундаги очиқ «хатоларни» ўчирганини, аммо ундаги мен ва компаниямга ёғдирилган бўхтонларни сақлаб қолганликларини ёдда тутишларини хоҳлайман. Шунингдек, ушбу хатга бошланғич мақола нусхасини илова қиламан.
Сўз қуш кабидир - учиб кетса тутолмайсиз
Демак…
Иқтибос: «Жанубий Кореяга кетишни истовчилардан тест олган фирма раҳбари қочиб кеттими?.... Бир-биридан мустақил икки манбамизга кўра, коррупцион машмашада айбланаётган «Баҳор тест» фирмаси Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг иккинчи хотинининг акасига тегишли бўлган.... – Фирма раҳбари тошкентлик корейс миллатига мансуб шахс, Агентлик раҳбарияти қамалиши бошлангани ҳамоноқ мамлакатдан қочиб кетган».
Изоҳ: бу ердаги ягона тўғри маълумот менинг миллатим корейс эканлиги... янаям аниқроғи, ўзим жудаям фахрланадиганим, ўзбек корейсиман... қолган  барчаси ёлғон! Юқорида ёзганим каби, менда на опа, на сингил бор, ва ўзингиз кўриб турганингиздек, қочиб кетмадим, Тошкентдаман... сизларни уйимга чой ичишга таклиф қиламан.
Иқтибос: «Баҳор тест» номли фирма бор. Жанубий вокзал яқинида тест оладиган марказлари бор Жанубий Кореяга кетишни истаганлар учун. Ўша фуқаролар жетонларни айнан ўша ердан олишган. У ерда катта маблағлар айлантирилган. Тестдан ўтадими ёки йўқ, тест топширувчи олдиндан 84 минг сўм (10 АҚШ доллари) тўлаши мажбурий қилиб белгиланган. Бу пулларнинг ҳисоби юритилмаган. Жетонлар бир йилда икки марта Корея томони тест ўтказишни хоҳлаган вақтда берилган... Улар жетон бериш жараёнини копрупцион схемага айлантирдилар. Битта жетоннинг нархи 1000 АҚШ долларигача сотилган. Одамлар жетон олишга навбатда туриш учун бу пулларни тўлашган. Республика бўйича 250 минг нафардан зиёд киши уларга пул тўлаган. Бу пуллар ҳеч қайси ҳужжатда қайд этилмаган, буларнинг бари норасмий тарзда амалга оширилган. Ҳамма пул фирмада қолади. Тестдан ўтиш қийин бўлган, шунинг учун улар жетонлар ортидан пул ишлашган. Овоза бўлиш эҳтимоли ҳам кам».
Изоҳ: бу ерда ягона ҳақиқатга ўхшайдиган маълумот бу жой манзили... КТМ Ш. Руставели 138 манзилида жойлашган, Жанубий вокзалга яқин жойда. Қолган барчаси ёлғон!
Биринчидан, тест ишлаш учун тўланадиган жами сумма 87500 сўмни ташкил қилади ва қонунга кўра инкассация қилинади. Буни аудиторлик текшируви хулосаси, ҳамда бухгалтерия ҳисоби ҳам тасдиқлаб турибди.
Иккинчидан, эслатиб ўтиш жоизки, Агентлик ва КТМ ўртасида ҳар тест куни якуни бўйича КТМ Агентликка тест ўтказилгани ҳақида ҳисоб жўнатиши белгиланган, ҳисобда протест ва натижалар рўйхати ҳам бўлиши шарт. Шунингдек, бу келишув КТМ фақатгина тест топширувчиларнинг тил билиш даражаларини ўлчаб беришини аниқ белгилаб берган, якуний рўйхатни шакллантириш, яъни навбатдаги босқичга кимлар ўтганини белгилаш Агентликнинг зиммасида қолган. КТМ рўйхатни шакллантиришда ҳам, рўйхат қайси асосга кўра шакллантирилишида ҳам таъсир кучига эга эмас. Ана энди келинг фараз қиламиз... тасаввур қилинг, мен сизлар мени таърифлаганингиз каби коррупционер ва қизғанчиқман... Наҳотки мен, Агентликка ҳар кунги ҳисобот ва чекни топширган ҳолимда «кассадан ташқари» пулни айлантирсам? Ва буларнинг бари мени осонгина текшириш имкони бўлгани ҳолатда-я: ҳисобот бўйича ўтказилган тестлар сонини 87500га кўпайтириб, КТМнинг ҳисоб рақамидаги пуллар қанчалигини билиб олиш мумкин. Кейин мен қайси асосга кўра Абдулладан жетон учун 1000 АҚШ доллари талаб қиламан, агарки мен якуний рўйхатни шакллантиришда иштирок этмасам. Мен ҳаттоки унга «ҳақиқатда ёрдам берадиганлар» билан ҳам алоқада бўлмасам? Агар мен 250000 нафар инсондан пул йиғганимда ўйлайманки, сиз ( ёки сизнинг ишончли манбангиз) менга (ёки прокуратурага) улардан жетон учун, ҳеч йўғи бир нафар, пул олганимни тасдиқловчи одамни топиб тақдим этасиз. Агар тақдим этолмасангиз, мен сизни очиқ туҳмат қилганликда айблайман.
Иқтибос: «Озодлик» манбалари 2017 йилдан бошлаб «Баҳор тест» ўз юридик номини Комплекс тест марказига ўзгартириб, ҳозирги кунда Жанубий Кореяга кетишни истовчилар учун тест ўтказишда монополист ҳисобланади»
Изоҳ: «юридик ном» ўзгариши ҳақидаги қисми юқорида айтилганларидан кейин сизларга тушунарли бўлди... мен фақатгина монополия ҳақидаги тезисни изоҳлаб бераман...
Биринчидан, мен Агентликнинг ўша пайтдаги «янги» раҳбарияти билан сўзлашувлар чоғида, тест марказини жорий этиш тажриба кўринишида ва тажриба қилинаётган пайтда концепциянинг муваффақиятига 100 фоизлик ишонч бўлмаганини тушунганман. Мана шу, тушунишим бўйича,  улар учун конкурс давомида бир нечта ДХШлар ташкил этмаганликларига сабаб бўлган.
Иккинчидан, КТМ очилган сана 13.11.2017ни яна бир бор эслатиб ўтишим шарт, шунинг учунки, Агентликда раҳбарларнинг яна алмашинуви юз бериб «эски-янги» раҳбарлар ўз жойига қайтиши (2.12.2017) орасида бир ойлик муддат ҳам ўтмаган. Яъни «янги» раҳбариятда (КТМни ташкил этган) қўшимча ДХШларни ташкил этиш учун натижаларни таҳлил қилишга имконият ҳам вақт ҳам бўлмаган. Шунинг учун, Агентлик яна қўшимча КТМларни ташкил этмаганлиги ҳақидаги савол кўпроқ «эски-янги» раҳбарларга тегишли. Умуман, улар нега бундай қилмаганликларини ўзингиз ҳам осонгина тушуниб олишингиз мумкин.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 09.2018 йилдаги N725 фармойиши ва «Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун профессионал юридик ваколатини тасдиқлаш бўйича фаолият билан шуғулланадиган юридик шахсларни аккредитация қилиш тартибини тўғрисида»ги Низом бу иш билан шуғулланишни истовчилар учун кенг имконият яратиб берди. Нима учун ҳозиргача ҳеч ким бу фаолият билан шуғулланмаётганини билмайман... аммо бу ерда, ҳозирги кунда КТМ қуввати 25 фоиздан сал кўпроқ юкламага эга... (бу бизга зарарсиз нуқтада тутиб турибди). Яъни, агар «иқтисод» тили билан айтадиган бўлсак, бозорда таклиф этилаётгани биттагина КТМ ҳам талабдан бир неча бор юқори ва бу яхши даромадни ваъда қилмайди. Менимча, айнан шу бошқа тадбиркорларни тўхтатиб турибди.
Тўртинчидан, фикримча, ҳаттоки бутун дунёда ҳам ДХШ концепцияси, агар давлат бирор ДХШ фаолиятини бошқаришни истаса киритилади (нархни ўрганиш ҳақидаги саволлар ҳам) ва бу ДХШни хоҳласа-хоҳламаса монопол кўринишда фаолият олиб боришга мажбур қилади. Бизнинг ҳолатда бу айнан шундай. Фактлар қуйида:
субеъктларнинг кўпайиши уларнинг Агентлик томонидан бошқарилиш имкониятларини қийинлаштиради ва бу ўз-ўзидан коррупцион хатар ошишига олиб келади;
турли усуллар ва методлар ёрдамида корейс тили бўйича билимларни текширувчи кўплаб компанияларнинг ташкил этилиши ягона баҳолаш тизимини жорий этишда қийинчилик туғдиради. Агентлик қандай қилиб ва қайси йўл билан турли усуллар воситасида олинган тестларни ягона рейтингга йиға олади?
«Нархчи?» сизнинг саволингизни кўра олаяпман... биринчидан, агар сиз  бошқа аналогик тестлар (рус тили, IELTS, TOEFL, TOPIK, EPS TOPIK ва бошқалар) ва бизнинг нархларни солиштирсангиз, бизнинг нархлар (87500) анча арзон эканини кўрасиз. Шунингдек бизнинг нархлар Агентлик билан келишувдан кейин белгиланишини унутманг.
Хулоса: журналистик фаолият этикаси ҳақида қисқача
Мен ҳар доим журналистларнинг тўртинчи ҳокимият вакиллари сифатида ўз ишларига маъсулиятли ва виждонан ишга ёндошуви замонавий жамиятимиз ривожи ва унинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблаганман. Ва шунинг учун, менимча, журналист ўзи олаётган ва тарқатаётган ахборотга синчковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндошиши шарт. Бироқ ... «сариқ» журналистлар ҳам борки, улар ҳақиқат ортидан эмас, «ўзларининг ишончли манбаларидан» олган маълумотларини текшириб ўтирмай, шов-шувга, ўз «ижодкорликлари» билан кимнидир ёмонотлиқ қилишлари мумкинлигини ўйламай (ўйлашни хоҳламай), баъзида яхши инсонларнинг ҳам ҳаётини остин-устун қилиб, материал тайёрлашади. Шу билан бир қаторда, қизиқарли йўналишдаги «сариқ матбуот» ҳам борки, қайсики ўзининг «сариқлигини» очиқ тан оладиган ва шунинг учун кечириладиган, ҳеч ким уларни жиддий қабул қилмайди. Аммо, жиддий, ўзларини «Озодлик оловини тутиб турган Прометейлар» деб атайдиган ва ҳурматга сазовор давлатнинг солиқ тўловчилари ҳисобидан молиялаштириладиган нашриётнинг сариқ матбуот билан бир даражага тушиши - бу жиддий касаллик симптомларидан бири... Сиз албатта, ўз мақолангизда «манбаларингиздан» иқтибос келтирганингизни айтишингиз мумкин ва уларнинг фикрлари «таҳририят фикрлари билан мос келмаслигини» ҳам таъкидларсиз... аммо келинг ёш болаларча иш тутмайлик... ўзини ҳурмат қиладиган журналист ҳеч қачон «миш-мишчи кампирларнинг» дом олдида, писта чақиб айтиб берган миш-мишларидан хабар ясамайди.
Умид қиламанки, сиз каби ўзини хурмат қилувчи таҳририят чуқурроқ изланишдан қочмайди ва ўзингиз айтмоқчи «корейс иши» бўйича деталларга обьектив ёндошади. Ва сиз берган мақолангиз бўйича раддия беришга ҳамда узр сўрашга куч ва виждон топишингиздан ҳам умидворман.
P.S. Мен юқорида эслатиб ўтган ҳужжатларни, уларнинг кўпини чоп этишга ҳуқуқим йўқлиги важидан атайин чоп этмаяпман. Мен ўйлайманки, сиз уларни очиқ ёки ўз манбаларингиздан осон топасиз. Агар сиз буларнинг барига шахсан  ишонч ҳосил қилишни истасангиз, мен шу ердаман, қочиб кетганим йўқ, келинг кўрсатаман.
Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг