Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекэнерго»: Мамлакатимизда 1,8 миллиард кВт.соат электрни тежаш мумкин

«Ўзбекэнерго»: Мамлакатимизда 1,8 миллиард кВт.соат электрни тежаш мумкин

Фото: «Ўзбекэнерго» матбуот анжумани

Халқаро энергетика агентлигининг маълумотига кўра, ҳозирда жаҳонда 1,3 миллиардга яқин аҳоли электр энергия билан таъминланмаган. 2,6 миллиард одам овқат тайёрлаш учун анъанавий ёқилғи – ўтин, кўмир ва бошқалардан фойдаланади. 2035 йилга бориб жаҳонда энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши таҳмин қилинмоқда. Бу ҳақда «2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор возифалар» мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул», – дейди «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – «Мисол учун, бугун аҳоли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, токдан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлса-да, ток линиясига уланган ҳолда турса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт.соат, йилига 18 кВт.соат  энергия сарфлайди. Шу боис мамлакатимизда ҳам хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда».

Анжуманда таъкидланишича, ҳозирда юртимиздаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт.соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича 1,8 миллиард кВт. соатга айланади. Ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин.

«Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Мисол учун, 1 кВт.соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади», – дея қўшимча қилади Мустафоев. – «Демак, ҳар бир истеъмолчи хонадонида электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади. Шунингдек, истеъмолчини ортиқча маблағ сарфлашдан ҳам асрайди. Иқтисод қилинган маблағ жамғариб борилса, рўзғорнинг қанча кам-кўстини тўлдириш мумкин».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг