Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекэнерго» Қирғизистондан қанча миқдорда электр энергияси олиб келинишига ва бошқа саволларга ойдинлик киритди

«Ўзбекэнерго» Қирғизистондан қанча миқдорда электр энергияси олиб келинишига ва бошқа саволларга ойдинлик киритди

Фото: «Спутник»

Бугунги кунда электр энергияси масаласи анча болзарб бўлиб қолди. Айниқса, қиш-қировли кунларда қишлоқ аҳолиси бу муаммодан жуда азият чекади, шаҳарликларга у қадар билинавермайди. Электр энергияси билан боғлиқ муаммолар, истиқболдаги режалар ва қилинаётган реал ишлар ҳақидаги саволларимизга «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Р.Райимов жавоб берди.

— Ҳозирги кунда умумий энергия таъминотида муқобил энергиянинг улуши қанчани ташкил этади?

— Айни пайтда республикамиз бўйича ҳар йили ГЭСлар, иссиқлик электр станциялари ҳамда блокстанциялар орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади. Келгусида муқобил энергия орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.

— Қишки мавсумда электр таъминотида узилиш бўлмаслиги учун Туркманистон ва Қирғизистондан электр энергияси сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди, деб эшитдик. Яна қайси давлатлар билан шу мазмундаги шартномалар бор? Бу шартномаларнинг қиймати, етказиб бериладиган электр миқдори ҳақида маълумот берсангиз?

— Жорий йилнинг 20 декабридан эътиборан Қирғизистон Республикаси мамлакатимизга электр энергияси етказиб бера бошлади. Қирғизистон миллий электр тармоқлари томонидан тақдим қилинаётган ушбу ресурс миқдори ҳозирги вақтда 3,7 миллион кВт/соатни ташкил этиб, бу кўрсаткични босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилган.

Шу йилнинг 5 октябрида пойтахтимизда ўтказилган олий даражадаги Ўзбекистон — Қирғизистон мулоқоти доирасида 2017-2018 йилларда Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланди. Шартномага мувофиқ, шу йилнинг декабр ойидан 2018 йилнинг мартигача жами 550 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз Афғонистон Республикасига электр энергияси экспорт қилмоқда. Келгусида ушбу давлатга етказиб берилаётган электр энергияси миқдорини кўпайтириш мақсадида Сурхондарё вилоятида 500 киловолтли линия қуриш, шунингдек, Тожикистон ва Туркманистон энерготизими билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

— Бошқа давлатларнинг электр энергияси сотиб олинаётганда йўлда йўқотиладиган электр қуввати ҳам ҳисобга олинадими?

— Бошқа давлатларнинг электр энергияси сотиб олинаётганда йўлда йўқотиладиган электр қуввати ҳам ҳисобга олинади.

— Айни пайтда Ўзбекистонда ялпи энергия истеъмоли қанчани ташкил этади? Шунинг қанча қисми ички имкониятлардан қопланадию, қанчаси четдан сотиб олинади?

— Республика истеъмолчиларининг 2017 йилда электр энергияси истеъмоли 60,1 млрд.кВт/соатни ташкил этди. Жорий йилда Қирғизистон Республика энерготизимидан жами 1,2 млрд. кВт/соат қабул қилиниши кутилмоқда.

 

Қишлоқларда чироқ ўчирилиши ҳақидаги саволларга ҳам мазкур компания раҳбарияти жавоб йўллаган. Яқин кунларда уни ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг