Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига 173-давлат бўлиб қўшилди

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига 173-давлат бўлиб қўшилди

Фото: «www.iom.int»

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) - БМТ Миграция агентлиги Кенгашининг Женева шаҳрида очилган 109-сессиясида овоз бериш натижасида Ўзбекистон Республикасининг МХТга аъзо бўлиш тўғрисидаги мурожаати қўллаб-қувватланди.

МХТнинг янги Бош директори Антонио Виторино: «МХТ оиласига қўшилгани билан Ўзбекистонни юқори мамнуният ила қутлайман», деб эълон қилди, - «Мамлакатингиз жаҳоннинг энг қадимий ва энг гуркираган савдо йўллари ўтган гўшаларидан биридир, шу сабаб ҳудудингиздан мусофирлар кўҳна даврлардан бери ўтиб борганлар. Ташкилотнинг Бош директори сифатида бу менинг илк бор аъзо давлатни қутлашимдир ва бошқа аъзоларни ҳам қутлаш имконияти бўлишига умид қиламан».

Ўзбекистоннинг МХТга қўшилиши тўғрисидаги масала Кенгаш сессиясининг кун тартибига Ўзбекистон ҳукуматининг мурожаатига биноан киритилган. Сессия ишида мамлакат номидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги МХТга қўшилган сўнгги давлат бўлди.

«Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган ва одам савдосидан жабрланган шахслар ҳамда ёрдамга муҳтож мигрантларга ёрдам бериш асносида, 2003-йилда бошланган. 2015-йилдан бери ҳамкорлигимиз жадал суръатларда ривожланиб борди, натижада шу кунга қадар иккита Қўшма иш режалари бажарилди ва бу йил 2018-2019-йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик йўл харитаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланди»,-дейди МХТнинг Марказий Осиё бўйича Субминтақавий координатори, Миссия раҳбари Деян Кесерович.

«Ўзбекистон Республикаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадошдир. Деярли 33 миллион аҳолига эга ушбу мамлакат, минтақадаги аҳолиси энг кўп мамлакат бўлиши баробарида, мигрантлар келиб чиқиш сони бўйича ҳам етакчидир. Эндиликда чегараларнинг очилиши муносаба ти билан, у қўшни мамлакатлардан келаётган мигрантлар учун транзит ҳудудга ҳам айланиб бормоқда. Мамлакат иқтисодиётининг юқори кўрсаткичларда ўсиб бораётгани натижасида, Ўзбекистон мигрантлар учун манзил давлатга ҳам айланиши мумкин», -дейилади ташкилот хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг