Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари халқаро мусобақада иштирок этади

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари халқаро мусобақада иштирок этади

Фото: Мудофаа вазирли матбуот хизмати

Жорий йилнинг апрель ойидан сентябрь ойига қадар МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари доирасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу нуфузли мусобақалар ҳарбий-амалий спортнинг 7 та турини ўз ичига олган бўлиб, «Армия қўл жанги» йўналиши бўйича чемпионат биринчи маротаба шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, «Командирлик стартлари», «Спорт ориентирланиши» ва «Тоғ уч кураши» мусобақалари апрель ва октябрь ойларида Россия Федерациясида, «Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси» июнь ойида Белорусь Республикасида, «Офицерлар уч кураши» ва «МП-3 ва КА-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш» август ойида Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, ҳарбий-спорт турлари бўйича босқичма-босқич саралашдан ўтган ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган чемпионатда қатнашди.

Фото: Мудофаа вазирли матбуот хизмати

Яқинда Самарқанд шаҳридаги Қуролли кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида ҳарбий хизматчилар ўртасида «кўп кураш ҳарбий спорт комплекси» тури бўйича Мудофаа вазирлиги миқёсидаги чемпионат бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада ҳарбий қисм ва муассасалардан 30га яқин жамоалар ўзаро беллашди. Унда ҳар бир жамоадан 5 кишидан иборат гуруҳ таркиби (1 нафар мураббий ва 4 ҳарбий хизматчи) иштирок этди. Синов шартларига кўра, ҳарбий хизматчилар якка ва жамоа таркибида 100 ва 3000 метрга югуриш, турникда тортиниш ҳамда ягона тўсиқлар йўлагида бажариладиган умумий назорат машқларини бажарди. Ҳар бир жамоадан 3 нафар иштирокчининг энг юқори натижаси инобатга олиниб, якунда жамоанинг умумий баҳоси белгиланди. Чемпионат ғолиблари Мудофаа вазирлиги терма жамоаси таркибидан ўрин олди.

2017 йилда халқаро мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари кузатувчи сифатида иштирок этган бўлса, жорий йилда эса биринчи маротаба МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳалқаро мусобақада иштирок этади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан подполковник Баҳодир Тухтаназаров, Зокир Хазиев, майорлар Мадиёр Саидов, Шерзод Рашидов, капитанлар Аваз Усмонов, Бахтиёр Мадаминов, Одилбек Юлдашев, Ҳусниддин Элмуродовлар шу йилнинг 16-20 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ҳарбий-амалий спорт турининг «Командирлик стартлари» йўналиши бўйича иштирок этади. Жамоа 2018 йилнинг 15 апрель куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Россия Федерациясига йўл олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг