Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари биринчи бор Халқаро олимпиаданинг финал босқичида иштирок этади

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари биринчи бор Халқаро олимпиаданинг финал босқичида иштирок этади

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳарбий таълим соҳасидаги халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари илк бор курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг финал босқичида иштирок этади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Олимпиаданинг биринчи босқичи Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида ўтказилган эди, мазкур босқич ғолиблари эса ҳарбий билим юртлари жамоалари ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги босқичда иштирок этганди.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари жамоалари ўртасида ўтказилган Халқаро олимпиаданинг иккала босқичида ҳам ғолиб чиққанлар учинчи – финал босқичига йўл олди.

2017 йилда беллашувларда Россия мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари, илмий роталар, ҳарбий таълим марказлари ва ҳарбий кафедралар, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар – Озарбайжон, Белорус Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатларнинг ҳарбий билим юртларидан жами 44 жамоа таркибида 176 нафар курсант иштирок этган эди. Ўтган йили Халқаро олимпиадада кузатувчи сифатида қатнашган Ўзбекистон вакиллари жорий йилда унинг тўлақонли иштирокчисига айланди. Мусобақада Ўзбекистон шарафини 26 нафар курсант ҳимоя қилмоқда.

Ўзбекистонлик курсантлар қуйидаги йўналишлар бўйича иштирок этмоқда:

– Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари чет тили бўйича – 26-30 март кунлари Ҳарбий-спорт лицейида (Ереван шаҳри, Арманистон);

– Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари математика бўйича – 2-6 апрель кунлари Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида (Олмаота шаҳри, Қозоғистон);

– Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети курсантлари информатика бўйича – 16-20 апрель кунлари Моддий-техника таъминоти ҳарбий академиясида (Санкт-Петербург шаҳри, Россия);

– Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳарбий тарих бўйича – 23-27 апрель кунлари Белорус Ресубликаси Ҳарбий академиясида (Минск шаҳри, Белорус);

– Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳарбий-профессионал тайёргалик бўйича – 14-19 май кунлари Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида (Москва шаҳри, Россия).
Таъкидлаш жоизки, курсантлар ўртасида Халқаро олимпиадани ўтказишдан мақсад – МДҲ давлатларининг армиялари ўртасидаги дўстлик ва хамжиҳатлик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Олий ўқув юртлари курсантлари ўртасидаги Халқаро олимпиада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо-мамлакатларнинг Мудофаа вазирликлари кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги низомига мувофиқ ўтказиб келинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг