Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистон почтаси»нинг янги раҳбари: «Мен нима қилишни яхши биламан»

«Ўзбекистон почтаси»нинг янги раҳбари: «Мен нима қилишни яхши биламан»

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзбекистон почтаси» АЖ  акциядорларининг 2018 йил 4 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида Евгений Владимирович Биргерни жамият бош директори лавозимига тайинлаш қарори тасдиқланди.

Аввалроқ, 2018 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори лавозимига тайинланган Евгений Биргерни жамоага таништирганди.

Почта алоқаси соҳасининг нуфузли мутахассиси

Вазир жамоага мурожаат қилиб, Евгений Биргернинг почтачилар оиласида туғилгани, почта алоқаси соҳасида энг нуфузли мутахассислардан бири эканлигини таъкидлади.

Евгений Биргер 1982 йилда Москвадаги алоқа электротехника институтини битирган, иқтисод фанлари номзоди.

1999 йилга қадар почта соҳасида раҳбарлик лавозимларида, шу жумладан «Посылторг» бирлашмасида ишлаган.

Сўнгра 5 йил давомида Россия федерал почта алоқасининг энг юқори раҳбарларидан бири бўлган.

Почта алоқасига оид кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шу жумладан Россиянинг «Почта алоқаси тўғрисида»ги федерал қонуни  ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилган.

Охирги йилларда ҳокимият органлари учун таҳлилчи ва маслаҳатчи сифатида, шу жумладан меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш борасида фаолият кўрсатиб келган.

«Евгений Владимирович бир неча ой мобайнида маслаҳатчи сифатида бизга анча ёрдам бериб келаяпти. Почта соҳасида муҳим ижобий ўзгаришларни акс этган Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этмоқда», — дея эътироф этди вазир.

Почта давлат бюджетининг муҳим донори бўлади

Евгений Биргернинг 2018 йил 22 май куни бўлиб ўтган #MITCROADMAP2018 анжуманида қилган маърузаси ҳам ушбу масалаларни ёритишга бағишланган эди. У анжуманда почта соҳасига давлатнинг муҳим институти дея таъриф берди. 

Бундай ёндашувнинг амалга оширилиши натижасида почтанинг жамият ва давлат ҳаётига интеграцияси туфайли барча соҳаларга унинг кучли ва кўпқиррали таъсирини, почта давлат бюджетининг муҳим донори бўлишини ҳам кузатиш мумкин бўлади. 

Концепция таркибида, айниқса, почтани рақамли экотизимга айлантириш борасида мутлақо инновацион ёндашув ўрин олган.

Режалаштирилган ўзгаришлар ҳаётимизнинг деярли барча соҳасига таъсир кўрсатиши туфайли уларни амалга ошириш кенг доирадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ жиддий меҳнатни талаб қилади.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда ўзгаришлар концепцияси муаллифи Евгений Биргерга шу жараёнга ўзи раҳбарлик қилиш таклиф қилинди.

Ўзгаришларни амалга ошириш учун — 5 йил

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Даврон Исмаилов вазирлик ва миллий оператор бир жамоа бўлиб ишлашини, почта тизимини ислоҳ қилиш учун бошқа давлатларга 10-15 йил керак бўлганини, лекин  «Ўзбекистон почтаси» учун 80 фоиз ўзгаришларни кўпи билан 5 йил ичида амалга ошириш вазифаси турганини таъкидлади. 

«Рақобатбардош иш ҳақини тўлаш даражасига етмасак, режаларни амалга оширишда ҳамкорсиз қоламиз»

Ўзбекистон почтачиларига мурожаат қилар экан, Евгений Биргер қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

— Бу таклифни алоҳида туйғулар билан қабул қилмоқдаман: бир томондан, республика почта соҳаси инқирозининг жиддийлигини ва шунга яраша масъулиятни англаган ҳолда, бошқа томондан, мен ва кўплаб ҳамкасбларим кучини сарфлаган ривожланиш концепциясининг қўллаб-қувватлангани, энг юқори поғоналарда ишонч билдирилгани билан боғлиқ оптимистик кайфият туфайли.

Аввало  жамият ва давлат учун  почтанинг моҳиятини тўғри кўрсата билиш ўта муҳимдир, чунки 1991 йилдан бери почтанинг институционал вазифаси билан боғлиқ тушунча йўқотилди ва натижада почта жамият ва давлат ҳаётига суст интеграция қилинди. Бу барча собиқ иттифоқ давлатларида умумий ҳолатга айланган эди.

Бу борада интернет почтанинг муқобили ёки ҳатто унинг душмани деган нотўғри ёндашув катта таъсир ўтказди. Аслида эса бу икки умумжаҳон коммуникация тармоқлари бугунги кунда бирлашиш жараёнига қадам қўйган бўлиб, яқин келажакда бирлашган глобал кўп функционалли коммуникация тизимига айланади. Бу ўзгаришларга миллий почтаниг ҳозирлигини кўриш ва тегишли ахборот инфратузилмасини яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Бошқа долзарб масалалардан бири миллий почта хизматининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгилаб олишдир. Жаҳон почта конвенциясида акс этган давлат мажбуриятларини бажарган ҳолда почта нормативлар асосида барча аҳоли пунктларида ижтимоий жиҳатдан қулай ва тартибга келтирилган давлат тарифларига мувофиқ универсал хизматларни кўрсатиши лозим.

Ушбу шароитларда кўрсатиладиган фаолиятни ҳеч ҳам тижорат деб қабул қилиб бўлмайди. Шу сабаб почта хизмати учун акциядорлик жамияти шакли мақбул эмас. Принципиал равишда бу гап дунёнинг ҳар қандай давлатига тааллуқли. Бугунги кунда тижоратлаштириш билан боғлиқ умидлар асосида почтани акциядорлик ташкилотига айлантирган айрим ғарб давлатларида почтани сақлаб қолиш масалалари кескин муҳокама қилинмоқда.  

Лекин ҳуқуқий ва ижтимоий тизимлари жон бошига йилига юзлаб жўнатмалар юборилишини таъминлайдиган фаровон давлатларда почта ҳолати деярли мустаҳкам. Аксинча, йилига жон бошига бирдан ўттизтагача жўнатмалар келадиган айрим давлатларда, масалан собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатларда почтанинг молиявий ҳолати почта олдида турган вазифалар тўлиқ бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда. 

Миллий почта оператори қонунчилик ташаббуси субъекти бўлмаганлигига қарамасдан биз нафақат почта алоқаси, балки телекоммуникациялар, электрон ҳужжат айирбошлаш, давлат-хусусий сектор шериклигига оид ва бошқа янги қонунчиликни ишлаб чиқишда фаол қатнашишимиз  керак бўлади.

Юқорида вазир қайд этган Ўзбекистон Президентининг қарорини тайёрлашда биз қизғин иш олиб бораётганимиз бу жараённи бошлаб юборишга кўмаклашиши керак. Ушбу қарорда тезкор инқирозга қарши, шу билан бирга почта ходимларининг шароитини яхшилаш билан боғлиқ  чора-тадбирлар ўз аксини топган.

Почтачилар учун муносиб шароит яратиб бериш муҳим аҳамиятга молик вазифадир. Рақобатбардош иш ҳақини тўлаш даражасига етмасак, буюк режаларни амалга оширишда ҳамкорсиз қоламиз. Энг муҳими, почта анъаналари ҳануз ардоқлаб келинмоқда ва Ўзбекистон почтаси ходимлар сонини мажбурий тарзда қисқартирган бўлса-да, собиқ иттифоқнинг кўплаб давлатларидан фарқли равишда ўзининг юқори малакали мутахассислари ва фахрий почтачиларини сақлаб қолган.

Почтачилар ҳамиша алоҳида корпоратив жамоа бўлиб келган. Буни бошқа касблар вакилларига тушунтириш амри маҳолдир, лекин авваллари биз одамлар почтада ишлайди деб эмас, улар почта билан ҳаётдирлар деб айтишимиз мумкин эди. Биргаликда почтачи касбининг нуфузини тиклашда ва почта ходимининг ижтимоий мавқеини кўтаришда сизлар ёрдамингизни аямайсиз деб умид қиламан.

Алоҳида эътибор бебаҳо билим ва тажрибага эга соҳа ветеранлари ҳамда пенсионерларига берилади. Узоқ муддат давомида биз уларга энг масъулиятли ва ишончли ходимлар сифатида таянамиз, ишлаб келаётган пенсионерларга керакли шароитларни яратиб берамиз. Соҳани тарк этган ходимларни эса ҳар қандай шарт асосида, яъни тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси бўладими, ишга таклиф қиламиз. Буларни амалга ошириш иш ҳақи фондини кўпайтириш билан боғлиқ бўлади. Тажриба узлуксизлигини таъминлаш ва энг муҳими – почта ишининг корпоратив руҳини сақлашда уларнинг роли беқиёс.

Олдимизда кенг қамровли ишлар турибди ва енгил ечимлар мавжуд эмас. Лекин натижа ҳам ўзига хос бўлади: давлат ва жамият ҳозирги кунда нафақат фойдаланмайдиган, балки мавжудлигини сезмаётган муҳим маъмурий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ресурсга эга бўлади.

Бугун Ўзбекистонда ушбу натижаларни қўлга киритиш учун яхши шароитлар бор: давлат раҳбарияти кенг ривожланишни мақсад қилиб қўйган, почтани ривожлантириш вазирнинг диққат марказида турибди.

Мен нима қилишни яхши биламан ва асосли равишда Ўзбекистоннинг янги почтаси нафақат ривожланган инфратузилмага айланади, балки давлатнинг институционал ривожига ўз ҳиссасини қўшади деб умид қиламан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг