Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон «Путешествуй!» халқаро туризм форумида қатнашмоқда (фото)

Ўзбекистон «Путешествуй!» халқаро туризм форумида қатнашмоқда (фото)

Жорий йилнинг 4–7-август кунлари Москва шаҳрида ВДНХ Саноат майдонида Ўзбекистон ҳамкор мамлакат сифатида иштирок этаётган «Путешествуй!» Халқаро сайёҳлик форуми бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбир Росконгресс фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Uzbekistan Airways» Миллий авиакомпанияси ҳамда «Миллий ПР-маркази» ДУК кўмагида ташкил этилди.

Форумда Россия туризм федерал агентлиги (Ростуризм) раҳбар ўринбосари Елена Лисенкова, Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Aсадов, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги миллий ПР маркази Давлат унитар корхонаси директори Дилфуза Самандаровалар ҳам иштирок этмоқда.

«Бу павилонни кўриб, худди Ўзбекистонга саёҳат қилгандек бўлдим. Ўзига хос анъаналарингиз, манзараларингиз билан Форумга ўзгача муҳит бағишлаганингиздан мамнунмиз, – деди Елена Лисенкова. – Ўзбекистон туризм соҳасида юқори салоҳиятга эга давлатлардан ҳисобланади. Биз туризмнинг ҳар бир йўналиши бўйича ҳамкорлик қилишга оид режалар тузганмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узоқ ва самарали бўлишига ишонамиз. Бугунги форум ҳам бунинг яққол тасдиғидир».

Форумнинг асосий ташкилотчиси – «Росконгресс» директори ўринбосари Владимир Затинайко ушбу форумдаги иштирок ва ҳамкорлик учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Тадбир доирасида ўзбек палови тарқатилди. Шу билан бирга, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам намойиш қилинди. Бу эса маҳаллий аҳолининг катта қизиқишига сабаб бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Форумда Ўзбекистон делегацияси бир вақтнинг ўзида иккита стендни тақдим этмоқда: бизнес стенд ва мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган стенд.

55-павильонда жойлашган бизнес-стендда барча мавсумларда фаолият юритувчи жаҳон миқёсидаги «Amirsoy Resort» тоғ курорти, янги «Silk Road Samarkand» сайёҳлик мажмуаси, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети, шунингдек, сайёҳлик компаниялари ҳақида маълумотлар берилган.

Ўз навбатида, 55-павильонга туташ ҳудудда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган стенд жойлаштирилади. Бу йерда Ўзбекистон делегацияси томонидан ҳунармандларнинг ишлари, Ўзбекистон миллий таомлари, туризмнинг ҳар хил турлари бўйича маълумотлар тақдим этилади, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган виноларни татиб кўриш ва ҳунармандчилик буюмларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади.

Тадбирда замонавий туризм саноатининг кўплаб турлари, айнан тарихий, этнографик, экстремал, спорт, гастрономик, зиёрат саёҳатлари ва Ўзбекистонда бугунги кунда нафақат арзон ва қулай бўлган, балки жуда оммалашган бошқа кўплаб саёҳат турлари намойиш қилинади. Шунингдек, «Uzbekistan Airways» Миллий авиакомпаниясининг Россия шаҳарларидан амалга оширилаётган рейслари ҳақида ҳам маълумотлар берилади.

Ҳеч кимга сир эмаски, айни вақтда Ўзбекистонда туризм жадал ривожланмоқда: бу йил мамлакатга россиялик туристларнинг ташрифи кўлами рекорд даражага етди. Самарқанддаги Регистон майдони, Хивадаги Ичан-қалъа мажмуаси, Бухоронинг Эски шаҳри, Тошкентдаги собиқ иттифоқ модернизми ёдгорликлари – булар Ипак йўлидаги энг машҳур диққатга сазовор жойлардир. Форумда меҳмонлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари – таътилни максимал қулайликда ўтказиш имконини берувчи жадал ривожланаётган сайёҳлик инфратузилмаси ҳамда шарқона меъморчилик дурдоналари билан уйғунлашган қадимий маданиятнинг ҳақиқий воҳаси ҳақида маълумот олишлари мумкин.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг