Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 1,5 минг нафардан ортиқ мансадбор шахс коррупцияда айбланмоқда

Ўзбекистонда 1,5 минг нафардан ортиқ мансадбор шахс коррупцияда айбланмоқда

Ўзбекистонда пора олиш, бериш ва олиш-беришда воситачилик қилиш 13 фоизга камайган.

Фото: «Аzernews.az»

Ўзбекистонда 2017 йилнинг биринчи ярим йили давомида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 1566 нафар мансабдор шахсга нисбатан 1130 та жиноий иш қўзғатилган. Бундай рақамлар коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссияси томонидан тайёрланган таҳлилий ҳисоботида қайд этилган, дейилади «Спутник» хабарида.

Суд органларига 1442 нафар мансабдор шахсга нисбатан 954 та жиноят ишлари юборилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23 фоизга, қўзғатилган жиноий ишлар сони эса 22 фоизга камайган. Шунингдек, коррупция жиноятлари натижасида етказилган зарарнинг 77 фоизи ундириб олинган.

Коррупцияга алоқадор бўлган жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, бу турдаги барча жиноятлар сони камайган. Жумладан, Жиноят кодексининг 207-моддаси мансабга совуққонлик билан қараш — 39 фоизга, 209-моддаси мансаб сохтакорлиги — 38 фоизга, 167-моддаси ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — 37 фоизга, 205-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 35 фоизга, 206-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш — 31 фоизга, 210-212-моддалари пора олиш, бериш ва олиш-беришда воситачилик қилиш — 13 фоизга камайган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра мансабдор шахсларга мажбурий тартибда ҳар йили мол-мулки тўғрисида декларация, даромад ва харажатлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, оила аъзолари — ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари даромадлари ва харажатлари ҳақида маълумотлар тақдим этиш мажбуриятини юклатиш назарда тутилган.

Агарда давлат хизматчиси ўз даромадлари ва мол-мулки, шунингдек, оила аъзоларига тегишли даромад ва мол-мулклари ҳақида нотўғри маълумот тақдим этган ҳолларда, ушбу мансабдор шахс ишдан бўшатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг