Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда маиший чиқинди учун 5 турда алоҳида белгили контейнер ўрнатилади

Ўзбекистонда маиший чиқинди учун 5 турда алоҳида белгили контейнер ўрнатилади

Фото: «Google.com»

2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4291, 17.04.2019 й.) Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди. Унга кўра маиший чиқиндиларни замонавий услубда қайта ишлашга эътибор қаратилади.

Қарор билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизими яратилади.

Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат ташкилотлари учун 57 та янги автопарк қурилади ва 44 та автопарк таъмирланади.

2022 йилдан 2025 йилгача шаҳарларнинг кўп қаватли турар жой секторида 5 турдаги алоҳида белгили контейнерлар ўрнатиш асосида қаттиқ маиший чиқиндилар саралаб йиғилади.

Ободонлаштириш объектларида «Тоза шаҳарда баҳор» ва «Тоза шаҳарда куз» ёшлар акциялари, Бутунжаҳон атроф муҳит кунига бағишланган «Тоза шаҳар» экологик акциялари ўтказилади.

«Ифлослантирувчи тўлайди» Стратегиянинг асосий принципларидан биридир. Унга мувофиқ, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилган.

Стратегияни амалга ошириш учун жами 2 млрд 188 млн 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади.

Стратегия қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
биринчи босқич (2019-2021 йиллар) – қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш;
иккинчи босқич (2022-2028 йиллар) – қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш.

Иккинчи босқичда қуйидагиларга эришиш белгиланган:
аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш;
ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш;
ўзига хос қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 25 фоизгача ошириш;
полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60 фоизгача камайтириш;
ёпилган полигон ерларини тўлиқ рекультивация қилиш;
қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларида муқобил энергия манбаларидан 35 фоизгача фойдаланиш;
полигонлар ҳолати мониторингини (ер ости (сизот) сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолати устидан назорат) 100 фоизгача таъминлаш.

Қарор билан Стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади.

Кўп квартирали турар-жой секторларида қаттиқ маиший чиқиндилар алоҳида олиб чиқиб кетиш бўйича чоралар кўрилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг