Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий этилади

Ўзбекистонда одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий этилади

Юртимизда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган Одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда эса бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда туради. Касалликлар орасида хавфлилик кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони хасталикларидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

Таъкидланишича, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқори бўлиб, уни олдини олиш учун самарадорлиги юқори ва хавфсиз бўлган одам папилломаси вируси вакцинаси билан эмлаш орқали бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг камайишига эришиш мумкин.

«Дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади, — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходими Камола Сафаева. — Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар  вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда. Шу ўринда, кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими,  деган савол қизиқтириши табиий. Дунёда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, ушбу  вакцина қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг соғлиғини ҳам  янада мустаҳкамлайди».

Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизга олиб келина бошлайди ва октябрь ойидан бошлаб 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг