Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонга йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг яширин олиб кирилиши фош қилинди

Ўзбекистонга йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг яширин олиб кирилиши фош қилинди

5 турдаги салкам 219 кг. пиротехника буюмлари яширинча олиб кирилгани фош бўлди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

Янги йил арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланиш кўламининг ортиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо, байрамга ярашмайдиган лаҳзалик «завқ» ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар содир бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда пиротехника буюмлари муомаласини лицензиялаш жорий этилган, дейилади Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати маълумотида.

Аммо, айрим фуқаролар қонунчиликда белгиланган ушбу нормаларни менсимай, янги йил яқинлашган сайин пиротехника воситаларини республикамизга олиб киришга уринишмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига доир бир қатор божхона қоидабузарликларини фош этишди. Хусусан, биргина 20 декабрнинг ўзида «Ғишткўприк» чегара-божхона комплексида 4та шу турдаги божхона қоидабузарлиги аниқланган.

Қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ж.Жўраев холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, 800 минг сўмлик 960 дона бенгал шамчироқларини курткаси остидан енгларига яшириб олиб киришга урингани фош бўлди.

Яна бири — фуқаро А.Жўраевнинг ҳам курткаси чўнтакларига яширилган ва оёғига ёпиштириб боғланган жами нархи 1 млн. сўмдан ортиқ бўлган 550 дона пақилдоқлар, 20 дона петарда ва 840 дона бенгал шамчироқларидан иборат пиротехника воситалари топилди.

Худди шу усулни қўллаб, яъни оёғининг болдир қисмига боғлаб олганча, пиротехника воситаларини олиб киришга уринган фуқаролар Б.Мамбетов ва С.Баймахаматовларга ҳам қинғир режалари наф бермади. Ушбу шахслар салкам 1,5 млн. сўмлик 1872 дона бенгал шамчироқларини яширинча олиб киришаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг яширин олиб кирилишига чек қўйилди.

«Оқкўприк» темир йўл станциясида қўшни давлатдан кириб келган юк поезди вагонларидан бири белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, юклар орасида 5 турдаги салкам 219 кг. пиротехника буюмлари яширинча олиб кирилгани фош бўлди.

Йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган ушбу товарларнинг умумий қиймати 38 млн. 640 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг